Пойтахт клубларининг 21 йиллик ҳукмронлиги давом этадими? Тошкентда дерби, Кападзе – Бердиев, Қосимов Бабаянга қарши

Йил давомида мухлисларга гоҳида чексиз қувонч, гоҳида эса аламли дамларни тақдим этган Суперлига-2022 баҳсларига бугун якун ясалади. Шанба куни мамлакатимиздаги 7та стадионда ўтадиган сўнгги тур ўйинларидан кейин мамлакат чемпиони, совриндорлари ва лигани тарк этадиган омадсиз чипта соҳиблари расман маълум бўлади. Йил давомидаги интрига бугун авжига чиқади – чемпионлик тақдирига ниҳоят ойдинлик киритилади. Бош соврин Тошкентда қоладими, Наманган ёки Қаршига йўл оладими соат 19:00да билиб оламиз.

Суперлигада сўнгги марта қачон ҳозиргидек чемпионлик интригаси пайдо бўлганини энг тажрибали мухлислар ҳам эслаши қийин. Сабаби охирги 10 йилликни олсак ҳам Ўзбекистон чемпиони номи одатда камида уч тур олдин аниқланган бўларди. Бу мавсум эса «Пахтакор», «Бунёдкор», «Локомотив»нинг олтин даврлари билан ўтган Тошкент клубларининг 21 йиллик ҳукмронлигига ниҳоят барҳам берилиши мумкин. Аввалдан тахмин қилинганидек, бу масала «Бунёдкор», «Олимпик» ёки ОКМКга боғлиқ бўлиши ҳеч гап эмас.

Чемпионлик масаласи «Бунёдкор» ва «Пахтакор» ўртасидаги учрашувда ҳал бўлиши эҳтимоли юқори. Максим Шацких шогирдлари «Насаф»нинг ўтган турда очко йўқотишидан фойдаланиб, пешқадамга айланиб олишди. «Бунёдкор» мағлуб этилса, «шерлар» амалдаги чемпионликни ўзларида сақлаб қолишади. Чемпионлик масаласи «Пахтакор»нинг ўз қўлида. Биргина ғалаба «Пахтакор» либосидаги юлдузчалари сонини 3тага етказади. Шундан ҳам ўйиннинг қадри қанчалик юқори экани англаш мумкин.

«Насаф» мухлислари учун эса бугун жамоанинг собиқ аъзоси, клуб сафида ОФК кубоги ғолибига айланган Иван Бошкович яна қаҳрамонга айланиши мумкин. Черногориялик мутахассис «Бунёдкор» бош мураббийи сифатида муваффақиятли одимини давом эттирмоқда. У 10 йил аввал «Насаф» билан эришмаган чемпионлигини бугун собиқ жамоасига олиб бериш имкониятига эга бўлади. Қолаверса, Намангандаги ўйиннинг натижаси ҳам муҳим аҳамият касб этади.

«Насаф» эса грандлар додини бераётган «Олимпик»га қарши саф тортади. Темур Кападзе бу мавсум на Бабаян, на Шацких, на Бердиевга ютқазди. «Олимпик» чемпионликка даъвогар уч клубдан ҳам очко тортиб олишга эришган ягона жамоа бўлди. Рўзиқул Бердиев «Нефтчи»га қарши аламли мағлубиятдан сўнг ниҳоят бу рақибни мағлуб этишга уринади. Аммо асосини «Пахтакор» тарбияланувчилари ташкил этадиган «Олимпик» мавсумни «Пахтакор» стадионида бошни эгик ҳолда якунлашни истамаслиги аниқ.

ПФЛ бугун чемпионлик кубогини Тошкентдан ташқари Наманганга ҳам юборгани бежизга эмас. «Навбаҳор» пойтахтдаги ўйинлардан қатъи назар, ОКМКни мағлуб этиш учун майдонга тушади. Сабаби «лочинлар»да 26 йиллик танаффусдан кейин чемпионликни боши узра кўтариш имконияти бор. Миржалол Қосимов биринчи даврадаги Олмалиқда учралган мағлубият учун Самвел Бабаян жамоасидан реванш олиш ўтида ёнаётгани аниқ. ОЧЛ йўлланмасини нақд қилган бу клублар ўртасидаги баҳс ҳам «ёниши» аниқ. Наманганда байрам бўлиши учун Тошкентдаги «Жар» ўйингоҳида қандай натижа қайд этилиши ҳам кузатилади.

Чемпионликдан ташқари, лигада қолиш интригаси ҳам сўнгги тургача давом этди. Бугун Суперлигани тарк этадиган иккинчи жамоа «Локомотив» бўладими ёки «Қўқон-1912» буни лига билан хайрлашишга улгурган «Динамо» ҳал қилиб беради. Ўтган турда «Сурхон»ни йирик ҳисобда мағлуб этган самарқандликлар бугун Қўқон клубини мағлуб этса, «Локомотив» эса «Металлург»дан устун келса, «Динамо» ўзи билан бирга «Қўқон-1912» жамоасини ҳам Про лигага тортади. «Локомотив» эса 12-ўрин соҳиби сифатида Про лиганинг 3-жамоасига қарши ўтиш ўйинида иштирок этиши мумкин. Даврон Файзиев жамоаси керакли натижага эришган тақдирда қўқонликлар лигада қолиш учун қўшнилари «Турон»га қарши саф тортади. Тасаввур қилинг, қўқонликлар собиқ устози Бахтиёр Ашурматов – Даврон Файзиевга қарши. Икки жамоа учун ҳам уй аренаси ҳисобланадиган Яйпанда. Даҳшат-а?!

Суперлига. 26-тур.

12 ноябрь, шанба

ДИНAМО — ҚЎҚОН-1912

Ҳакамлар: Темур Тўхтасинов, Aнвар Маражабов, Зиёдулло Aбдураҳмонов, Достон Раҳмонов

Назоратчи: Aрслан Хотамов

Комиссар: Владимир Назаров

БУНЁДКОР — ПAХТAКОР

Ҳакамлар: Aҳрол Рисқуллаев, Ҳусниддин Шодмонов, Шавкат Раҳматов, Султонмурод Aбдураҳмонов

ВAР ҳаками: Раҳимбек Каримов

AВAР ҳаками: Aндрей Сапенко

Назоратчи: Марат Исмоилов

Комиссар: Бекзод Aрипов

НЕФТЧИ — СУРХОН

Ҳакамлар: Иброҳим Исмоилов, Ришат Нугманов, Далер Искандеров, Aкмал Раҳимов

Назоратчи: Рамил Шаяхмитов

Комиссар: Онгар Жалимов

ЛОКОМОТИВ — МЕТAЛЛУРГ

Ҳакамлар: Рустам Нутфуллин, Шоҳнур Йўлдошев, Шоҳруҳ Aъзамов, Жалолиддин Ҳусниддинов

Назоратчи: Зокир Қодиров

Комиссар: Ойбек Юнусов

ОЛИМПИК — НAСAФ

Ҳакамлар: Aкобир Шукуруллаев, Обид Жумаев, Жасур Рустамов, Тўрабек Суюнов

Назоратчи: Маъмур Саидқосимов

Комиссар: Шоҳрух Саид

НAВБAҲОР — ОКМК

Ҳакамлар: Вадим Aгишев, Руслан Серазитдинов, Бахтиёрхўжа Шавкатов, Хушнуд Суюнбоев

ВAР ҳаками: Aзиз Aсимов

ВAР ҳаками: Темур Гайнуллин

Назоратчи: Рашид Aйтеков

Комиссар: Қудрат Мадраимов

ҚИЗИЛҚУМ — СЎҒДИЁНA

Ҳакамлар: Ҳусан Музаффаров, Бектурсин Канназаров, Жалгасбай Сарсенов, Жаҳонгир Норалиев

Назоратчи: Темур Aбдуллаев

Комиссар: Жамшид Имомов.

Суперлига сўнгги 26-тур анонси ва турнир жадвалидаги вазият:

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар