Ла лигада навбатдаги тур амалдаги чемпионнинг сенсацион равишда мағлубиятга учраши билан якунланди.
Райо Вальекано — Реал 3:2
Голлар: Комесанья (5), А.Гарсия (44), Трехо (67, пенальти) — Модрич (37, пенальти), Милитао (41).
Райо Вальекано – Димитриевски, Балиу, Лежен, Катена, Фран Гарсия, Трехо (Унаи Лопес, 71), Альваро Гарсия (Санчес, 88), Паласон (Чаваррия, 88), Комесанья (Сисс, 79), Оскар Валентин, Камельо (Фалькао, 88).
Реал – Куртуа, Карвахаль (Васкес, 85), Алаба, Милитао, Менди (Начо, 85), Модрич (Мариано, 79), Вальверде, Тчуамени (Камавинга, 69), Асенсио, Винисиус, Родриго.
Огоҳлантиришлар: Катена (2), Винисиус (11), Трехо (48), Модрич (60), Карвахаль (65), Родриго (70), Балиу (87), Чаваррия (90+1), Васкес (90+9).
Испания топ-клублари сўнгги инқирозли ҳолатларга қандай реакция қилмоқда? «Барселона»дагилар Чемпионлар лигасини тарк этишганидан кейин фақат қишки трансфер кампанияси ҳақида гапиришмоқда. Лекин кўк-анорранглиларга яқин бўлган инсайдерларнинг ишонтиришича, еврокубокдан келадиган даромад қисқаргани маблағларни тежашга эмас, жамоа таркибида янги футболчилар пайдо бўлишига олиб келади.
«Реал»да сўнгги вақтлардаги муваффақиятсиз натижалардан кейин эса Карло Анчелотти қишки трансферлар ҳақидаги саволга худди бир йил олдинги каби жавоб қайтарди: «Бизда мавсум якунига қадар ўзгармайдиган таркиб бор».
Лекин айни вақтда Бенземага муқобил вариант йўқлиги муаммоси яққол кўриниб турибди. Гап фақат унинг голлари ва узатмаларида ҳам эмас, балки марказий ҳужумчининг жамоа ўйинига тизимли таъсирида, унинг доимий ҳаракатда бўлиши ва марказий ҳудудда катта ҳажмли иш бажаришида ҳамдир. Ушбу француз прессингда ўз амплуасида дунёдаги энг яхшилардан биридир.
Ҳозир эса «Олтин тўп» соҳибининг мушакларида муаммолар юзага келган. Бундай муаммо унда такрорланмоқда, аввалги сафар Бензема сентябр ойида уч ҳафтани ўтказиб юборганди. Октябрда икки пауза бўлди, у сафга қайтишидан кўп ўтмай яна жароҳатланди. Анчелотти форвард пайшанба куни «Кадис»га қарши ўйнаши мумкинлигини айтаётган бўлса-да, Франция терма жамоасидагилар Бензема ЖЧ-2022 стартига тайёр бўлишига ҳам шубҳа билан қарашмоқда.
Ёзда «Реал» штабида бундай ҳолатлар учун муқобил режа бўлганди, аммо Азарнинг «алдамчи тўққизлик» сифатидаги фаолияти барибир давом этмади, у яна сафдан чиқди. Шунинг учун энди Родригога умид боғланмоқда ва Анчелотти ҳатто ушбу бразилиялик марказий ҳужумчи роли учун жуда мос келишини айтмоқда.
Агар бу жиддий режа бўлса, ёш форвард «Реал»га келганидан буён позициясини иккинчи марта ўзгартиришига тўғри келади. «Сантос»да Родриго чап қанот ҳужумчиси бўлган, Мадридда эса бу позицияда Винисиус Жуниор борлиги учун ўнгга ўтганди. 21 ёшли футболчида қанот ҳужумчиси учун керак бўлган сифатлар -тезлик, техника ва эркин зоналарга очилиш қобилияти бор.
Аммо Родриго Бензема каби бўла олмайди, кучли прессинг уюштириб, ҳимоячиларни хато қилишга мажбурлай олмайди ва унинг жисмоний имкониятлари ва бўйи (174 см)дан келиб чиқилса, «иккинчи қават»даги голлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Яъни «жарима майдонига узатмалар» — бўш зоналар юзага келган яққол вазиятлар ҳисобга олинмаганда — «Реал»нинг қўшимча устунликларидан бири бўлмайди.
Стандарт вазиятлар истисно, бундай ҳолатда бўйдор марказий ҳимоячилар имкониятларидан фойдаланиш мумкин. Душанба кунги ўйинда ҳам бурчак зарбаси ижро этилганида Эдер Милитао барчадан баланд сакраб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиққанди. Бундан уч дақиқа олдин эса Асенсио жарима майдонида йиқилгач, арбитр видеотакрордан кейин пенальти белгилаган, Модрич дарвозабонга ҳеч қандай имконият қолдирмасдан, ҳисобни тенглаштирганди. «Реал» ўйиннинг бу қисмида ўзига ўхшаб ўйнаган, дастлаб қаймоқранглилар сценарийси бўйича кетмаётган ўйиннинг боришини ўзгартира олганди.
Афтидан, «Райо Вальекано»да ҳар бир гранд учун персонал рецепт бор. «Асаларилар»га қарши қаторасига уч ўйинда гол ура олмаган «Барселона»га қарши ҳимояда бетон ўрнатилади. «Реал» билан ўйинларда эса Андони Ираола жамоаси кучли рақибнинг кучсиз нуқталарига босим ўтказишга урғу қаратади. Масалан, майдон марказида Тшуамени идеал даражада эмас ва у камида ёшлиги учун ҳали Каземирога тўлақонли ўринбосар бўла олмайди.
Карвахал эса — унинг барча хизматлари ва фидокорлигига ҳурмат сақлаган ҳолда айтиш мумкинки, анчадан буён ишончли ҳимоячи намунаси эмас. Унинг бўлим охирида жарима майдонида ишончсиз ўйнаши туфайли Альваро Гарсия қаторасига учинчи ўйинда гол урди. Иккинчи бўлимда эса айнан шу ҳимоячи у қадар мураккаб бўлмаган вазиятда рақиб ҳимоясидан узатилган пасни тўса олмади ва жарима майдонига ёриб борган рақиб ҳужумчисига қаршилик кўрсатишда қўли билан ўйнади. Куртуа эса пенальтини қайтарди, аммо арбитр Трехога иккинчи уринишни тақдим этди - трансляцияга кўра, бунга икки сабаб бор. Биринчидан дарвозабон тўп тепилишидан олдин дарвоза чизиғидан олдинга чиққан, иккинчидан Карвахал жарима майдонига эрта кириб кетган ва айнан у дарвозабондан қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган.
Трехо иккинчи уринишда ҳисобни 3:2 кўринишига келтирди ва «Райо» бу ҳисобни ўйин охирига қадар тиш-тирноғи билан ҳимоя қилиб сақлаб қолди. Улар қандай ҳаракатланиш лозимлигини билишгани эвазига ғалабага эришди. Қарийб 100 дақиқа давом этган ўйинда Винисиус Жуниорнинг одатий ёриб киришлари кузатилмади. «Барселона» ва «Атлетико»га даҳшат солган Валверденинг ўзига хос зарбалари такрорланишига йўл қўйилмади. Захирадан ўйинга қўшилган Камавинга эса Кроос даражасига етишига ҳали бор, ўтган турда фаолиятида илк бор қизил карточка олиб, дисквалификацияга учраган немис футболчисининг йўқлиги билинди.
Бенземасиз таркибда халоскор топилмаяпти, мавсумнинг дастлабки қисмида бенуқсон кўринган «Реал» «Жирона» билан дуранг ва «Райо»га қарши фиаскодан кейин биринчи ўринни «Барселона»га топширди. Ўтган турда барчаси учун ҳакам балогардон қилинганди. Ҳозир ҳам бу мавзуда гапириш мумкин, аммо жамоа биринчи навбатда айбни ўзидан қидириши керак. Ва хатолар устида ишлаб, жаҳон чемпионатидан кейин «Барса»ни таъқиб қилишга киришиш керак.