07.11.2022 23:04
16069
Теглар
«Жамоалар бизга қарши икки ҳисса куч билан ўйнаяпти». Рўзиқул Бердиев «Насаф» Қаршида нега қийналаётгани ва рақибларга ваъда қилинаётган мукофот пули ҳақида

Суперлига 25-тури доирасидаги «Насаф» - «Нефтчи» (0:1) ўйинидан кейин қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев аламли мағлубият ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди. У шунингдек, жамоанинг чемпионлик имконияти, рақобатчиларнинг рақибларга мукофот пули таклиф қилиши ҳақидаги миш-мишларга тўхталди.

«Ўйин биз учун кутилмаган натижа билан тугади. Рақиб жамоа ҳимояга яхши эътибор қаратди. Бизга деярли имконият бермади. Икки бўлимда дарвозамиз томон икки марта боришди ва иккинчи қарши ҳужумда гол киритишди. Бу жуда ҳам оғир. Олдинги ўйинларда ҳам кўп очко йўқотганимиз жадвалга таъсир қилди. Олдинда яна битта тур бор, охирига етказамиз. Умуман оладиган бўлсак, мавсум биз учун ёмон ўтмади. Имкониятимиз камайиб кетди, аммо охиригача курашамиз. 

Ўзи кубокдаги ғолибликдан кейин руҳий тарафлама ҳам, жисмоний жиҳатдан ҳам тайёргарлигимиз меъёрида эмасди. Бу охирги икки ўйинда («Динамо» ва «Нефтчи») кўринди. Якунда бу сабаблар билан бугун мағлубиятга учрадик. 

Уйда яхши ўйнай олмаётганимиз доим айтилади, аммо негадир сафарда энг яхши мавсумни ўтказаётганимизни ҳеч ким айтмайди. Уйимизда кўп очко йўқотаётганимиз сабаби бор. Биз билан Қаршида ўйнаётган жамоалар кўпроқ ҳимоявий тактикани танлайди. Бизда эса ўйин тақдирини бир ўзи ҳал қиладиган ўйинчилар йўқ. Шу боис бундай пайтда доим қийналиб келганмиз, бугун ҳам шундай бўлди. 

Ҳакамлар? Мағлубиятга ўзимиз айбдормиз. Бошқа ҳеч кимни айблай олмаймиз.

«Насаф»ни мағлуб этиш учун рақобатчилар рақибларга мукофот пули таклиф қилаётгани ҳақидаги миш-мишларга қандай қарайман? Буни ҳеч ёмон тарафи йўқ. Бу кимга қандай мотивация берганини аниқ билмаймиз. Лекин ўзимиз ҳам узоқлардан бу ҳақда эшитаяпмиз. Олдин ҳам айтган эдим – жамоалар бизга қарши икки ҳисса куч билан, мотивация билан ўйнаяпти. Кўпроқ биз очко йўқотишимизни ўйлаб ўйнаяпти. Бу нарса балки бордир, буни аниқ билмаганим учун аниқ фикр билдиришим қийин», - дейди Рўзиқул Бердиев «Нефтчи» билан ўйиндан кейин.

Эслатиб ўтамиз, бу турга қадар пешқадам бўлган «Насаф» ушбу мағлубият сабабли турнир жадвалида 3-ўринга пастлади. Клуб сўнгги турни Қаршида «Олимпик»га қарши ўтказади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар