01.11.2022 14:30
9994
Теглар
Қатар-2022 жаҳон чемпионатига оз қолди – барча стадионларга саёҳат

20 ноябр куни жаҳон чемпионати бошланади, бунга жуда оз муддат қолди. Қатар ўз тарихидаги энг асосий спорт турнирини қабул қилишга чоғланмоқда. Ўйинларни ўтказиш учун 8 та арена тайёрлаб қўйилди. Уларнинг барчаси ушбу мақоламизда.

Ихчамлик – 2022 йилги жаҳон чемпионатининг энг асосий хусусияти деб айтишади ташкилотчилар. Дарҳақиқат, катта турнир деярли бир шаҳарда - мамлакат пойтахти Доҳада ўтказилади. Бир-биридан энг узоқда бўлган 2 та стадион орасидаги масофа 75 км ни ташкил қилади.

Агар Доҳа марказидан йўлга чиқилса, энг узоқдаги стадионгача бўлган масофа атиги 46 км. Жаҳон чемпионатининг очилиш ўйини «Ал-Байт» стадионида ўтказилади. Келинг, шундан бошлаймиз.

«Ал-Байт» стадиони

Очилган йил: 2021

Сиғими: 60 000 томошабин

ЖЧ-2022 ўйинлари:

Гуруҳ босқичи:

Қатар — Эквадор (20 ноябр, 21.00),

Марокаш — Сенегал (23 ноябр, 15.00),

Англия — АҚШ (25 ноябр, 23.59),

Испания — Германия (27 ноябр, 23.59),

Нидерландия — Қатар (29 ноябр, 20.00),

Коста-Рика — Германия (1 декабр, 23.59);

1/8 финал (4 декабр, 23.59);

1/4 финал (10 декабр, 23.59);

яримфинал (14 декабр, 23.59).

«Ал-Байт» 2022 йилги жаҳон чемпионатининг иккинчи энг муҳим стадионидир. Унда турнирнинг очилиш ўйини ҳамда яримфиналлардан бири ўтказилади. «Ал-Байт» Доҳа марказидан 46 км масофадаги «Ал-Хур» шаҳарчасида жойлашган ва бу Қатар пойтахтидан энг узоқдаги арена.

Стадион ташқаридан катта чодирга ўхшайди. Унинг дизайни Форс кўрфази минтақасидаги бой ва зодагонлар томонидан ўтмишда фойдаланилган анъанавий катта чодирлар - «байт аш-шаъар»дан илҳомланган. «Ал-Байт»нинг томи ёпилади.

Жаҳон чемпионати якунлангач, «Ал-Байт» сиғими 32 минг томошабинга тушади – бу ерда маҳаллий «Ал-Хур» жамоаси ўйинларини ўтказиши режалаштирилмоқда. Арена атрофидаги бинолар қулай беш юлдузли меҳмонхонага айлантирилади. Аренада савдо маркази, фуд-корт ва спорт зали ташкил этилади. Стадион атрофида дам олиш масканлари, югуриш ва велоспорт йўлаклари, шунингдек, от миниш жойларидан иборат катта истироҳат боғи қурилади.

Лусаил Спорт Арена

Очилган йили: 2022

Сиғими: 80 000 томошабин

ЖЧ-2022 ўйинлари:

Гуруҳ босқичи:

Аргентина - Саудия Арабистони (22 ноябр, 15.00),

Бразилия - Сербия (24 ноябр, 23.59),

Аргентина - Мексика (26 ноябр, 23.59),

Португалия - Уругвай (28 ноябр, 23.59),

Саудия Арабистони - Мексика (30 ноябр, 23.59),

Камерун - Бразилия (2 декабр, 23.59);

1/8 финал (5 декабр, 23.59);

1/4 финал (9 декабр, 23.59);

яримфинал (13 декабр, 23.59);

финал (18 декабр, 20.00).

Лусаил – жаҳон чемпионатининг асосий аренаси. Яримфиналлардан бири ва финал билан бирга бу ерда ўнта ўйин бўлиб ўтади. Стадион Доҳа марказидан тахминан 20 километр узоқликда жойлашган. Жаҳон чемпионати пайтида унинг сиғими 80 000 томошабинни ташкил этади.

Лусаилнинг шакли ва ташқи кўриниши араб дунёсидаги санъат ва ҳунармандчиликка хос бўлган пиёла ва бошқа идишлардаги декоратив нақшларга мос келади.

Ажабланарлиси шундаки, жаҳон чемпионати якунланганидан кейин стадион бузиб ташланади ва кўп функцияли марказ сифатида қайта қурилади. У ерда мактаб, дўконлар, поликлиника жойлашади. Режага кўра, бу марказ шу атрофда қурилаётган турар-жой массивининг диққатга сазовор жойига айланиши керак.

«Халифа Интернэшнл» стадиони

Очилган йили: 1976

Қайта таъмирланди: 2017 йил

Сиғими: 45 416 томошабин

ЖЧ-2022 ўйинлари:

Гуруҳ босқичи:

Англия - Эрон (21 ноябр, 18.00),

Германия - Япония (23 ноябр, 18.00),

Нидерландия – Эквадор (25 ноябр, 21.00),

Хорватия - Канада (27 ноябр, 21.00),

Эквадор - Сенегал (29 ноябр, 20.00),

Япония - Испания (1 декабр, 23.59);

1/8 финал (3 декабр, 20.00);

3-ўрин учун ўйин (17 декабр, 20.00).

Жаҳон чемпионатининг саккизта стадионидан фақат биттаси турнир учун махсус қурилмаган. Бироқ, «Халифа Интернэшнл» совутиш тизими, янгиланган фасад ва ёритиш тизимини ўз ичига олган кенг кўламли реконструкциядан ўтди ва сиғими 12 минг ўринга оширилди. Арена Доҳа марказидан 11 км узоқликда, машҳур Aspire академияси ва унга тегишли лойиҳаларга жуда яқин жойлашган.

Қайта таъмирлашдан сўнг, «Халифа Интернэшнл» енгил атлетика бўйича 2019 йилги жаҳон чемпионати ва 2019 йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўйинларига мезбонлик қилди.

2022 йилги жаҳон чемпионати тугаганидан кейин стадион Қатарнинг асосий спорт аренаси сифатидаги фаолиятини давом эттиради.

«Ас-Сумама» стадиони

Очилган йили: 2021

Сиғими: 40 000 томошабин

ЖЧ-2022 ўйинлари:

гуруҳ босқичи:

Сенегал - Нидерландия (21 ноябр, 21.00),

Испания - Коста-Рика (23 ноябр, 21.00),

Қатар - Сенегал (25 ноябр, 18.00),

Белгия - Марокаш (27 ноябр, 18.00),

Эрон - АҚШ (29 ноябр, 23.59),

Канада - Марокаш (1 декабр, 20.00);

1/8 финал (4 декабр, 20.00);

1/4 финал (10 декабр, 20.00).

«Ас-Сумама» стадиони Доҳа марказидан 12 км узоқликда жойлашган. Арена дизайни минтақа маданиятининг ажралмас қисми бўлган Яқин Шарқдаги ёшлар ва эркаклар томонидан кийиладиган бош кийими - куфиятдан илҳомланган ва уни эслатади.

Жаҳон чемпионатидан сўнг «Ас-Сумама» сиғими икки бараварга камайиб, 20 мингга туширилади. Қайта қурилган арена шунчаки футбол стадиони эмас, балки кўп функцияли марказ сифатида ишлатилади. Трибуналарнинг юқори қавати ўрнида бутик-меҳмонхона ташкил этилади, спорт тиббиёти клиникаси бўлими ва бир нечта савдо нуқталари очилади.

«Аҳмад бин Али» стадиони

Очилган йили: 2020

Сиғими: 44 740 томошабин

ЖЧ-2022 ўйинлари:

Гуруҳ босқичи:

АҚШ - Уэльс (21 ноябр, 23.59),

Бельгия - Канада (23 ноябр, 23.59),

Уэльс - Эрон (25 ноябр, 15.00),

Япония - Коста-Рика (27 ноябр, 15.00),

Уэльс - Англия (29 ноябр, 23.59),

Хорватия – Белгия (1 декабр, 20.00);

1/8 финал (3 декабр, 20.00).

«Аҳмад Бин Али» стадиони Доҳа марказидан 22 км узоқликда, Ар-Райян шаҳрида жойлашган. Арена маҳаллий, асосан бир-икки қаватли биноларга жуда мос тушади ва Қатарнинг икки етакчи жамоасидан бири - «Ар-Райян» клубига қароргоҳ бўлади. Масалан, унинг таркибида колумбиялик Хамес Родригес ва 2018 йилги жаҳон чемпиони, француз Стивен Нзонзи ўйнаяпти.

Жаҳон чемпионатидан сўнг «Аҳмад Бин Али»нинг сиғими икки баробарга қисқартирилиб, 20 мингга туширилади. Арена «Ар-Райян» кўп тармоқли спорт клубининг марказига айланиши режалаштирилган, бу ерда, масалан, гандбол ва волейбол жамоалари бор. Стадион ёнида сув маркази, футбол ва крикет майдонлари, теннис кортлари ва скейт парки, шунингдек, кенг яшил ҳудудга эга истироҳат боғи барпо этиш режалаштирилган.

«974» стадиони

Очилган йили: 2021

Сиғими: 40 000 томошабин

ЖЧ-2022 ўйинлари:

Гуруҳ босқичи:

Мексика - Полша (22 ноябр, 21.00),

Португалия - Гана (24 ноябр, 21.00),

Франция - Дания (26 ноябр, 21.00),

Бразилия – Швейцария (28 ноябр, 21.00),

Польша - Аргентина (30 ноябр, 23.59),

Сербия – Швейцария (1 декабр, 23.59);

1/8 финал (5 декабр, 23.59).

Жаҳон чемпионатининг энг ғайритабиий стадиони ва эҳтимол, жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг ғайритабиий стадион. «974» аренаси 30 минг тонна пўлат конструкциялар ва 974 та юк контейнеридан қурилган – арена номи шундан келиб чиққан. Стадионнинг барча интерьерлари - кийиниш хоналари, ҳакамлар хонаси ва бошқалар том маънода контейнерлар ичида жойлашган. Ягона истисно – VIP ҳудуд, у ерда Қатар амири оиласи даражасидаги шахслар ёки ФИФА раҳбарияти ўйинларни томоша қилишади.

«974» - жаҳон чемпионатининг ҳавони сунъий совутиш тизими бўлмаган ягона аренаси. Шамоллатиш табиий усулда - контейнерлар орасидаги тешиклар, том ва трибуналар орасидаги тешиклар орқали амалга оширилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, стадион кўрфаз қирғоғида жойлашган ва денгиздан эсган шабада билан совутилиши ҳам мумкин. «974» аренасидаги барча ўйинлар кечки вақтга режалаштирилган.

Арена деярли Доҳа марказида жойлашган. Жаҳон чемпионати якунланганидан кейин «974» бузиб ташланади. Контейнерлар яна юк ташиш компанияларига берилади. 30 минг тонна металл конструкциялар ҳам сотиб юборилади. Улардан худди шу лойиҳага ўхшаш стадионни йиғиш мумкин.

«Эдакейшн Сити» стадиони

Очилган йили: 2020

Сиғими: 45 350 томошабин

ЖЧ-2022 ўйинлари:

Гуруҳ босқичи:

Дания - Тунис (22 ноябр, 18.00),

Уругвай – Жанубий Корея (24 ноябр, 18.00),

Польша - Саудия Арабистони (26 ноябр, 18.00),

Жанубий Корея - Гана (28 ноябр, 18.00),

Тунис - Франция (30 ноябр, 20.00),

Жанубий Корея – Португалия (2 декабр, 20.00);

1/8 финал (6 декабр, 20.00);

1/4 финал (9 декабр, 20.00).

Стадион «Ар-Райян» ҳудудида, Доҳа марказидан тахминан 20 км узоқликда жойлашган. Атрофда йирик университет маркази - «Таълим шаҳри» (инглиз тилида - Education City) кампуслари бор. Арена номи шундан келиб чиқади.

Стадионнинг ташқи кўриниши олмос қирраларига ўхшаш мураккаб шаклдаги геометрик нақшларни ташкил этувчи учбурчаклардан иборат. Бу эса аренага яна бир норасмий ном берди - «Саҳро олмоси».

Жаҳон чемпионати якунлангач, стадионнинг юқори қавати бузилади. Конструкциялар эса спорт инфратузилмаси етишмайдиган қашшоқ мамлакатларга топширилади. Арена сиғими тахминан 25 минг ўриндиққача қисқартирилади. Режага кўра, стадион талабалар ва маҳаллий аҳоли машғулотларини ўтказиши мумкин бўлган йирик марказга айланади.

«Ал-Жануб» стадиони

Очилган йили: 2019 йил

Сиғими: 40 000 томошабин

ЖЧ-2022 ўйинлари:

Гуруҳ босқичи:

Франция - Австралия (22 ноябр, 23.59),

Швейцария - Камерун (24 ноябр, 15.00),

Тунис - Австралия (26 ноябр, 15.00),

Камерун - Сербия (28 ноябр, 15.00),

Австралия - Дания (30 ноябр, 20.00),

Гана - Уругвай (1 декабр, 20.00);

1/8 финал (5 декабр, 20.00).

Стадион Доҳа марказидан 20 км узоқликда жойлашган «Ал-Вакра» шаҳарчасида жойлашган. «Ал-Жануб» стадиони жаҳон чемпионатининг энг жанубий нуқтасидир, номи ҳам шундан келиб чиққан. Энг шимолда жойлашган Ал-Хурдаги «Ал-Байт» стадионигача бўлган масофа 75 км.

Стадион лойиҳаси устида замонамизнинг энг машҳур ва иқтидорли архитекторларидан бири Заҳа Ҳадид ишлаган. Аренанинг дизайни Форс кўрфазидаги марварид ғаввослари томонидан ишлатиладиган анъанавий доу қайиқлари елканларидан илҳомланган. «Ал-Жануб»нинг томи ёпилади.

Жаҳон чемпионати якунланганидан сўнг стадион сиғими икки баробарга қисқартирилиб, 20 мингга туширилади. У маҳаллий «Ал-Вакра» клуби аренасига айланади. 2020 йилда «Ал-Жануб» ёнида югуриш ва велосипед йўлаклари бўлган катта парк ташкил этилди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар