Россиялик 29 ёшли яримҳимоячи Иван Соловьёв 4 йилдан бери Ўзбекистонда тўп тепяпти. Олдин 3 мавсум давомида «Навбаҳор»да ўйнади, ҳозир «Насаф» шарафини ҳимоя қилмоқда. У россиялик журналистга катта интервью берди. Унда Ўзбекистондаги фаолиятига оид қизиқарли фикрлари ҳам бор.
2013 йилда россиялик ёш иқтидорли футболчи Иван Соловьёв катта шов-шув билан Москванинг «Динамо» клубидан «Зенит»га ўтади. Аммо Санкт-Петербургда ишлари юришмайди: 3 йил давомида чемпионат, Кубок ва Чемпионлар Лигасида атиги 55 дақиқа ўйнади.
Кейин Финландиянинг «Лахти», Россиянинг «Амкар», «Факел», «Динамо Санкт-Петербург», «Сочи» клублари шарафини ҳимоя қилди.
2019 йил бошида Соловьёв кутилмаганда Андрей Канчельскис бошқарувидаги «Навбаҳор» билан шартнома имзолади. Ҳозир эса «Насаф» билан тарихдаги илк чемпионлик сари интилмоқда.
Россиялик журналист Валерий Самсонов Қаршига борди ва Иван Соловьёвдан интервью олди. Қуйида жуда катта ҳажмдаги суҳбатнинг Ўзбекистондаги фаолиятига оид қисми келтирилади.
– Ўзбекистонга қандай келганингиз ҳақида гапириб беринг.
– Мен «Сочи»да ўйнардим. Таътил пайтда «Навбаҳор»да ўйнаётган Игорь Голбан ҳаваскорлар ўртасидаги турнирда иштирок этишни, ундан кейин эса Ўзбекистонга боришни таклиф қилди. Қанча пул тўланиши билан қизиқдим. Рақамлар мени қониқтирди. Шундан сўнг «Майли, бир уриниб кўрайлик» дедим.
Клубга бордим, йиғиндан ўтдим, директор: «Бизга керак эмассан», деди. Аммо Канчельскис мен тараф бўлиб олди. Улар менга олти ойлик шартнома таклиф қилишди, кейин эса бир йиллик шартнома ҳам имзоладим. Наманганда уч йил яшадим. Ҳозир Қаршидаман. Худо хоҳласа чемпион бўламиз.
– «Сочи» Премьер-Лигага чиқиш арафасида бўлган пайтда нега клубни тарк этдингиз?
– Мени сотишмоқчи, ижарага беришмоқчи деган миш-мишлар тарқалди. Шу сабабли кетишга қарор қилдим. Менда «Нижний Новгород» клубидан таклиф бор эди. Ўзбекистонга эмас, айнан шу клубга ўтмоқчи эдим. Аммо бу трансфер амалга ошиши учун агент маошимнинг 15-20 фоизини сўради. Бу менга ёқмади. Шундан сўнг, Ўзбекистонга боришга қарор қилдим.
– Ўзбекистондаги биринчи кунлар, ҳафталар ёки ойларда сизни кўпроқ нима ҳайратда қолдирди?
– Такси ҳайдовчиларининг тинмасдан сигнал бериши. Бу мени жуда ҳайратда қолдирди. Уч ой давомида сўкиниб юрдим. Йўлда кетяпман, у менга сигнал беради. Жонга тегди, нега сигнал бердинг, сени тўхтатдимми? Кейин кўникиб қолдим.
– Жамоага қўшилдингиз. Канчельскисни олиб ташлашди ва уч ойдан кейин қайтаришди. Нима бўлди ўзи?
– «Бухоро»га қарши ўйиндан олдин ҳоким барчани йиғди. «Канчельскис истеъфога чиқади», деди. Ҳамма ҳайрон, нега, нима учун истеъфога чиқади? Тушкунлик. Худди отамиздан айрилгандек бўлдик. У стадионда эди. Ўйиндан олдин руҳан заиф эканимизни кўрсатмаслигимиз учун биз билан мулоқот қилди. 3:1 ҳисобида ғалаба қозондик.
У қайтиб келганида умуман «ўлик» эдик. Мавсум тугади, йиғинга бордик. Карантингача учинчи ўринда эдик. 4 ой маош берилмади, фақат нонушта билан овқатлантиришди. Канчельскис ҳар доим футболчилар тарафини оларди. Раҳбарлардан қўрқмасди. У доим ростгўй, одамнинг юзига гапирарди. Раҳбариятга бу ёқмади, «тагини ковлай» бошлашди. Ковлаб, ниманидир топишди.
– Ўзбекистонда бошқарув услуби қандай?
– Ҳоким хоҳлаганини айтади, сенга нисбатан хоҳлаганини қилади. Масалан Россияда Миллер («Газпром» ва «Зенит» раҳбари) Аршавинга: «Сени қозиққа ўтқазиш керак», деёлмайди. Бу ерда умуман бошқача муносабат қилишади.
– «Навбаҳор» раҳбариятининг энг қаттиқ танқиди қандай бўлди?
– Олдинги ҳоким даврида ҳар ўйиндан кейин танқид бўларди. Агар ютқазсак – тамом. Агар дуранг ўйнасак, танаффусда кириб: «Қани, бўлинглар, югуринглар», деб тепишлари ҳам мумкин эди.
Энг оғири «Андижон»га 0:1 ҳисобида ютқазганимиздан кейин юз берди. Ҳоким кириб келди ва футболчиларни бўралаб сўкди. Канчельскисга қарата: «Сен физруксан, бор институтда болаларни шуғуллантир» деди. Шундан сўнг ўзи Фарғонага ўтиб кетди.
– У маст эдими ёки ҳушёр?
– Ҳушёр. Шунчаки футболни жуда яхши кўрарди. Бу унинг ҳис-туйғулари эди. Футболдан ташқарида у ҳеч қачон бундай тепмаган. Шунчаки қаттиқ ранжиганди. Қолаверса, бу дерби эди.
– «Навбаҳор»да маошингиз «Зенит»дагига яқин эканини айтгансиз. Бу ерда шунчалик сахийлик қилишганми?
– Агар яхши ўйнасанг, ўзингни кўрсатсанг, яхши маош тўлашлари мумкин. Агар сени яхши кўриб қолишса, тан олишса, бундай рақамларга эришиш мумкин.
«Навбаҳор»да чемпионлик учун квартира ёки машина ваъда қилишди. Ўша пайтда 20-25 минг доллар атрофида эди. Ҳозир билмайман: бюджет анча катта, маошлар бошқача. Менимча, улар ҳозир 40 минг доллар турадиган квартира ёки машина ваъда қилишади.
– Сафар ўйинларига қандай борасиз?
– Йўл узоқ эмас. Намангандан Тошкентга таксида, кейин бошқа транспортда 4 соат кетади. Қаршидан тезюрар поезд «Афросиёб»га ўтириб, 3,5 соатда Тошкентга бориш мумкин.
– Нега автобусда эмас, таксида?
– Довон бор, автобуслар юрмасди. Улар ағдарилиб кетган ҳолатлар бўлган. «Бухоро» қулаб тушишига сал қолган. Тормоз ишламай қолганида ҳайдовчи бутун жамоани қутқарган. У жарга қулаб тушишнинг олдини олиш учун автобусни ён томонга «ағдарган».
– Ҳакамлик сифатлими?
– Ҳакамлик ҳамма жойда оғриқли мавзу: Ўзбекистонда ҳам, Россияда ҳам. Агар ёрдам беришса, демак яхши ҳакамлик қилишяпти. Агар ёрдам беришмаса, демак ёмон. Ҳечқиси йўқ, ҳакамлар яхши. Ҳозир аввалгидан анча яхши. VAR бўлмаган пайтларда ғалати ҳакамлик қилишарди.
– Иштирок этган ўйинингиздаги «энг даҳшатли қотиллик»ни эсланг.
– Наманганда «Пахтакор» билан ўйнадик. Ҳисоб 1:1 бўлиб турганида 95-дақиқада баҳсли вазият. Ҳакам VAR кўриш учун кетди. Мен унга: «Пенальти белгилама, акс ҳолда стадион ағдарилади», дедим. У эса: «Э, ҳаммаси жойида» деди ва пенальти белгилади. Гол уришди ва финал ҳуштаги янгради. Трибунадан ҳамма нарса майдонга қараб учди: шишалар, зажигалкалар, телефонлар, зарядчиклар, носвой. Ҳакам уч соат чиқиб кета олмади. Одамлар стадион олдида туришди, ҳеч кимни ташқарига чиқаришмади.
– Ўзбекистонда футбол майдонида қўй сўйилгани ҳақида тез-тез хабарлар чиқиб турарди. Ростми?
– Албатта. Наманганда деярли ҳар ўйинда қўй сўйилган. Майли, мавсум бошланишидан олдин ва кейин сўйилса бошқа гап. Аммо ҳар бир ўйинда сўйиш шартми? Қўй дарвоза ортида сўйиларди, палов пиширилиб, камбағалларга, меҳрибонлик уйларига тарқатиларди.
– Нега «Навбаҳор»дан «Насаф»га ўтдингиз?
– Ҳар йили улар «энди ҳаммаси яхши бўлади» дейишарди, уч йил давомида бир хил гап. Бирор нарса ўзгаришига ишонмай қўйдим. «Насаф» билан вариант пайдо бўлганида дарҳол «ҳа» дедим, чунки бу Ўзбекистонда тўпни назорат қиладиган, комбинацион футбол ўйнашга ҳаракат қиладиган ягона жамоа.
– «Насаф» Кубок эгаси сифатида Чемпионлар Лигасида ўйнади. Таассуротлар қандай?
– Гуруҳ босқичи Саудия Арабистонида ўтказилди. Коронавирус сабабли уй-сафар тизимидан воз кечилди. Меҳмонхона – стадион – ўйин – меҳмонхона қабилида яшадик. Рамазон туфайли дўконлар кундуз куни ёпиқ бўларди, фақат кечқурун очиларди. Дўконга борардик, меҳмонхонага қайтардик. 26 кун шундай яшадик.
– Бундай шароитда ақлдан озмаслик учун нима қилиш керак?
– Телефон, хотин, компьютер – ҳамма нарса. Кун бўйи каравотда ётиш жуда оғир. Меҳмонхона ҳам унчалик яхши эмасди. Машғулот залида атиги иккита тренажёр. Бассейн йўқ. Қиладиган иш умуман йўқ. Шундай яшадик.
– Европа Чемпионлар Лигаси билан Осиё Чемпионлар Лигасининг фарқи нимада?
– Европада ҳамма нарса тезроқ. Осиёда ўйнашга имкон беришади: хотиржамлик билан тўпни оласиз, бошингизни кўтарасиз, уни узатасиз. Европада бундай қилолмайсиз: бошингизни кўтарганингизда, улар сизни дарҳол «еб қўйишади».
– Рақиблардан бири Хави устозлик қилган «Ас-Садд» эди. Ундан нима қолди?
– Улар ўтган мавсумда чемпион бўлишган, лекин мен зўр ўйинни кўрмадим. Биринчи ўйин 1:1 ҳисобида якунланди. Уларда 2 футболчи майдондан четлатилди, аммо биз кўп гол ура олмадик. Кейин уларни хотиржамлик билан 3:1 ҳисобида мағлуб этдик.
– Улар орасида юлдуз футболчилар бор эди: Санти Касорла, Андре Айю. Улар ҳали ҳам яхшими ёки шунчаки пул ишлашяптими?
– Аввалгидек эмас, лекин югуришади, алдаб ўтишади. Айю – гавдали: тўпга ёпишди, алдаб ўтди, зарба йўллади. Санти яхшигина қорин қўйиб олибди. «Вильярреал» ва «Арсенал»да ўйнаганида қорни унчалик катта эмасди.
– Такси ҳайдовчилар бир неча бор нос отиб олишганини кўрдим. Бу ерда одатдаги нарсами?
– Россияда таксичилар сигарета чекишади, бу ерда нос. Айтишларича, носни тақиқлашармуш. У ҳолда нос отадиганлар нима қилади, билмайман.
– Футболчилар ҳам отадими?
– Албатта. Бу Ўзбекистонга хос хусусият. Маҳаллий йигитларнинг барчаси чекади.
– Бу ўйинга халақит бермайдими?
– Шунчаки отасиз, кейин туфлаб ташлайсиз – тамом.
– Ўзбекистонда 3,5 йилдан бери яшаяпсиз. Агар сизга Ўзбекистон миллий жамоасида ўйнаш таклиф қилинса, қабул қиласизми?
– Бу ерга келганимга деярли 4 йил бўлди. 5 йилда паспорт олиш мумкин. Ўзбекистон аллақачон иккинчи уйимга айланган, кўплаб дўстларим бор. Шу боис, мамнуният билан қабул қиламан ва миллий жамоада ўйнайман.
– Ўзингизни Россиядан кўра Ўзбекистонга кўпроқ боғлайсизми?
– Россия менинг уйим, онам, дадам – ҳамма у ерда. Россия ҳар доим биринчи ўринда қолади. Бу ерда шунчаки иш, футбол. Агар Россия миллий жамоасига чақирилмасам, нега Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилиб, мамлакат учун миллий жамоада ўйнамаслигим керак? Агар бундай имконият туғилса, денгиз қирғоғида яхши об-ҳавони кутиш шартми?
– Фаолиятингизни якунласангиз, нима билан шуғулланасиз?
– Ҳозирча билмайман, лекин ўзимни мураббий сифатида синаб кўрган бўлардим. Олдин истамасдим. Тажриба ёш билан бирга келар экан: кўп нарсаларни кўрдим, ўйиндан кейин йигитлар билан вазиятларни, таркиб тузишни муҳокама қиламиз, баҳслашамиз. Ҳа, ўзимни мураббий сифатида синаб кўрган бўлардим.
– Сиз билан бирга ишлаган мураббийлардан нимани олган бўлардингиз?
– Агар ҳар биридан ҳамма нарса олинса, футболчиларни ўлдириш мумкин. Шу сабабли, оз-оздан олган бўлардим, лекин барибир ўзимдан қўшардим. Менимча, бу яхши аралашма бўларди.