19.09.2022 23:07
20884
«Залдан чиқиб кетишга мажбур бўлдим». Вадим Абрамов ПФЛ директори билан мажлисда юз берган воқеага ойдинлик киритди 

Бугун, 19 сентябрь куни Ўзбекистон профессионал футбол лигаси томонидан ўтказилган йиғилишда ПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев ва Вадим Абрамов ўртасида зиддият пайдо бўлгани ҳақида хабар бергандик. Tribuna.uz «Динамо» бош мураббийи Вадим Абрамов билан суҳбатлашиб, бу борадаги вазиятга ойдинлик киритишга ҳаракат қилди. 

- Вадим Карленович, бугунги мажлисда ПФЛ директори билан ўртангизда тортишув юз бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу қандай юз берди? 

- Бунга ортиқча тўхталишни истамасдим. Йиғилишда мураббийлар ва клуб вакиллари ҳам тўпланганди, яхшиси улардан бор воқеани сўрасангиз тўғрироқ бўларди. 

- Шахсан ўзингиздан эшитишни истардик. Айнан қайси таклифингиз ПФЛ раҳбари томонидан кескин кутиб олинди?

- Аслида мен ҳали таклифимни билдирмагандим. Таклифлар ҳақида сўралганда Самвел Бабаян ва Миржалол Қосимов Суперлигада бир мавсум давомидаги 26 ўйин кам экани, футболчилар бир мавсумда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши учун Суперлигада клублар сони 16тага етказилиши ҳақида ўз фикрларини билдиришди. ПФЛ раҳбари эса шахсан унга қолса, клублар сонини 18тага етказиши, аммо Про лигада Суперлига учун курашадиган клублар қолмаслигини, у ердаги жамоалар молиявий қийинчиликка учраётгани ҳақида айтди. Мен эса қуйи лигадаги молиявий вазиятнинг Суперлига клублар сонига алоқаси йўқлиги, чемпионатимизда 14та клуб камлигини айтдим. Шунда ҳам лигада клублар 16та, 18 ёки 20та бўлсин деганим йўқ. 

Лигада ҳам клублар сони камлигини Суперлигада қолиш учун курашаётган жамоа бош мураббийи сифатида эмас, шунчаки мутахассис сифатида айтдим. Таклифимизни сўрашгани учун ўз фикримни билдиргандим. 

- Диёр Имомхўжаевнинг қайси гапидан кейин йиғилишни тарк этдингиз?

- Учрашувлар кўп бўлса, миллий жамоага номзодлар кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши ҳақида гапирдим, у эса менга қарата, гўёки “сенинг миллий жамоа ҳақида гапиришга ҳақинг йўқ”, қабилида гапирди. Кейин эса “лицензиясиз бу мураббийни нега чақирдинглар, уни ким бу ерга таклиф қилди”, деди. Шундан кейин залдан чиқиб кетишга мажбур бўлдим», - дейди Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда. 

Икки соатдан кўпроқ вақт давом этган мажлисда ПФЛ раҳбарияти томонидан Суперлигада ҳакамлар билан рўй бераётган вазиятлар, мураббийларнинг кескин чиқишлари муҳокама қилинган. Суперлиганинг бир қатор мураббийлари хатти-ҳаракати ҳақида гапирилган. 

Қайд этиш жоиз, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Америка Қўшма Штатларида хизмат сафарида экани сабабли Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказилган ушбу йиғилишда қатнашмаган. 

Эслатиб ўтамиз, Диёр Имомхўжаев Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022 3-саралаш босқичига чиқа олмагач, ўтган йили миллий жамоадан истеъфога чиқарилган Вадим Абрамовни кескин танқид қилганди. 60 ёшли мураббий август ойидан буён «Динамо» бош мураббийи сифатида ишламоқда. 

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар