16.09.2022 23:36
19134
«Ҳакамда пенальти белгимаслик учун 3 пункт бўйича асос бор эди» — Қаҳрамон Асланов Намангандаги можароли ўйин ҳақида

Суперлиганинг 19-турида «Навбаҳор» — «Қизилқум» (1:0) баҳсида мезбонлар дарвозасига пенальти белгиланмагани билан боғлиқ баҳсли вазият мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Tribuna.uz журналисти Қаҳрамон Асланов вазиятга «Ҳакамлар «Навбаҳор»га ишлаяпти» деган фикр билан қараш керак эмаслигини айтиб, пенальти белгиланмаганига сабаблар келтириб ўтди.

«Ҳакамлик китоби жудаям қалин ва  кўп нарса ёзилган. 

Бу вазиятда пенальти берилмади. Ҳакам масалан, тўп аввал бошга тегиб, кейин яқин масофада турган қўлга «тегиб кетганини» айтади — китобда у ҳақ бўлади. 

Аммо бошқа ҳакам бошқа жамоа ўйинида пенальти белгилаши ва ҳакам ўша қарорниям оқлаб бериши мумкин — «қўл нотабиий кўтарилди, тўп томон ҳаракатланди».

Талашишдан фойда йўқ, дунё футболидаям бундан оддийроқ вазиятда пенальти белгиланган, бундан бадтар пайтларда берилмаган воқеалар кўп бўлган.

Лекин бир нарсани холис тан олиш керак: айнан шу вазиятга алоҳида қарасак, ҳакам пенальти бериш учун ҳам, бермаслик учун ҳам сабаб топа олади.

Одатда бундай вазиятларда ҳакамлар вазиятга адолат кўзи билан қарашга уринади. Айтайлик, тўп қўлга тегмаса, қаерга кетаётганди, вазият қай даражада хавфлилашарди?

Менимча, зарба секинроқ берилган — катта эҳтимол дарвозабон осонлик билан тўпни эгалларди. Шунақа ҳолат дарвозага кириб кетаётган тўп билан бўлса, ҳакам пенальти белгилайди.

Ижтимоий тармоқлар ёнмоқда.

Лекин тан олайлик, бу ерда контекст борлиги, яъни қарор «Навбаҳор» фойдасига бўлгани ҳам таъсирини ўтказмоқда. Агар худди шу қарор наманганликлар зарарига бўлганда, ҳакамни оқлашга сабаб топа олардингиз, тан олинг.

Ҳакамлар «Навбаҳор»га ишлаяпти, деган мавжуд фикрингизда тайёр аргумент бўлгани учун ҳам ҳаммаси осон туюлмоқда.

Аммо бу ҳакамга нисбатан ноҳақлик эмасми? Тасаввур қилинг, ҳакам ҳалол ва савияли бошқаришга ҳаракат қилди. Наҳотки, унда пенальти белгиламасликка асос бўлмаган? 

Қуйида жарима майдони ичида қўл билан ўйнашни қайд этиш, яъни пенальти белгилашда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ёзилган. Бунда камида 3 пункт бўйича пенальти белгиламасликка асос бор:

1. Бироз баҳсли. Футболчи қўлини тепага кўтариб юборган. Лекин тўп ҳаво курашида бўлгани, орқадан «толчок» бўлиши мумкинлигини инобатга олиш мумкин.

2. Масофа. Бош билан зарба берилган ва қўл билан масофа жуда яқин эди. Ҳимоячи қўлини олиб қочишга улгуриши қийин.

3. Ҳимоячи тўп йўналишини кўргани йўқ.

Лазаревич нима демоқда, Бабаяннинг тарихи қанақа, ўз йўлига, мен ҳакамнинг пора ёки юқоридан топшириқ олгани ҳақида исбот кўрмасам, унга жиддий айблов қўйишдан тийиламан. Ноҳақлик», — деб ёзади Асланов баҳсли вазият ҳақида.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар