12.09.2022 13:49
8105
Моуриньонинг ҳурматсизлиги, Сульшернинг илтимоси, ван Гал билан муносабати — Марсияль «МЮ»да ишлаган мураббийлар ҳақида

Ҳужумчи Антони Марсияль France Football'га берган интервьюсида «Манчестер Юнайтед»да бирга ишлаган мураббийлари ҳақида фикр билдирди.

Жозе Моуриньо ҳақида

«Ҳаммаси либос рақами билан бошланди. Дам олиш кунларида у менга СМС ёзди ва «11-рақамни олишни хоҳлайсанми?» деб сўради. Чунки бу — афсонавий рақам, унда Райан Гиггз ўйнаган. 

Мен унга Гиггзни жуда ҳурмат қилишимни, лекин тўққизинчи рақамни сақлаб қолишни афзал кўришимни айтдим. Клубга қайтганимда, либосимда 11-рақам борлигини кўрдим, чунки Ибраҳимович 9-рақамни олди — буларнинг барчасини яхши воқеа деб аташ мумкин эмас. 

Мураббий мени ҳурмат қилмаслигини ҳис этдим. Интервьюда у мен ҳақимда берилган саволларга худди Бенземага «Реал»да қилгани каби бир-икки сўз билан жавоб берди. У бундай кичик ўйинларни яхши кўради ва ким билан буни қилиш мумкинлигини ёки ким билан қила олмаслигини тушунади. 

У ўша пайтда атиги 20 ёшда эканлигимни, агар унга қарши бирор нарса десам, ёш футболчининг мураббийга нисбатан ҳурматсизлигидек кўринишини биларди. Шунинг учун ҳеч нарса демадим, фойдаси йўқ эди. 

Кейинги мавсумда жамоанинг энг зўри бўлдим, лекин у Алексис Санчесни олиб келди ва шундан кейин кўп ўйнамадим. Жаҳон чемпионати арафасида эди ва бу менга жуда қимматга тушди. Чунки Франция мундиалда ғолиб бўлди».  

Оле-Гуннар Сульшер ҳақида

«Мунтазам равишда жароҳатлар билан ўйнадим. Одамлар буни билишмайди, лекин мен ковид мавсумининг 4 ойи давомида одатдагидек тез ҳаракат қила олмадим. Мураббий унга кераклигимни, ўйнашим зарурлигини айтди. Аммо нормал югура олмаслигимни ҳисобга олсак, бунинг фойдаси кам эди. 

Оқибатда танқидлар остида қолдим ва мураббий бу ҳақда матбуотга айтишга ҳам улгурмади. Охирида жуда қаттиқ жароҳат олдим ва қайтганимда ҳаммаси тугаганди, бошқа ўйнамадим. Ҳаммасини жуда ёмон қабул қилдим, менда тўлиқ адолатсизлик ҳисси пайдо бўлди — сиздан жамоа учун қурбонлик қилишни сўрашди, кейин эса шунчаки таркибдан чиқариб юборишди. Мен учун бу хиёнатга ўхшайди ва бундай нарсаларни ёмон кўраман!» 

Луи ван Гал ҳақида

«Луи билан унинг биринчи мавсумида яхши муносабатда бўлганман. Ўрганишни яхши кўраман ва қачонки унга ўхшаган жентльмен вақт ажратса, офисида ўйинларим ёзилган видео билан ниманидир тушунтирса — бу жуда яхши! 

Бир марта мен дубль қилдим, шунда ҳам у мени офисга чақирди. «Иккита гол урдим, муаммо нима?» деб сўрадим. Лекин у мен билан қанотдан рейдларим, ҳаракат ҳудудлари ва бошқа нарсалар ҳақида гаплашмоқчи эди. Уни тўлиқ тушунганимни айтдим. Унга менинг характерим ёқди».

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар