Маълум қилинишича, ўртоқлик учрашувлари УЕФА ваколати ва масъулияти доирасига кирмайди.
УЕФАнинг миллий ассоциацияларни бошқариш бўйича эксперти Ян Ҳафнер ташкилот Россия ҳамда Босния ва Ҳерцеговина миллий жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилишига қаршилик билдирмаслигини маълум қилди.
«Биз УЕФА Босния ва Ҳерцеговина футбол федерациясининг Россия футбол иттифоқи билан РФИ ҳудудида ўртоқлик учрашуви ўтказилишига қаршилик билдирмаслигини тасдиқламоқчимиз. Ўртоқлик учрашувлари УЕФА ваколати ва масъулияти доирасига кирмайди», — деди Ҳафнер.
7 сентябр куни Россия футбол иттифоқи футбол бўйича мамлакат миллий жамоаси кузда учта назорат учрашуви ўтказишини маълум қилганди. Биринчи учрашув 24 сентябрда Бишкекда бўлиб ўтади. Россияликларнинг рақиби Қирғизистон миллий жамоаси бўлади. Октябрда Карпин шогирдлари Эрон миллий жамоаси билан куч синашади.
9 сентябр куни Россия миллий жамоаси 19 ноябрда Санкт-Петербургда Босния ва Ҳерцеговина миллий жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказилиши ҳақида хабар қилинди.
Эслатиб ўтамиз, ФИФА ва УЕФА Россия миллий жамоаси ҳамда мамлакатнинг барча клубларини ушбу ташкилотлар назорати остидаги барча мусобақалардан четлаштириш тўғрисида қарор қабул қилган.