8-10 сентябрь кунлари Суперлигада 18-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Пайшанба кунидан старт оладиган тур тўқнашувлари ҳозирдан шиддат ваъда бермоқда.
«Бунёдкор» - «Нефтчи»
Турга старт берадиган баҳс Олмалиқда ўтади. Ўтган турда Самарқанддан ғалаба билан қайтган «Бунёдкор» «Нефтчи»га қарши саф тортади. Фарғона клуби узоқ танаффусдан кейин сўнгги турда кутилмаганда «Қизилқум»дан устун келгач, турнир жадвалида «хавфли зона»дан узоқлашиш имкониятига эга бўлди. Бунинг учун Виталий Левченко шогирдлари «Бунёдкор»ни ҳам мағлуб этишлари талаб этилади.
«Қизилқум» - «Олимпик»
Кунинг иккинчи баҳси Навоийда ўтади. Чемпионлик учун кураш олиб бораётган тўртликни изма-из таъқиб этаётган «Қизилқум» турнирнинг «чақилмас ёнғоқ» жамоаси бўлиб турган «Олимпик»ни қабул қилади. Темур Кападзе шогирдлари сўнгги 8 ўйиндан буён мағлубият нималигини билмай келишмоқда. Жамоа ёш бўлишига қарамай, сўнгги турда тажрибали ўйинчилардан ташкил топган «Сўғдиёна»ни мағлуб этишга эришгани таҳсинга сазовор. Бу сафар ҳам Кападзе шогирдлари Навоийда жиддий қаршилик кўрсатишини кутиш мумкин.
«Қўқон-1912» - ОКМК
Жума куни эса «Қўқон-1912» Яйпанда ОКМКни қабул қилади. Даврон Файзиев жамоаси кетма-кет 6 ўйиндан буён дуранглар сериясини қайд этаётган бўлса-да, турнир жадвалида «хавфли зона»дан узоқда эмас. Шундай экан, Миржалол Қосимов шогирдларига водийда осон бўлмайди.
«Пахтакор» - «Металлург»
Тошкентда эса «Пахтакор» «Металлург»ни қабул қилади. Бу рақиблар ўйини аввалги йилларда турли шубҳа ва гумонлар уйғотган бўлса-да, энди вазият бошқача. «Навбаҳор», «Насаф» ва ОКМКдан очко тортиб олган Бекобод клуби тур сенсациясини қайд этиши ҳеч гап эмас.
«Сўғдиёна» - «Навбаҳор»
Турнинг сўнгги уч ўйини ўтказиладиган шанба куни ҳам эътиборли тўқнашувлар талайгина. Марказий учрашув Жиззахда «Сўғдиёна» ва «Навбаҳор» ўртасида кечади. Улуғбек Бақоев жамоаси 1-даврада Намангандан ғалаба билан қайтган эди. Самвел Бабаян шогирдлари эса айни дамда пешқадамга айланиб олган. Чемпионлик учун кураш олиб бораётган бу жамоалар баҳсида Жиззах ва Наманган клуби турнир жадвалида ўзаро ўрин алмашиши ҳеч гап эмас.
«Локомотив» - «Динамо»
Яна бир эътиборли ўйин Тошкентда кузатилади. Сервер Жепаров собиқ устози Вадим Абрамовга қарши рўбарў келади. Ушбу баҳс икки томон учун ҳам ўзига хос жиддий синов. «Локомотив» жамоа атрофида келишилган ўйинлар билан боғлиқ можаролар сабабли ҳозирда қийин дамларни бошдан кечирмоқда. Жамоа сардори Кахи Махарадзега боғлиқ гап-сўзлар футболчиларга руҳий жиҳатдан ҳам салбий таъсир ўтказиши мумкин. Вадим Абрамов мураббийлигидаги «Динамо» эса ғалаба нималигини билмай келмоқда ва ҳозирда Про лигага қайтиш учун асосий номзод бўлиб турибди. Абрамов Жепаров жамоасини мағлуб эта олса, Самарқанд клуби элитада қолиш учун курашни қайтадан бошлаши мумкин бўлади. Қизиғи, айнан шу ўйинда VAR тизими бўлмайди.
«Сурхон» - «Насаф»
Шанба куни ҳам Олмалиқда яна бир баҳс бор. «Воҳа дербиси»да «Сурхон» «Насаф»га қарши саф тортади. Термиз клуби кетма-кет мағлубиятлардан кейин қуйи лигага равона бўладиган 13-ўринни эгаллаб турибди. Клубда бош менежер сифатида Ҳамид Актамов иш бошлагач, испаниялик бош мураббий Анхель Лопес жамоа қароргоҳини тарк этгани ҳақида хабарлар янгради. «Насаф»га қарши баҳсда жамоа қайси мутахассис қўл остида майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. Қарши клуби ҳам шу куни бош мураббийсиз ўйнайди. Рўзиқул Бердиев дисквалификация сабабли Олмалиқдаги баҳсда мураббийлар ўриндиғидан жой олмайди. Шунга қараймай, воҳа дербиси курашларга бой ўтишини тахмин қилиш мумкин.
Суперлига. 18-тур
8 сентябрь, пайшанба
БУНЁДКОР – НЕФТЧИ
Олмалиқ. ОКМК СМ. 18:30
Ҳакамлар: Азиз Асимов, Элнур Дониёров, Артём Калинин, Рустам Чориев
Назоратчи: Равиль Шаяхмитов
VAR ҳаками: Фирдавс Норсафаров
VAR ассистентлари: Кристина Середа, Эдита Мирабидова
VAR назоратчиси: Бахтиёр Намозов
Комиссар: Бекзод Арипов
ҚИЗИЛҚУМ – ОЛИМПИК
Навоий. «Ёшлар» СМ. 19:30
Ҳакамлар: Акобир Шукуруллаев, Бектурсин Канназаров, Жалғасбай Сарсенов, Тўрабек Суюнов
VAR ҳаками: Аскер Нажафалиев
VAR ассистенти: Илья Ильин
Назоратчи: Константин Смирнов
Комиссар: Қудрат Мадраимов
9 сентябрь, жума
ҚЎҚОН-1912 – ОКМК
Яйпан. «Ўзбекистон» стадиони. 18:30
Ҳакамлар: Раҳимбек Каримов, Ислом Азимов, Шерзод Аъзамов, Ҳусан Музаффаров
VAR ҳаками: Акобир Шукуруллаев
VAR ассистенти: Максим Нехочин
Назоратчи: Арслон Хотамов
Комиссар: Шерзод Ражабов
ПАХТАКОР – МЕТАЛЛУРГ
Тошкент. «Пахтакор» стадиони. 19:30
Ҳакамлар: Фирдавс Норсафаров, Зуфар Элибоев, Олим Абдувосилов, Олим Тўйчибоев
VAR ҳаками: Илгиз Танташев
VAR ассистентлари: Анвар Маражабов, Зиёдулла Абдураҳмонов
Назоратчи: Рашид Айтеков
Комиссар: Аббосхон Аҳроров
10 сентябрь, шанба
СЎҒДИЁНА – НАВБАҲОР
Жиззах. «Сўғдиёна» стадиони. 20:00
Ҳакамлар: Вадим Агишев, Обид Жумаев, Жасур Рустамов, Найим Қосимов
Назоратчи: Бобур Ҳайдаров
VAR ҳаками: Азиз Асимов
VAR ассистенти: Андрей Цапенко
VAR назоратчиси: Владислав Цейтлин
Комиссар: Ойбек Юнусов.
ЛОКОМОТИВ – ДИНАМО
Тошкент. «Локомотив» стадиони. 19:00
Ҳакамлар: Достон Мирзараимов, Анвар Маражабов, Зиёдулла Абдураҳмонов, Акмал Раҳимов
Назоратчи: Валентин Коваленко
Комиссар: Азиза Татлимуратова.
СУРХОН – НАСАФ
Олмалиқ. ОКМК СМ. 18:00
Ҳакамлар: Илгиз Танташев, Дамир Искандеров, Акмал Ғиёсов, Фаррух Янсупов
VAR ҳаками: Раҳимбек Каримов
VAR ассистенти: Авазбек Абдуллаев
Назоратчи: Марат Исмоилов
Комиссар: Шохрух Саид.