07.09.2022 20:34
5910
Тухелнинг «Челси»даги 589 куни: ЕЧЛдаги ғалаба, Конте билан тортишув ва кутилмаган истеъфо 

«Челси» бош мураббий Томас Тухелни жуда кутилмаган пайтда истеъфога чиқарди. 

«Янги хўжайинлар клубни 100 кундан бери бошқармоқда. Улар «Челси»ни ривожлантириш учун астойдил ҳаракат қилишмоқда. Янги хўжайинлар фикрига кўра, мураббийни ўзгартириш вақти келди», дейилади клуб матбуот хизматининг истеъфога бағишланган хабарида. 

Тухелнинг «Челси»даги даври қисқа, аммо воқеаларга бой бўлди. У 589 кун давом этди – Фрэнк Лэмпардникидан атиги 18 кун кўпроқ. 

2021 йил 26 январ – бош мураббий этиб тайинланди;

2021 йил 29 май – Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонди;

2021 йил 11 август – УЕФА Суперкубогида ғалаба қозонди;

2021 йил 26 август – УЕФА томонидан йилнинг энг яхши мураббийи деб эълон қилинди;

2022 йил 17 январ – ФИФА томонидан йилнинг энг яхши мураббийи деб эълон қилинди;

2022 йил 12 январ – клублараро жаҳон чемпионатида ғалаба қозонди;

2022 йил 7 сентябр – истеъфога чиқарилди. 

• Томаснинг бир ярим йиллик фаолиятига яна иккита маҳаллий мукофот сиғади – у икки марта Премьер-Лигада ойнинг энг яхши мураббийи деб топилди (2021 йилнинг март ва октябр ойларида); 

• Тухелнинг «Челси»даги сўнгги трансфер ойнаси рекорд даражада бўлди – клуб янги футболчиларга 279 миллион евро сарфлади; 

• Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидан ўрин олган Загребнинг «Динамо»сига (0:1) қарши баҳс Тухелнинг «Челси»даги 100-ўйини бўлди. Кейинчалик маълум бўлишича, охиргиси. 

Чемпионлар Лигасидаги ғалаба, яна иккита соврин ва Конте билан тортишув – Тухелнинг «Челси»даги энг муҳим воқеалари 

Тухел 2021 йилнинг январ ойи охирида «Челси» бош мураббийи этиб тайинланганди – ўша пайтда лондонликлар Премьер-Лига жадвалининг тўққизинчи поғонасида туришганди. 

«Челси» Тухел қўл остида биринчи марта фақат апрел ойи бошида мағлуб бўлди. Аммо зарба кучли ва кутилмаган эди – «Вест Бромвич» «Стемфорд Бриж»да лондонликларни 5:2 ҳисобида мағлуб этди. 

Ўша мавсумда «Челси» АПЛда 4-ўринни эгаллади, аммо асосий ютуқ Чемпионлар Лигасидаги ғалаба бўлди. 

1/8 финалда жамоа бирорта ҳам гол ўтказмасдан «Атлетико»ни (1:0, 2:0) ортда қолдирди. 

Чоракфиналда «Порту» (2:0, 0:1) тўсиғидан қийинчилик билан ўтилди. 

Яримфиналда «Реал » билан «Сантьяго Бернабеу»да 1:1 ва «Стемфорд Бриж»да 2:0 ҳисоби қайд этилди. 

Финалда эса Кай Ҳаверцнинг ягона голи «Ман Сити» устидан ғалаба келтирди. 

Август ойида Тухел УЕФА Суперкубогини қўлга киритди - «Вильярреал» пенальтилар сериясида мағлуб этилди. 

Тухел Премьер-Лиганинг 2021/22 йилги мавсумини кучли бошлади. Дастлабки олти турда атиги иккита гол ўтказиб юборилди – «Ливерпул» ва «Ман Сити»дан. Якунда «Челси» шу жамоалардан ортда қолиб, учинчи ўринни эгаллади. 

2022 йил феврал ойида лондонликлар клублараро жаҳон чемпионати финалида «Палмейрас»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этишди. 

Чемпионлар Лигаси ғолиби унвонини ҳимоя қилишнинг иложи бўлмади – чорак финалда «Реал»дан мағлубиятга учради. 

Август ойида The Athletic Премьер-Лиганинг 2021/22 мавсуми бўйича тадқиқот ўтказди ва Тухел мураббийлар орасида энг кўп баҳона излаганини аниқлади. Очко йўқотганидан кейин берган 19 та интервьюнинг 11 тасида у айбни енгиллаштирувчи омилларни қидирган. 

Немис мутахассисининг «Челси»даги сўнгги ёрқин «қилиғи» «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда Антонио Конте билан юзага келган можаро бўлди. Мутахассислар бутун ўйин давомида бир-бирига гап отишди, финал ҳуштагидан сўнг эса муштлашиб кетишларига сал қолди. 

Тухелнинг «Челси»даги фаолияти мана шу лаҳзалар билан ёдда қолди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар