05.09.2022 12:14
9580
«Локомотив» сардори ўз ўйинига пул тикканми? Букмекерлик компанияси барча далилларни ФИФАга юбормоқчи

4 сентябрь, якшанба оқшомида Ўзбекистондаги бир қатор спорт нашрлари ва футбол клублари электрон почтасига Осиёдаги номдор букмекерлик компанияси расмий вакили номидан хат жўнатилди. Унга кўра, компания Тошкентнинг «Локомотив» клубини Суперлига баҳсларида келишилган ўйинларда иштирок этишда айблаган. Хатда «темирйўлчилар» сардори Кахи Махарадзенинг номи қайд этилган.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси, футбол ташкилотлари, ОАВ ва клубларга жўнатилган хатда ўзини 188Bet букмекерлик компанияси назоратчиси сифатида таништирган шахс «Локомотив» клуби ва унинг сардори Кахи Махарадзенинг келишилган ўйинда қатнашганини иддао қилиб, бир қатор далилларни келтирган. Қайд этилишича, ташкилот қинғирликларни исботлай олади.

«Биз бу борада барча далилларга эгамиз, марҳамат текширинг», дейилади хатда ва қуйидаги ўйинлар рўйхати ҳамда далиллар келтирилади:

1. 10 август, 2022 йил. ОКМК - «Локомотив» ўйини.

2. 17 июнь, 2022 йил. «Локомотив» - «Сўғдиёна» ўйини

3. Пул тикилаётган ҳолат суратлари

4. Ўйинчининг (Кахи Махарадзе) пул тикаётган видеоси.

5. Барча иштирокчиларнинг видео ёзувлари.

«Муаммо 100 фоиз «Локомотив» клубида. Ўйинчилар ва ўртадаги шахслар орасида ўтказилган сўровларга кўра, ҳар бир клубдан беш нафардан ўйинчи келишилган ўйинларда маълум бўлди. Техник қурилмаларимиз орқали сўнгги текширувлардан кейин бу ҳолатдаги барча транзакцион ёзувлар, чатлардаги ёзишмалар, скриншотлар, футболчиларнинг қанча пул тиккани ҳамда келишилган ўйинлар давомида қайд этилган ғайритабиий пул тикишларни аниқладик.

Клуб жуда кўп турнирларда иштирок этган. Биз ФИФАга кўпроқ далилларни тақдим этамиз ва Ўзбекистон ҳукуматидан, амалдорлар, журналистлар, полиция, ўйинчилар, клуб президентлари ва мураббийлардан ушбу ҳолатдаги барча алоқадорни текширишни сўраймиз. Компаниямиз ушбу вазиятни бутун дунёга борича кўрсатади. Ўзбекистон ҳукуматига ҳам хат жўнатилади», - дейилади хатда.

Ташкилот расмийси хатга илова сифатида келишилган ўйинда иштирок этганликда гумонланаётган Каха Махарадзенинг чатлардан биридаги суҳбати суратини далил сифатида келтирган. Унда грузиялик легионернинг икки киши билан видеоконференция режимида суҳбатлашаётганини кўриш мумкин. Учинчи шахс кўрсатилмаган:

Яна бир расмда келишилган ўйин бўйича инглиз тилидаги диалогдан скриншотлар келтирилган:

Иловадаги яна бир суратда «Tony», Kakhi ва «E.K» профилидаги шахсларнинг гуруҳдаги ўзаро суҳбати скриншоти келтирилган. Гуруҳда 19 киши борлигини, унда Кахининг овозли хабар жўнатгани, «E.K» профилидаги шахснинг «Улар 8 дақиқадан кейин ишни бошлайди, ҳозир ўйинчилар жаҳл қилишмоқда ва жамоа сардори Кахидан пул сўрашмоқда. Улар бутун мавсум ишламоқчи. Сабаби клубда пул бор», - дея ёзишмаларини кўриш мумкин.

Букмекерлик компанияси назоратчиси томонидан жўнатилган хатдаги ўйинларга назар соладиган бўлсак, 10 август куни ўтган ОКМК - «Локомотив» учрашувида Олмалиқ клуби йирик 4:0 ҳисобида зафар қучган.

17 июнь кунги «Локомотив» - «Сўғдиёна» (0:1) баҳсида эса Жиззах клуби Тошкентдан минимал ҳисобдаги ғалаба билан қайтган.

Эътиборлиси, шу куни Махарадзе 53-дақиқада оддий вазиятда жиззахликлар форварди Шохруз Норхоновнинг оёғини босган ва қизил карточка олиб майдонни тарк этган.

3-расмдаги скриншотда «E.K» профилидаги шахснинг «Улар 8 дақиқадан кейин ишни бошлайди», дея ёзилганини инобатга олсак, бу ёзишма ушбу баҳснинг танаффусида бўлгани ва гуруҳ аъзоси Кахи Махарадзе танаффусдан кейин 8 дақиқа ўтиб, майдонда ўзининг четлатилишини саҳналаштиргани тасдиқланади. Август ойида «Локомотив» бош мураббийи Денис Коростиченко истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнига Сервер Жепаров бош мураббий сифатида иш бошлагани бу воқеаларга қанчалик алоқадор экани, номаълум.

Ушбу шов-шувли хат ва воқеалар юзасидан ЎФА ва ПФЛ хабар топган бўлса-да, ташкилотлардан ҳозирча расмий жавоб янграмади. «Локомотив» клуби ҳам расмий муносабат билдиришдан ҳозирча тийилмоқда. Бундай қинғирликларда биргина Кахи Махарадзе ва «Локомотив» эмас, рақиб жамоалар ҳам аралашгани ҳеч гап эмас. Суперлига баҳслари энди қизғин паллага кираётганда бу воқеа турнирга соя солмаслигини истардик. Бунинг учун энди гумондорлар «сайраши» ва айбдорлар жазоланиши шарт. 

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар