Самарқандда Суперлига 17-туридан ўрин олган «Динамо» ҳамда «Бунёдкор» жамоалари ўртасидаги ўйин ўтказилди. Ўйинда «қалдирғочлар» 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, Самарқанд жамоасининг ғалабасиз серияси давом этишига сабаб бўлди.
Ўйинни одатдагидан фаолроқ бошлаган «Динамо» 25-дақиқада ҳисобда олдинга чиқиб олди. Чап қанотда узатилган тўпни «Динамо»га қайтган Шохруҳ Абдураҳмонов бош билан голга айлантирди. Биринчи бўлимда «Динамо» кўплаб имкониятларга эга бўлди, аммо ҳисоб ўзгармади.
Иккинчи бўлимни эса Корпенко шогирдлари жуда фаол бошлашди. Таймнинг илқ дақиқаларидаёқ Жасур Ҳакимов гол урди, аммо ҳакам қўпол хатога йўл қўйиб голни ўйиндан ташқари ҳолат деб бекор қилди. Такроририй лавҳада эса «Динамо»нинг икки ҳимоячиси «Бунёдкор» ҳужумчисидан кўра дарвозага яқинроқ тургани кўринди.
Бироқ «Бунёдкор»нинг ёш юлдузлари бу билан тўхтаб қолишмади. 57-дақиқада Усмонали Исмоналиев марказий ҳимоячини осонгина ортда қолдириб тўпни дарвозабоннинг оёқлари орасидан ўтказиб узоқ бурчакка жойлаб қўйди. 5 дақиқа ўтиб эса Дмитрий Побулич чап оёқда жуда аниқ зарбаси билан «қалдирғочлар»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Иккинчи голдан 2 дақиқа ўтиб «Динамо» ҳимоячиси Жасур Ҳакимовни қўполлик билан тўхтатиб қолди ва ҳакам самарқандликлар дарвозасига пеналти белгилади. Нуқтага яқинлашган Умарали Раҳмоналиевнинг зарбасини эса «Динамо» посбони Милое Прекович ушлаб олди. Қизиғи, Прекович жамоаларнинг Тошкентдаги ўйинида ҳам пеналти қайтарганди.
Шу тариқа «Бунёдкор» иккинчи бўлимда катта уснутликка эга бўлиб «Динамо»га ҳеч қандай имконият қолдирмай ғалаба қозонди. «Бунёдкор» очколари сонини 20 тага етказиб «хавфли ҳудуд»дан анча узоқлашиб 7-ўринга кўтарилган бўлса, «Динамо» ғалабасиз ўйинлар сериясини 12 тага етказиб охирги поғонада қолмоқда.
Самарқанд жамоаси охирги марта 25 апрел куни «Локомотив»ни мағлуб этганди. 5-турда қайд этилган ўша ғалаба жамоа учун мавсумдаги ягона муваффақият бўлиб турибди. Жадвалдаги мағлубиятлар устунида 12 рақами қайд этилган, уларнинг учтаси Абрамов мураббийлигига тўғри келди.
Самарқанддаги ўйинда «Бунёдкор»нинг Умарали Раҳмоналиев етакчилигидаги ёш юлдузлари ғалабанинг асосий омили бўлишди, чунки улар майдонда жисмоний жиҳатдан мезбонлардан устунлик қилди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Вадим Абрамов ҳам жамоаси жисмоний жиҳатдан ёмон ҳолатда эканини тан олди.
Қуйида Tribuna.uz мухбирининг ўйиндан тайёрлаган фоторепортажини томоша қилишингиз мумкин.