22.08.2022 21:31
32507
«Шомуродов – Абраҳам ёки Дибала даражасига чиқишини кута олмаймиз». Моуриньо ниҳоят Элдор ҳақида гапирди

«Рома» бош мураббий Жозе Моуриньо Италия А Серияси 2-тури доирасидаги «Кремонезе»га қарши ўйиндан аввал жамоани тарк этиши кутилаётган Элдор Шомуродов ҳақида гапирди.

Португалиялик мураббий Тэмми Абраҳамга ўринбосар сифатида Андреа Белотти таклиф этилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб бераркан, захира ўриндиғида ҳужум чизиғи вакиллари ўрнини муносиб тўлдира оладиган форвардлар йўқлигини айтди.

«А Серия 1-тури доирасидаги «Салернитана»га қарши ўйинда (1:0) икки ҳужумчи ўрнига икки яримҳимоячини туширишга мажбур бўлдим. Чунки Абраҳам, Дибала, Дзаньола сингари ҳужумчилар майдондан олинаётганда, уларнинг ўрнини муносиб тўлдира оладиган ҳужумчилар йўқлиги сабабли Матич ва Вейналдум сингари тажрибали яримҳимоячилар тушишди. Биз Феликс Афена-Гьян ва Шомуродов асосий таркибдаги ҳужумчилар даражасига кўтарилишини кута олмаймиз. Бизда бундай имконият йўқ», - дея «Рома» бош мураббийи сўзларини келтирган Sportmediaset.

Аввалроқ, Элдор Шомуродовга «Болонья» клуби асосий даъвогар экани, клуб ҳужумчини сотиб олиш шарти билан ижарага олмоқчилиги ҳақида хабар берилган эди. Аммо Рим клуби ўзбекистонлик форвардни ижара эмас, 10 млн евро атрофида трансфер қилишни истаётгани айтилганди.

Маълумот учун, 27 ёшли ҳужумчи 1-тур доирасидаги «Салернита»га қарши баҳсда қайдномага киритилган, аммо майдонга тушмаганди. 2-турдаги «Кремонезе» билан баҳсда ҳам қайдномадан жой олган. Учрашув бугун, 22 август куни соат 21:30да бошланади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар