20.08.2022 13:02
4442
Теглар
АПЛда аламзадалар тўқнашуви, «Реал» «Сельта», «Милан» «Аталанта» меҳмони. Ҳафта ўйинлари анонси

Ниҳоят, ўтган ҳафтадан бошлаб, кучли бешлик лигаларида навбатдаги мавсумга старт берилди. Дастлабки турлар жамоаларнинг мавсумга қай даражада тайёр эканини кузатиш билан бирга, янги трансферларга баҳо бериш учун ҳам қулай фурсат. Биз эса доимий анъанамизга содиқ қолган ҳолда юмушингизни осонлаштирамиз ва эътиборга молик учрашувлар ҳақида маълумот берамиз.

СЕЛЬТА – РЕАЛ МАДРИД (21 августга ўтар кечаси, 01:00)

Суперкубок соҳиби Ла Лигадаги навбатдаги мавсумни у қадар ишончли бошламади – камтаргина «Алмерия»га сафардан фақат 2-таймдаги бурилиш ҳисобига уч очко билан қайтилди. Албатта, ўйин сифати ҳозирда Анчелоттини камроқ хавотирга солади, асосийси, керакли очколар йўқотилмаслиги керак. Мадридликлар мавсумни қаторасига уч сафар ўйини билан бошлашмоқда ва Виго сафари бу ўйинлар ичида энг оғири бўлиши кутилмоқда. «Сельта» «Реал»га қарши охирги 4 ўйинда мағлубиятга учраган бўлса-да, доим топ-клубларга муносиб қаршилик қилиб келган. Ўтган мавсум Вигода ўтган ўйинда фақат Бенземанинг икки пенальтиси меҳмонларга ғалаба олиб келган бўлса, Мадриддаги ўйинда ҳатто меҳмонлар биринчи таймни ўз фойдаларига ҳал қилганди. Тўғри, кейинчалик яна ўша Бенземанинг ҳет-триги «Реал»га 5:2 ҳисобидаги ғалабани тақдим этганди.

Яна бир қизиқ жиҳат, «Реал» ушбу ўйин олдидан Каземиро билан хайрлашди. Бразилиялик яримҳимоячи «Манчестер Юнайтед» таклифини қабул қилди ва бу ҳақда Карло Анчелоттининг ўзи матбуот анжуманида маълум қилди. Футболчи 1-турда ҳам майдонга тушмаган, лекин айнан Каземиро жамоани тарк этганидан кейинги ечим кўпчиликни қизиқтиради. Хўш, Тчуаменига бирданига катта имконият тақдим этиладими ёки Вальверде марказга қайтадими? Балким Кроос – Модрич – Камавинга учлиги юзага келар? Бу саволларги илк тахминий жавобларни айнан «Сельта»га қарши ўйинда кўришимиз мумкин.

Мадридликлар таркибида Каземиродан ташқари, Родриго ва Одриосолалар ҳам Вигога бора олишмайди. Бу футболчиларда жисмоний толиқиш кузатилган ва камида бир учрашувни ўтказиб юборишади.

«Сельта» эса мавсумнинг дастлабки ўйинида аламли тарзда ғалабани қўлдан чиқарди. Ўйиннинг сўнгги чорагигача икки тўп фарқи билан «Эспаньол»ни мағлубиятга учратиб турган виголиклар фақат дуранг билан кифояланишди. Ўтган мавсумни турнир жадвалини иккинчи ярмида тугатган «Сельта» ёзги трансфер дарчасини анча фаол ўтказмоқда ва катта эҳтимол билан жамоадан яхшироқ натижаларни кутишимиз мумкин. Жамоа сафига «Рома»дан Карлос Перес, «Севилья»дан Оскар Родригес ва «Атлетик»дан Унаи Нуньеслар ижарага олиб келинди. Португалиялик тажрибали ҳужумчи Гонсалу Пасьенсия «Айнтрахт»дан сотиб олинди ва биринчи ўйиндаёқ гол уришга эришди. «Барселона»нинг собиқ футболчиси Оскар Мингеса эса эркин агент сифатида жамоа сафига келиб қўшилди.

ВЕСТ ҲЭМ – БРАЙТОН (21 август, 18:00)

АПЛ ўртамиёналари ўртасидаги баҳсга алоҳида эътибор учун етарли эмасдир, аммо айнан мана шу клублар салоҳият борасида еврокубоклар учун кураша оладиган имкониятга эга эканини ҳам таъкидлаш керак. «Вест Ҳэм» буни аввалги мавсумларда ҳам исботлади ва ҳатто бир неча ой ЕЧЛ йўлланмаси бериладиган ўринларда юрди. «Брайтон» натижа борасида бироз оқсаган бўлса-да, мутахассислар томонидан юқори баҳоланади ва топ-клубларни ҳисобга олмаганда, Англияда ўз юзи ва услубига эга бўлган жамоа ҳисобланади. Айниқса, жорий мавсум «Олд Траффорд»даги чиройли ғалаба билан бошлангач, «Брайтон»ни Биссума ва Кукурелья каби футболчиларнинг йўқотилиши ҳам у қадар кучсизлантирмаганини кўрсатди.

«Вест Ҳэм» эса аксинча, бироз ёмон бошлади. «Манчестер Сити» билан ўйиндаги мағлубиятни тушуниш мумкин, аммо ўтган турда «Ноттингем Форест» майдонида мағлубият билан қайтиш оғир – жамоа ўз мухлислари қаршисида айбини ювиши шарт. Зеро дебютант билан ўйинда ҳам лондонликлар ёмон ўйнашмаганди, камида учта голга етарли вазиятлар яратишди, Райс ҳатто пенальтини голга айлантира олмади.

Ўтган мавсумда Лондонда бўлиб ўтган тўқнашувда 1:1 ҳисоби қайд этилган – меҳмонлар сўнгги дақиқалардаги гол эвазига мағлубиятдан қутулиб қолганди. Май ойида, мавсумнинг сўнгги турларида ўтган жавоб ўйинида эса «Брайтон» 3:1 ҳисобида ишончли ғалабага эришган.

Таркибларга келсак, мезбонлар таркибида Огбонна ва Доусоннинг майдонга тушиши сўроқ остида. «Брайтон» сафида эса мавсумни бошлаган футболчиларнинг ҳаммаси тайёр, ўтган мавсум охирида жароҳат олган Якуб Модер катта эҳтимол билан келаси йилда майдонга туша олади. Аммо жисмоний тайёргарлик борасида «Вест Ҳэм»да муаммолар кўзга ташланишини тахмин қилса бўлади. Чунки жамоа пайшанба оқшомида Европа Конференциялар кубогида майдонга тушди. Мойес тўлиқ асосий таркибдан фойдаланмаган бўлса-да, Соучек, Боуэн, Корне, Скамакка, Лансини каби футболчилар асосийда, Антонио, Форнальс кабилар эса захирадан майдонга тушишди. Ушбу ўйинда шунингдек, яқинда «ПСЖ»дан трансфер қилинган Тило Керер ҳам синаб кўрилди ва катта эҳтимол билан навбатдаги ўйинда АПЛда дебютини ўтказса керак.

НЬЮКАСЛ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (21 август, 20:30)

Англияда араб дербиси. Саудияликларнинг «Ньюкасли» амирликларнинг «Сити»сини қабул қилади. Мавсум бошида бу жамоалардаги ўхшашлик яна бор, масалан, дастлабки икки турдан кейин ўз дарвозасини дахлсиз сақлаб келаётган иккитагина клуб бор. Топдингиз.

Кўпчилик «Ньюкасл»дан трансфер бозорида фаолликни кутганди. Аммо жимлик. Фақатгина «Бёрнли» дарвозабони Ник Поуп ва «Лилл»дан марказий ҳимоячи Свен Ботман сотиб олинди. Шунингдек, Мэтт Таргет трансфери ҳам амалга ошди, лекин «Астон Вилла» ҳимоячиси шундоғам ўтган мавсумда ижара асосида «Ньюкасл»да тўп сурганди. Шундай бўлса-да, ушбу мавсумда «Ньюкасл»дан юксалишни кутишга асосларимиз бор. Биринчидан, қишки транфер ойнасида ҳам бир қатор янги футболчилар жалб қилинган ва ҳали уларнинг ҳам таркибга тўлиқ мослашишлари давом этмоқда. Иккинчидан, шу таркиб билан ҳам Эдди Ҳау ёмон ишламаяпти, зеро агар январь ойидан ҳисоблайдиган бўлсак, фақат «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» кўпроқ очко жамғарган холос. Уларники тушунарли, сўнгги тургача чемпионлик пойгасида қатнашишган, аммо турнир жадвали ўрталарида бўлиб ҳам, шунча очко тўплашга мотивация мавжуд бўлгани ҳам Ҳаунинг катта ютуғидир. Хуллас, «Ньюкасл» «Манчестер Сити»га осонликча очко бермаса керак. Бунинг устига ўтган мавсумда «шаҳарликлар» умумий ҳисобда 9:0 фарқ билан икки ўзаро ўйинни ўз фойдасига ҳал қилганди. Қасос вақти етгандир.

Меҳмонлардан эса яна жамоанинг Ҳоландга, Ҳоланднинг эса жамоага мослашувини кузатиш қизиқ бўлмоқда. Биринчи турда айнан норвегиялик ҳужумчи барча масалани ҳал қилиб, икки гол урган бўлса, «Борнмут»га қарши ўйинда унинг атиги 8 маротаба тўпга тегингани бутун ижтимоий тармоқларни айланиб юрди. Ҳозирча бироз тушунарсиз, катта эҳтимол билан ҳали узоқ вақт Ҳоланднинг сермаҳсул ўйинлари билан «Борнмут»га қарши бўлганидек кўрсаткичлари тез-тез алмашиб турса керак.

Таркиблар борасида мезбонларда йўқотишлар кўпроқ. Пеп Гвардиола фақат Эмерик Лапортнинг ёрдамидан фойдалана олмайди ва бу мавсум бошланмасдан олдин ҳам маълум эди. «Ньюкасл» таркибида эса Федерико Фернандес, Райан Фрейзер, Мэтт Таргеттларда кичик жароҳатлар бор. Жонжо Шелви эса декабргача шерикларига ёрдам бера олмайди.

АТЛЕТИКО – ВИЛЬЯРЕАЛ (21 август, 22:30)

«Реал» ва «Барселона» тушунарли, агар Испанияда яна кузатиш қизиқ бўлган ва бу мавсумдан кўп нарса кутилаётган жамоалар бор бўлса, уларнинг руйхати мана шу икки клубдан бошланади.

Симеоне ҳар қандай шароитда ҳам чемпион жамоа туза олишини икки йил олдин исботлаганди ва катта эҳтимол билан ўтган мавсумдаги изланишлардан сўнг, яна юқори даражага қайтади. Жамоа сафига келиб қўшилган Аксел Витсел эса айни муддао, жамоа ўйинида мувозанатни тиклашига шубҳа йўқ. «Хетафе»га қарши ўйинда Симеоне шогирдлари ўта хотиржам тўп суришди. Унданам кўра, Моратанинг дубли, Фелиш эса учта ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйгани – катта воқеа. Ниҳоят олдинги чизиқдаги боғламлар иш беришни бошлагандек.

«Вильяреал» эса Европа Лигасидаги ғалаба ҳамда Чемпионлар Лигасидаги фуррордан сўнг, ниҳоят, лига форматида ҳам барқарорликни намойиш қилиш палласига етиб келган. Ле Чельсонинг яна бир йилга таркибда қолгани, «Уотфорд»дан Киконинг қўшилиши жамоа ўйинига ранг-баранглик олиб кириши турган гап. Энг асосийси, ўтган мавсумда ЕЧЛ даги натижалардан сўнг, айниқса, жамоа ҳимоя чизиғини топ-клублар териб олиб кетиши тахмин қилинганди, йўқ, Пау Торрес ҳам, Фойт ҳам ҳозирча ўз ўрнида. Пино, Данжума, Чуквезе каби истеъдодли футболчилар ҳамон таркибда. Айнан мана шу августдаги учрашувлар балким «Вильяреал» юқори ўринлар учун даъвогарлик қила олишини исботлар ва юлдуз футболчилар таркибда қолишларига замин яратар? Кўрамиз.

Бу жамоалар қай даражада бир-бирига мослигини ўтган мавсумдаги натижалар ҳам айтиб турибди: ҳар икки учрашувда бир хил – 2:2 ҳисоби қайд этилганди. Умуман айнан Мадриддаги ўйинларда «Атлетико» икки ўйиндан бери ғалаба қозона олмаяпти.

Дарвоқе, «Вильяреал» ҳам ҳафта ўртасида, пайшанба куни Конференция кубогида «Ҳайдук»ка қарши майдонга тушиб, 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўша ўйинда Эмери баъзи бир асосий таркиб ўйинчиларидан фойдаланганини эътиборга олсак, жисмоний тайёргарлик борасида мезбонларда бироз устунлик бўлади.

АТАЛАНТА – МИЛАН (21 август, 23:45)

Узоқ кутилган чемпионликдан кейин «Милан» ўйинида пасайиш кузатилиши, камида, мавсумни бироз оғир бошлаши кутилганди. Лекин аксинча, Пиоли шогирдлари «Удинезе»га қарши ўйинни янада қувноқроқ ўтказишди, айниқса, ўтган мавсумда аввалги формасига чиқа олмаган Ребич яна тўпурарлик қобилиятларини намойиш эта бошлади. Умуман сентябр охирларида бўладиган кичик танаффусгача «Милан» энг юқори формани намойиш қилишга мажбур, шундагина янги мавсумда ҳам юқори ўринлар учун асосий даъвогарлардан бирига айланади. Мана шу бир ой ичида миланликлар «Аталанта», «Сассуоло», «Интер» ҳамда «Наполи»га қарши ўйинларда майдонга тушишади. Яхши синов.

«Аталанта» эса имкон қадар тезроқ ўтган мавсумни унутиши ва яна пешқадамлар сафига қўшилиб олиши шарт. Эсингизда бўлса, бергамоликлар ўтган кузда ҳатто чемпионлик учун даъвогарлар сафида тилга олинган, Чемпионлар Лигасидаги гуруҳда ҳам фаворит эдилар. Лекин бирданига ҳаммаси тескари кетди ва «Аталанта» ҳатто 8-ўринга тушиб кетди. Бир томондан Гасперини учун мана шу ҳолат, яъни бошқалар катта натижалар кутмаётган пайтда янги жамоа қуриб олиши қулай. Жамоа ўтган турда «Сампдория» майдонида ишончли ғалабага эришди, хавфли вазият яратиш борасида ҳам, ўйин назоратида ҳам яққол устунлик қилиб, ўша эски «Аталанта»ни эслатиб юборди. Жамоа таркибига «Лейпциг»дан келиб қўшилган, ўз вақтида «Лестер» ва «Фулҳэм» сафидаги ўйинлари билан бизга таниш бўлган Адемола Лукман эса захирадан майдонга тушиб, гол муаллифи бўлди. Янги қаҳрамонингни кутиб ол, Бергамо!

Жароҳатлар ҳақида сўз борадиган бўлса, «Милан» сафида фақат Златан Ибраҳимович шерикларига ёрдам бера олмайди. У яна камида икки ой майдонга туша олмаслиги мумкин. «Аталанта» эса Демирал, Заппакоста ва Эдерсонларнинг ёрдамидан фойдалана олмайди.

Ўзаро ўйинларга аҳамият қаратсак, сўнгги ўн йилликда деярли тенгликни кузатишимиз мумкин. Охирги 20 ўйиндан 7 тасини «Аталанта», 7 тасини «Милан» ғалаба қозонган. 6 ўйин дуранг билан якунланган. Шу ўринда, қаторасига 3 ўйиндан бери миланликларнинг қўли баланд келаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Айнан Бергамодаги охирги ғалаба 2019 йилнинг декабрига тўғри келади. Ўшанда «Аталанта» рақибини 5:0 ҳисобида янчиб ташлаганди.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЛИВЕРПУЛЬ (22 август, 23:55)

Шундай бўлиши мумкинки, бу турдан кейин, масалан, дуранг ўйнайдиган бўлишса, ҳар икки клуб турнир жадвалида хавфли зонада жойлашиб қолади. Тасаввур қилиш қийин. Аммо айтиш керакки, «Юнайтед»нинг икки мағлубиятини «Ливерпуль»нинг икки дуранги билан таққослаб бўлмайди. Тен Ҳаг шогирдлари дастлабки икки турда умуман лигадаги энг ёмон ўйинни намойиш қилишган бўлса, «Ливерпуль»га шунчаки, омад келмаяпти.

Бошқа тарафдан, «Ливерпуль»дан омад бир кетса, анормал даражадаги натижаларга сабаб бўлишини ҳам кўрганмиз. Эсингизда бўлса, икки йил олдин «Ливерпуль» ўйин сифати, яратилган вазиятлар борасида юқори савияни намойиш этган бўлса-да, гол уришга қийналган ва қаторасига бир нечта ўйинларни бой берганди. Ўша кунлар билан яна бир ўхшашлик – ҳозир ҳам жамоа жароҳатлар гирдобида қолган. Садио Манени ўрнини тўлдириш билан шуғулланилиши керак бўлган пайтда, таркибдаги ҳужумчилар ҳам сафдан чиқишмоқда – Жота жароҳатланган, Фирмино бу ўйинга сафга қайтиши кутилаётган бўлса-да, қандай формада бўлиши номаълум. Дарвин Нуньез эса «Кристал Пэлас»га қарши учрашувда қизил карточка олди ва кейинги учта ўйинни ўтказиб юборади. Шунингдек, Жонс, Окслейд-Чемберлен ва Матиплар ҳам шерикларига ёрдам бера олишмайди. Тўғри, шу ҳолатда ҳам бугунги «Манчестер»дан кучли таркиб тузиш қийин эмас, лекин «Олд Траффорд»да ҳар нарса кутиш мумкин.

«Манчестер Юнайтед»га тайёрланиш қийинроқ бўлишини Клоппнинг ўзи ҳам тан олди – «мен 0:4 ҳисобидаги мағлубиядан кейинги эмас, 5:0 ғалабадан кейинги «МЮ»га осонроқ тайёрланган бўлардим» – деди у. Ростан ҳам, ғалабадан сўнг, ҳеч нарса ўзгартирилмайди, мағлубиятлардан кейин эса ҳаммаси, Тен Ҳагнинг қоғоздаги режалари ҳам ҳавога учди. Катта эҳтимол билан «Брайтон»дан кейин Фред – Мактоминей, «Брентфорд»дан сўнг эса Фред – Эриксен жуфтлигига бошқа қайтилмайди, у ҳолда майдон маркази қандай кўриниш олади? Ўз вақтида «Аякс»да яримҳимояда тўп сурган Мартинес суриладими ёки етарлича марказий ҳимоячилар борлигидан фойдаланиб, 3-5-2 синаб кўриладими, қоронғу. «МЮ»нинг янги хариди Каземиронинг бу ўйинда майдонга тушмаслиги аниқ.

Хуллас, «Юнайтед» олдида худди «Ньюкасл» каби ўтган мавсумдаги умумий 0:9ни қасосини олиш, «Ливерпуль» учун эса мавсум бошидан чемпионлик пойгасидан чиқиб кетмаслик учун ҳам илк ғалабани кечиктирмаслик вазифаси турибди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

20 август. ТОТТЕНҲЭМ – Вулверҳэмптон (16:30), БОРУССИЯ Д – Вердер (18:30), Борнмут – АРСЕНАЛ (21:30), Юнион Берлин – РБ Лейпциг (21:30), Торино – ЛАЦИО (21:30), ИНТЕР – Специя (23:45)

21 август. Лидс – ЧЕЛСИ (18:00), Бохум – БАВАРИЯ (20:30), НАПОЛИ – Монца (21:30), Лилл – ПСЖ (23:45), Реал Сосьедад – БАРСЕЛОНА (22 августга ўтар кечаси, 01:00)

22 август. РОМА – Кремонезе (21:30), Сампдория – ЮВЕНТУС (23:45).

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар