16.08.2022 12:32
19229
Роналдунинг такаббурлиги тўлиқ намоён бўлмоқда. «МЮ»нинг сабри тугай бошлади

Португалиялик юлдуз жамоага бефарқлигини мунтазам намойиш этмоқда. «Юнайтед» шартномани бекор қилиши мумкин.

Криштиану Роналду «Манчестер Юнайтед»ни трансфер ойнаси ёпилгунга қадар тарк этмоқчи. Бунинг амалга ошиши даргумон, аммо агент Жорже Мендеш ҳамон мижозини Чемпионлар лигасида иштирок этувчи клубга жойлаштиришга уринмоқда.

Роналду – Европа футболида мавсумлар оралиғининг асосий ньюсмейкери бўлиб турибди. Дастлаб португалиялик «Манчестер Юнайтед»га нисбатан ўзини тўғри тутганди. Ҳа, у бошқа футболчилар билан бир вақтда мавсумолди машғулотларига келмади, бироқ ҳеч қандай шов-шувли можароларга йўл қўймади.

Ёзнинг биринчи ярмида Криштиану «Бавария», «Атлетико» ёки бошқа топ-клубларга ўтиб кетиши мумкинлигига ишонганди. Бироқ, кейинчалик 37 ёшли ҳужумчи қайғули ҳақиқатни тан олишга мажбур бўлди – у фаолиятининг бу босқичида гигантларнинг ҳеч бирига керак эмасди.

Июл ойининг иккинчи ярмида Роналду ниҳоят, катта эҳтимол билан «Юнайтед»ни тарк эта олмаслигини тушунди. Португалиялик футболчи клуб базасида пайдо бўлди, жамоа билан машғулотларни бошлади. Криштиану бошқа клубда ўйнаш истаги борлигига қарамай, профессионал бўлишга ваъда берди. Аммо ўз сўзида турмади.

Роналдунинг такаббурлиги мавсумолди машғулотлари якунида ва Премьер-Лига стартида тўлиқ намоён бўлди. Энди «Манчестер Юнайтед» у билан шартномани муддатидан олдин бекор қилиш ҳақида ўйлаётган бўлса ажаб эмас.

Роналду ўзини йўқотди

Криштиану ҳар доим эгоцентрик футболчи бўлган, аммо уни ҳеч ким нопрофессионал деб айтолмайди. Меҳнат этикаси ва ишга муносабати билан португалиялик бошқаларга ўрнак бўлиб келган. Роналду энг қийин дамларда ҳам ўзини назорат қила олган ва шартномадаги мажбуриятларини виждонан бажарган.

Бир йил олдин у «Ювентус»дан кетиш жараёнини нисбатан тинч ўтказган, матбуотда шов-шувли сарлавҳалар билан кўзни қамаштирмаганди. Ҳозир «Манчестер Юнайтед»да ҳаммаси бошқача. Мавсумолди тайёргарлик босқичининг катта қисмини «оилавий сабабларга кўра» ўтказиб юбориш ташвишланишга арзийдиган сабаб эди. Криштиану якка тартибда шуғулланган бўлса-да, буни жамоавий йиғинлар ва синов ўйинларидаги иштирок билан таққослаб бўлмайди.

Фото: SHAUN BOTTERILL/GETTY IMAGES

«Юнайтед» бош мураббийи Эрик тен Ҳаг узоқ вақт давомида Криштиану ҳақидаги саволларга силлиқ жавоб беришга ҳаракат қилди. Бироқ якунда футболчининг жисмоний ҳолати яхши эмаслиги, ҳатто шерикларидан ҳам ёмон эканини тан олди. Бу гаплар Роналду клуб базаси қайтиб, «Райо Вальекано»га (1:1) қарши ўртоқлик ўйини танаффусида захирага олинганидан кейин айтилди.

Криштиану ҳар бир қадами матбуотда кузатилиб боришидан хабардор бўлса-да, ўйин тугамасидан олдин «Олд Траффорд»ни намойишкорона тарк этди. Тен Ҳаг дарҳол бу ишнинг ножоиз эканини айтди.

«Албатта буни қабул қила олмайман. Бундай ҳолат қабул қилиниши мумкин эмас. Қоида ҳамма учун амал қилади. Биз бир жамоамиз, ҳамма охиригача бирга бўлиши керак», деди у.

Клуб раҳбарияти «оловни ўчириш»га ҳаракат қилди ва кейинчалик мураббий сўзлари оҳангини бироз пасайтирди. Аммо Роналду тинчланмоқчи эмасди.

Криштиану ижтимоий тармоқларда ўзини ғалати тутди. Ўзини мақташ билан шуғулланди ва «Қирол қайтди» мазмунидаги постларни жойлаштирди. Оддий интернет-тролл услубида мухлислар билан тортишди. Роналдунинг расмий аккаунти (дунёда энг кўп обуначиларга эга) футбол жамоатчилигини ҳайратда қолдириб, 10 мингга яқин обуначиси бўлган кичик гуруҳларда мухлислар билан баҳслаша бошлади. Иш шу даражага етдики, Фарер оролларининг камтарона «Клаксвик» клуби португалиялик футболчи учун 20 бош қўй таклиф этиб, уни масхара қилди.

Аммо Роналду мавсумолди тайёргарлик босқичининг охирида энди жунбишга келаётганди.

Криштиану Премьер-Лига стартида жамоага бефарқлигини очиқчасига кўрсатмоқда

Роналду 1-тур доирасидаги «Брайтон»га (1:2) қарши ўйиннинг 53-дақиқасида захирадан майдонга тушди ва битта зарба берди.

Фото: SHAUN BOTTERILL/GETTY IMAGES

Беллашувдан сўнг тен Ҳаг ҳужумчи ҳали жисмоний ҳолатини маромига етказиб олиши кераклиги, атиги 10 кун машғулот ўтказганига алоҳида урғу берди. Уни тўғридан тўғри айбламади, бироқ тайёргарлик жараёнини ўтказиб юборганидан норози эканини нозик ишоралар билан тушунтирди. Балки айнан шу гаплар португалияликни ранжитган бўлиши мумкин.

Роналду «Брентфорд»га (0:4) қарши ўйинда бошланғич таркибда майдонга тушди ва тўлиқ ўйнади. У дарвозага олти марта зарба берди, иккитаси дарвоза ҳудудига борди. 27 та узатма берди, 26 таси аниқ – бу 96 фоиз. Аммо уларнинг жуда оз қисми хавфли ҳужумга олиб келди. Бундай статистика билан фахрланиб бўлмайди. «Брентфорд» барча голларни биринчи бўлимда уриб, «Юнайтед»ни пароканда қилди. Иккинчи бўлим шунчаки расмиятчиликка айланди. Тен Ҳаг жамоаси ҳатто обрўни қисман сақлаб қолиш ва фарқни камайтириш учун ғайрат қилмади.

Ўйиндан кейин Криштиану бош мураббий ёнидан ўтаётиб, унга қўл узатмади. Мухлисларга ҳурматсизлик қилди, улар шунчаки оддий узр ва кейинги ўйинларда вазиятни тўғрилаш ҳақидаги сўзларни кутишганди.

Бош мураббий ёрдамчиси Стив Макларен унга «Юнайтед» мухлислари олдига боришни қатъий тавсия қилди (унинг сўзлари ҳатто эфирга ҳам узатилди). Аммо португалиялик бу ишни қилмади ва кийим алмаштириш хонасига ҳаммадан биринчи йўл олди. Футболчиларнинг баъзилари мухлислар олдига бориб, узр сўрашди.

1987 йилги «Олтин тўп» соҳиби Рууд Гуллит ҳужумчининг тушунарсиз хатти-ҳаракатларини изоҳлашга уринди: «Криштиану буни очиқ айтмайди. Менимча, у оғир аҳволга тушиб қолган «Манчестер Юнайтед»га қайтганидан афсусда. Роналду ҳаммаси яхши бўлишини кутган ва танқидчиларга ўзининг ҳақиқий кучини кўрсатмоқчи бўлган шекилли. Менимча, унинг асаблари жуда таранг».

«Манчестер Юнайтед»нинг кадрлар сиёсати ҳақиқатан ҳам яхшиланишга муҳтож бўлса-да, Роналду ўзини назорат қилиши керак. Аммо португалиялик фақат вазиятни мураккаблаштиришга, муаммоли жамоани узил-кесил пароканда қилишга уринмоқда. «Юнайтед» раҳбариятининг сабри эса чексиз эмас.

«Манчестер Юнайтед» Роналду билан шартномани бекор қилиши мумкин

Sky Sports хабарига кўра, «Манчестер Юнайтед» Криштиану учун радикал вариант – шартномани муддатидан олдин бекор қилиш вариантини кўриб чиқмоқда. Клуб португалияликнинг ўз ишига муносабати ўзгаришини истамоқда. Агар бу амалга ошмаса, футболчи билан ҳамкорликни тўхтатиш масаласи кун тартибига қўйилади. Кейинчалик, Sky Sports бу ҳақда клубдан изоҳ ҳам олди.

«Клубнинг Роналду бўйича позицияси ўзгармади, у сотилмайди», деб жавоб берди манкунианликлар матбуот хизмати.

Албатта «Манчестер Юнайтед» Роналду билан шартномани бекор қилмоқчи эканини очиқ-ойдин айтса ғалати бўларди. Бироқ, оловсиз тутун бўлмайди. Баёнотнинг совуқ оҳанги, сўзларнинг ноаниқлиги, айнан нима муҳокама қилинаётгани ҳақида саволлар туғилиши буни тасдиқлайди. Қолаверса, клуб португалиялик сотилмаслигини айтди. Шартномани бекор қилиш ҳақида ҳеч қандай гап-сўз бўлмади.

Фото: CATHERINE IVILL/GETTY IMAGES

Клуб ундан норози эканининг бошқа белгилари ҳам бор. The Times хабарига кўра, тен Ҳаг ва мураббийлар штаби Роналдунинг хатти-ҳаракатларидан афсусда. Криштиану бошқа клубга кетиш нияти борлигини очиқ айтганидан сўнг, «Манчестер Юнайтед»нинг баъзи раҳбарлари уни сақлаб қолиш заруратидан шубҳаланишмоқда. Унинг хатти-ҳаракатлари жамоа базасидаги муҳитни бузиши мумкин. Клубдаги манбалардан бири Криштиануни «ёмон кайфиятда юрувчи одам» деб атаган.

Бундан ташқари, The Athletic хабарига кўра, тен Ҳаг Роналдуга бўлган муносабатини ўзгартирган. Дастлаб у футболчини клубда сақлаб қолишни истаган, уни жаҳон даражасидаги тўпурар деб ҳисоблаган. Бироқ кейинчалик тен Ҳаг португалияликни таркибга қўшишда қийинчиликларга дуч келган. Криштиану базада кўпинча ёлғиз тушлик қилмоқда, машғулот пайтида ҳиссиётларга берилиб, мураббий сингдираётган юқори прессинг ғоясига эътироз билдиришга ҳаракат қилмоқда. Энди тен Ҳаг бошқа ҳужумчи сотиб олинса, 37 ёшли футболчининг кетишига қарши эмас.

Албатта Криштиану матбуотда тарқалаётган бундай маълумотлардан хабардор. Хўш, бунга қандай муносабатда бўлади? Балки ўзини қўлга олиб,  «МЮ»ни тарк этиш иложсиз эканини, шартномани виждонан бажариш зарурлигини тушуниб қолар. Ёки ўзини иложи борича нопрофессионал тутиб, клубнинг шартномани бекор қилишга мажбур бўлиши кутар. Умид қиламизки, португалиялик бунгача бормайди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар