15.08.2022 14:43
7626
«Рома» янги даражага кўтарилмоқда. Моуриньо Римнинг янги қироли бўладими?

«Рома» ва Жозе Моуриньо А Сериянинг янги мавсуми бошланиши олдидан Римнинг қизил ярмини жунбишга келтирди. Клуб трансфер кампаниясини шов-шувли тарзда ўтказди. Мутахассислар клуб камида кучли тўртликка киришини башорат қилмоқда. Аммо, баъзи шубҳалар ҳам бор.

Римни забт этиш ҳеч қачон осон бўлмаган. Бир пайтлар «Рома»нинг собиқ бош мураббийи Руди Гарсия шаҳарда фақат учта қирол бўлганини айтган эди: Рим папаси, мафия ва Франческо Тотти. Жозе Моуриньо эса тўртинчи бўлиш учун барча имкониятларга эга.

Бир йил давомида у шаҳарнинг қизил ярмини ақлдан оздирди, деб ёзмоқда Goal нашри. Унинг А Сериядаги илк мавсуми ҳакамлар ва рақибларга бир қатор жирканч ҳужумлар уюштиргани, «Рома»нинг майдондаги тараққиёти, Европадаги илк кубоги билан ёдда қолди.

Балки бу эндигина ташкил этилган Конференциялар Лигаси дейиш мумкин. Лекин бу Моуриньо учун жуда кўп нарсани англатарди – у яримфиналда «Лестер» устидан ғалаба қозонгач, кўзёшларини тийиб туролмади. Финалдаги ғалабани эса янги татуировка билан нишонлади.

«Фейеноорд» устидан қозонилган 1:0 ҳисобидаги ғалаба мухлислар учун янада муҳимроқ эди. Улар 2001 йилги скудеттодан кейин А Сериядаги ва халқаро майдондаги кетма-кет муваффақиятсизликлар ортидан кўп азият чекишди. Шунинг учун ҳам Моуриньо ўтган йили ёзда Римга келганида юзлаб мухлислар томонидан худди «қутқарувчи» сифатида кутиб олинганди.

Унинг бош мураббий бўлиши, Пауло Фонсека ўрнини эгаллашини ҳеч ким кутмаганди. «Рома»нинг собиқ директори Вальтер Сабатини «Ўзгача»нинг бош мураббий этиб тайинланишини Италия пойтахтида юз берган «ҳиссиётлар зилзиласи» деб атади.

Португалия миллий жамоасининг собиқ яримҳимоячиси Адриен Силва ватандошининг «Рома»га тайинланиши тўғри бўлганини таъкидлади: «У келишидан олдин «Рома» оғир аҳволда, Италиядаги асосий рақиблари билан бир хил даражада эмас эди. Аммо энди уларга тобора яқинлашиб бормоқда. Чунки бу Жозе Моуриньо! У фаолияти давомида кўплаб клубларда дунёнинг энг яхши мураббийларидан бири эканини кўрсатди. Баъзан ишлар юришиб кетиши учун жамоага мос мураббий керак бўлади. Бу айнан шундай ҳолат эди».

Моуриньо ва «Рома» иттифоқи идеалга ўхшаяпти. Ўтган мавсумни еттинчи ўринда якунлаган клубнинг кучи инобатга олинган ҳолда, 2021/22 йилги мавсумга умидлар паст ва бунга етарли асослар бор эди.

Моуриньо мухлислар ҳафсаласини пир қила бошлаган қора кунлар кўп бўлди. У ўзининг мураббий сифатида ҳам, эркак сифатида ҳам улғайганини таъкидлади. Бироқ, биринчи матбуот анжуманидаёқ эски одатларини бошлади, рақибларга, ҳакамларга ташланди ва бутун мавсум давомида бундан воз кечмади.

Моуриньо мукаммалликка эришиш учун ўзи синаб кўрган қамал усулидан фойдаланди. Мавсум бошида ўзига керак бўлмаган футболчилардан шафқатсизларча воз кечди. Мавсум давомида эса керакли таркибни шакллантирди.

Мухлислар уни бошиданоқ қўллаб-қувватлашганди – Римга келганидан бир неча кун ўтгач, Тестаччо кварталида Vespa ҳайдаб бораётган деворий сурати пайдо бўлди.

Якунда ўртамиёна клубни Конференциялар Лигасидаги ғалабага олиб келган «оила туйғуси» шаклланди. Энди Моуриньо Римда ўша ғайриоддий куч туйғусига таянган ҳолда ишлай оладими?

2000/01 йиллар мавсумида «Рома»ни чемпион қилган Фабио Капелло бу мавсумда клуб ҳеч бўлмаганда кучли тўртлик учун кураш олиб боришини айтди. Бироқ, афсонавий мураббий таъкидлаганидек, «Кучли эйфория Рим учун ҳар доим хавфли бўлиб келган».

Бироқ, бу кема аллақачон сузишга киришди. Конференциялар Лигасидаги муваффақият ва ижобий трансфер бозори мухлисларни жуда хурсанд қилди.

Пауло Дибаланинг тақдимот маросимидан олинган лавҳалар интернетда яшин тезлигида тарқалди, «Ювентус»нинг собиқ ҳужумчиси эса мухлислар томонидан ўзини илиқ кутиб олинганидан ҳайратга тушди.

Ўтган ҳафтада у яна лол қолди. «Шахтёр»га қарши мавсумолди ўртоқлик ўйинида «Рома»нинг 65 минг фанати клуб мадҳиясини ҳаяжон билан куйлаганида, таажжуб аломати сифатида бошини қимирлата олди, холос.

Кейинги воқеалар мухлисларнинг нега бунчалик жунбишга келганини кўрсатиб берди. Дибала, Тэмми Абраҳам, Лоренсо Пеллегрини ва Николо Дзаниоло – «Фантастик тўртлик» 5:0 ҳисобидаги ғалабани таъминлади. Бу эса Моуриньо энди А Серияда жиддий кураша оладиган жамоага эга эканини кўрсатарди.

«Жозе – ғолиблик руҳиятига эга мураббий, деди Капелло. – Бу ҳислатини «Рома»да ҳам кўрсатмоқда. Энди унинг режаларига мос келадиган таркиб тўпланди. У яхши жамоани зўр бошқармоқда».

Албатта, Неманья Матич ва Жоржиньо Вейналдум яримҳимояга керакли тажриба ва барқарорликни олиб келади. Италия миллий жамоаси ҳимоячиси Леонардо Спинаццоланинг тўлиқ формага қайтиши эса қувват бағишлайди.

Бироқ, бу жамоа чиндан ҳам чемпионлик учун курашга қодирми ёки йўқми деган шубҳалар сақланиб қолмоқда.

Албатта, А Сериянинг олтинчи клуби таркиби кучайтирилди. Аммо захира ўриндиғи «тор экани», айниқса марказий ҳимоячилар ва Дибаланинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар ташвишланиш учун етарли сабабдир. «Манчестер Юнайтед»дан келган Матич ва «ПСЖ» клубидан олинган Вейналдумда яна қанча куч-қувват қолганини ҳам ҳисобга олиш керак.

Бундан ташқари, бутун ёз давомида номи «Ювентус» ёки «Тоттенҳэм» билан боғланаётган Николо Дзаниоло атрофидаги миш-мишлар трансфер ойнаси ёпилгунга қадар мухлисларга тинчлик бермаса керак.

Бироқ, шубҳасиз, имконият «Рома» эшигини тақиллатмоқда.

Ҳозир Италия футболи учун қийин даврлар давом этмоқда. Ёзги трансфер ойнаси А Серия клубларининг энг яхши футболчилар учун Премьер-Лига клублари билан рақобатлаша олмаслигини яна бир бор тасдиқлади.

Эҳтиёткорлик жуда муҳим, аммо керакли таркибни шакллантириб олиш учун зарарли эмас. «Рома» Американинг Friedkin Group компаниясидаги хўжайинлари хатти-ҳаракатлари орқали жуда катта маблағ сарфламасдан ҳам кучайиш мумкинлигини исботлади.

Дарҳақиқат, «Жаллоросси» ушбу трансфер ойнасида фақат Зеки Челик учун пул тўлади – 7 миллион евро. Дибала, Вейналдум, Матич ва Миле Свилар бепул қўлга киритилди.

Таққослайдиган бўлсак, «Рома»нинг асосий рақиблари ҳисобланмиш «Милан», «Интер» ва «Ювентус»нинг трансфер кампанияси бу даражада шов-шувли бўлмаяпти.

Ҳали дўппини осмонга отадиган вақт келмадими? Бўлиши мумкин. «Рома» ўзининг ақлли харидлари билан «катта учлик» орасидаги бўшлиқни йўққа чиқаряпти, аммо бу уларни эҳтимолий чемпионлар деб ҳисоблаш учун етарли эмас.

Капелло А Сериянинг йирик, аммо беқарор клубларидан бири учун ҳаддан ташқари эйфория ҳар доим муаммо бўлиб келганини айтганида ҳақли эди. Пойтахтда вазият тезда издан чиқиши мумкин.

Аммо, ҳозир «Олимпико»да олиб борилаётган ишлар энергияси ҳайратда қолдиряпти ва клубни кучли тўртликка олиб чиқиши, Моуриньони эса Римнинг тўртинчи қироли бўлишга бир қадам яқинлаштириши мумкин.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар