12.08.2022 12:28
3184
Репортаж: Абрамов шогирдларини тўхтата олмади

Самарқандда Суперлига 15-тури доирасида турнир жадвалида охирги поғонада бораётган «Динамо» ҳамда мусобақа етакчиларидан бири «Сўғдиёна» жамоалари ўртасидаги учрашув ўтказилди.

Бу ўйинда жиззахликларнинг ғалабаси эҳтимоли юқори, ғалаба Бақоев шогирдларига ортиқча муаммо туғдирмаган ҳолда қўлга киритилиши ҳам кутилганди. Аммо мавсум давомида жуда ёмон ўйин кўрсатаётган «Динамо» Абрамов бошчилигида мусобақа етакчисига жиддий қаршилик кўрсатди.

«Сўғдиёна» мураббийи Улуғбек Бақоев ҳам матбуот анжуманида самарқандликлардан жанговар ўйин кутмагани, Абрамов «Динамо»ни ўзгартира олганини айтди. Дарвоқе, бу Ўзбекистон миллий жамоасидан кетгач, яна футболга қайтган Вадим Абрамовнинг «Динамо» мураббийлигидаги илк ўйини бўлди.

Ўйинни кутилмаганда устунлик билан бошлашга ҳаракат қилган «Динамо» 18-дақиқада пеналти ишлаб олди. «Сўғдиёна»дан келган Марат Бикмаев ўзи ишлаган стандартни голга айлантирди. Кўп ўтмай «Динамо» дарвозасига ҳам пеналти белгиланди. Бу гал ҳам ҳимоячи тўпни қўли билан ўйнагани учун. Собиқ «Динамо»чи Жавоҳир Қаҳрамонов пеналтидан ҳисобни тенгалаштирди.

Биринчи бўлимда «Сўғдиёна» бир неча марта ҳисобда олдинга чиқиб олиши мумкин эди, аммо самарқандликлар дарвозабони кўп ҳолларда жамоасини қутқарди. «Динамо»да эса асосан Бикмаев вазиятлар яратди.

Абрамов «Динамо» футболчилари билан шу ўйинда таниша бошлагани унинг амалга оширган ўзгаришларидан билинди. Мураббий иккинчи бўлим аввалида майдонга туширган Шоҳрух Маҳмудхожиевни 86-дақиқада яна захирага олди.

«Динамо» ҳимояси шу куни «Насаф» билан ўйиндагидан яхшироқ ҳаракат қилгандек кўринди, чунки мудофаада одатдагидан камроқ хатолар кузатилди. Аммо «Сўғдиёна» таркибидаги индивидуал кучли футболчилар ўйин якунида барибир ғалабани илиб кетишди. Ўз одатига кўра дурангни кўнгилдаги натижа деб билмаган Абрамов футболчиларга ҳужум қилишни буюрди. Қарши ҳужумда эса Баҳодир Насимов ва Жасур Ҳасанов «Динамо»нинг 4 ҳимоячисига қарши қолиб гол уриб кетишди. 87-дақиқада Насимовнинг узатмасини чап қанотдан кириб борган Ҳасанов юқори бурчакка жойлаб қўйди.

Шу тариқа 70-дақиқада майдонга тушган Ҳасанов ўйин натижасини ҳал қилиб кетди. Унга голли узатмани яна бир захирадан қўшилган Насимов бергани Бақоев ўзгариш қилишда адашмаганини кўрсатади.

39 ёшли Жасур Ҳасанов захирадан майдонга тушиши билан ҳимоячиларни ва дарвозабонни шошириб қўя бошлагач, Абрамов ёрдамчилари орқали ўнг қанотдаги Ислом Шариповга Ҳасановнинг олдидан узоқлашмасликни буюрди. Аммо гол бўлган вазиятда майдондаги энг ёши катта футболчини Шарипов ҳам, «Динамо»нинг бутун ҳимоя чизиғи ҳам тўхтата олмади. Шу куни «Динамо» мухлисларида жамоа Абрамов бошчилигида етакчи «Сўғдиёна»ни тўхтатишига умид пайдо бўлганди. Аммо Абрамов майдонда собиқ шогирдлари Ҳасанов ва Қаҳрамоновни, майдон четида эса яна бир шогирди Улуғбек Бақоеани тўхтата олмади.

Қуйида Tribuna.uz мухбирининг «Динамо» – «Сўғдиёна» ўйинидан тайёрлаган фоторепортажини томоша қилишингиз мумкин.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар