07.08.2022 11:16
5537
Теглар
ФИФА ижара қоидаларини кучайтирди. Клубларга осон бўлмайди

ФИФА трансфер тизимини оптималлаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотларни давом эттирмоқда. Жараён 2017 йилда бошланган ва ўзгаришлар босқичма-босқич жорий қилиняпти.

Жумладан, трансферларни рўйхатга олувчи ягона электрон тизими ва футболчиларнинг рақамли паспорти аллақачон пайдо бўлган. Жорий йилнинг учинчи чорагига қадар FIFA Clearing House ишга туширилади. У бирдамлик мукофотларини тўлаш ва тақсимлашнинг автоматлаштирилган тизими учун масъул бўлади. Агентлик тўловлари бўйича ўзгаришлар ҳам навбатда турибди: улар воситачиларни лицензия олишга, даромадлар тўғрисида ҳисобот беришга ва 10 фоиздан ортиқ комиссия олмасликка мажбурламоқчи.

Коронавирус пандемияси туфайли ислоҳотлар секин кечмоқда. Улар 2020 йилда ижара бўйича янги меъёрий-ҳуқуқий базани қабул қилишмоқчи эди, аммо муддат икки йилга кўчирилди. Натижада, қоидалар фақат 2022 йил март ойида тасдиқланди ва июль ойида ниҳоят кучга кирди. Ҳозирча фақат халқаро миқёсдаги ижара учун, лекин миллий ассоциациялар келаси уч йил ичида ушбу қоидаларни қабул қилиши кутилмоқда.

Энди ижаралар қандай тартибга солинади: муддат ва миқдор бўйича қатъий чекловлар

ФИФА «ёш футболчиларнинг ривожланиши, рақобатбардош мувозанатни таъминлаш ва футболчиларнинг бир жамоада тўпланиб қолишига йўл қўймаслик» учун ижара муносабатларини тартибга солмоқчи. Яъни, ташкилот бой клублар томонидан ўнлаб футболчиларни балансда ушлаб турилиши ва камтарона жамоаларга ижарага бериб юборишига чек қўймоқчи.

Бунинг учун қуйидаги қоидалар жорий этилди:

- ижара муддати ва молиявий шартлари кўрсатилган ёзма шартнома бўлиши;

- ижаранинг максимал муддати – бир йил, минимал муддати - икки трансфер ойнаси ўртасидаги вақт;

- субижаранинг тақиқланиши, яъни ижарадаги футболчини бошқа клубга ижарага бермаслик;

- икки клуб ўртасидаги ижара сони бўйича чеклов: бир жамоага уч нафардан кўп футболчи берилмаслиги ва уч нафардан кўп футболчи олинмаслиги.

Лекин энг муҳими – мавсум давомида ижара сонининг умумий чекланиши.

Келгуси икки йил клублар учун ўтиш даври бўлади – янги шартлар кўпчиликни трансфер сиёсатини кескин ўзгартиришга мажбур қилади.

Шундай қилиб:

- Жорий йилнинг 1 июлидан 2023 йилнинг 30 июнига қадар клуб кўпи билан саккиз нафар футболчини ижарага бериши ёки олиши мумкин;

- 2023 йил 1 июлдан 2024 йил 30 июнгача – кўпи билан етти нафар футболчини;

- 2024 йил 1 июлдан бошлаб – кўпи билан олти нафар футболчини.

Чекловлардан фақат 21 ёш ва ундан кичик бўлган футболчилар, шунингдек, клуб тарбияланувчилари озод қилинади (15 ёшдан 21 ёшгача бўлганлар ва клубда камида 36 ой ўтказганлар ушбу тоифага киради).

Ижара институти узоқ вақтдан бери бор. «Челси» «ижара модаси»нинг оммалашишига сабаб бўлди

Лондон клуби йирик ижара тармоғини яратишда биринчилардан бўлмаган. Бироқ, кўплаб ижара шартномалари ҳақида гап кетганда, айнан «Челси» эсга олинади. Тизим собиқ техник директор Майкл Эменало томонидан ишлаб чиқилган. Унга кўра, клуб катта салоҳиятга эга ёш футболчиларни топиб, уларни ривожлантириш орқали келажакда фойда олиши ёки асосий таркиб футболчисига айлантириши лозим эди.

Бунинг учун клуб ўз ёш тоифасидаги энг кучли футболчиларни йиғиб олиб, сўнгра уларни ижарага бериб, ўйини очилиб кетгунча кузатарди. Кўпчилиги Нидерландия (асосан «Витесс») ва Германия клубларига жўнатиларди.

Бу тизим кўп марта танқид қилинган: футболчилар йиллар давомида ижарадан ижарага ўтиб, охир-оқибат «Челси» либосини кийишга умид қилмасдан йўқолиб қолишарди (масалан, Лукас Пиазон билан шундай воқеа содир бўлган).

Шу билан бирга, асосий жамоада ўйнашга қодир бўлганлар унчалик кўп эмасди. Танлов жараёни жуда қаттиқ бўлиб, фақат бўлғуси юлдузларгина асосий жамоага олинарди. Футбол жамоатчилиги «Челси» ижара сиёсатидан ёшларни ривожлантириш учун эмас, балки даромад олиш учун фойдаланаётганини танқид қилиб келар эди.

Аммо бу клубни хавотирга солмади – тизим ҳақиқатан ҳам барқарор молиявий моделни яратишга имкон берди. У нафақат даромад келтирди, балки «Челси» учун асосий таркиб футболчиларини ҳам етиштирди: Мейсон Маунт, Рубен Лофтус-Чик, Трево Чалоба, Рис Жеймс ва бошқалар.

Мана бир нечта муваффақиятли битимлар:

- Марио Пашалич («Хайдук»дан 2,5 млн еврога сотиб олинган) ➡️ «Аталанта»га 14,5 млн еврога сотилди;

- Натан Аке (тарбияланувчи) ➡️ «Борнмут» 22,8 млн евро;

- Фикайо Томори (тарбияланувчи) ➡️ «Милан» 28,8 млн евро;

- Марк Геҳи (тарбияланувчи) ➡️ «Кристал Пэлас» 23,3 млн евро;

- Тэмми Абраҳам (тарбияланувчи) ➡️ «Рома» 40 млн евро.

Ижарада маълум вақт ўйнаб, кейинчалик «Челси» уларни сотиб юборганидан сўнг юлдузга айланганлар ҳам бўлди (Кевин де Брюйне, Тибо Куртуа, Муҳаммад Салоҳ). Булар «мураббийлик фалсафасининг қурбонлари», шунчаки ўз вақтида жамоа моделига мос келмади.

Аммо фаолиятини ижараларда ўтказиб, чўкиб кетган ва арзон-гаровга бериб юборилганлар ҳам бўлди.

«Доимий ижаралардан маъно йўқ», - деб Пиазон сўзларини келтирмоқда Daily Mail. «Бу ҳеч бир футболчи учун яхши эмас. 22 ёшимда ҳар мавсумни турли клубларда ўтказяпман, бунда ижобий ҳолатни кўрмаяпман. Асосий таркибдан жой олиш қийин. Ҳар бир жамоанинг ўз футболчилари бор. Ҳар сафар асосий таркибдан жой олиш учун курашаман, ўйин дақиқалари ва голларга интиламан».

Қишда «Челси»нинг 21 футболчиси ижарада эди. Улардан ўн нафари 21 ёшдан ошган: Натан Бакстер, Жейк Кларк-Солтер, Эмерсон Палмиери, Мэтю Миазга, Бобо Раҳмон, Хуан Кастильо, Дужон Стерлинг, Тиемуэ Бакайоко, Дэнни Дринкуотер, Миши Батшуайи. Шу билан бирга, уларнинг тўрт нафари клуб тарбияланувчиси ҳисобланади. Шу сабабли, клуб ижарадагилар квотасини бузмади. Ҳозир эса ижарада 13 нафар футболчи қолди.

- Ромелу Лукаку, ҳужумчи («Интер», ижара муддати 30.06.23)

- Тино Анжорин, яримҳимоячи («Ҳаддерсфилд», 31.05.23)

- Натан Бакстер, дарвозабон («Ҳалл», 31.05.23)

- Ян Матсен, ҳимоячи, («Бёрнли», 31.05.23)

- Габриел Слонина, дарвозабон («Чикаго Файр», 31.12.22)

- Тиемуэ Бакайоко, яримҳимоячи («Милан», 23.06.22)

- Жейми Камминг, дарвозабон («МК Донс», 31.05.23)

- Генри Лоуренс, ҳимоячи («МК Донс», 31.05.23)

- Лукас Бергстрём, дарвозабон («Петерборо Юнайтед», 31.05.23)

- Брайан Фиабема, ҳужумчи («Русенборг», 31.12.22)

- Итан Уоди, дарвозабон («Уокинг», 31.05.23)

- Принс Адегоке, дарвозабон («Уэллинг Юнайтед», 31.05.23)

- Сэм Макклеланд, ҳимоячи («Барроу», 31.05.23)

Янги қоидалар билан «Аталанта» қийин вазиятга тушиб қолади. Ҳозирда клубнинг 35 нафар футболчиси ижарада (олдин улар икки баравар кўп эди!)

«Челси» ўз ижара тизимини ишлаб чиққанидан сўнг, кўплаб клублар ундан андоза олишга ҳаракат қилди. «Аталанта» эса тажрибани ҳаммадан яхшироқ ўзлаштирди – қишда жамоанинг 64 футболчиси ижарада эди.

2016 йилда Жан Пьеро Гасперини бош мураббий бўлгач, кенг миқёсдаги ислоҳотлар бошланди. Олдин клуб ёшларни тарбиялашга эътибор қаратган бўлса, энди трансфер бозори орқали даромад олишни кўзлай бошлади.

Раҳбарият асосий таркибни кучайтириш учун академия керакли миқдорда иқтидорли футболчиларни етиштира олмаслигини тушунди. Жисмонан чидамли ва қобилиятли футболчиларга муҳтож бўлган Гасперинини хурсанд қилиш ва пул топиш керак эди. Шу жойда «Челси» тизими қўл келди.

«Аталанта» Wallabies агентлигининг скаутлик хизмати билан ҳамкорлик қила бошлади ва ёш футболчилар бозорига кирди. 2019 йилда клуб 76 футболчини ижарага берди. Бу йил қишда - 64. Стратегия иш бера бошлади.

- Алессандро Бастони ва Роберто Гальярдини мос равишда 31,1 миллион евро ва 20,5 миллион евро эвазига «Интер»га ўтди;

- Франк Кессиэ бир қанча ижаралардан сўнг «Милан»га 32 миллион еврога сотилди;

- Деян Кулушевски «Ювентус»га 35 миллион евро эвазига берилди.

Сўнгги йилларда ҳеч бир клуб «Аталанта» каби арзон сотиб олиб, қимматга сотмаган. Клуб, ҳатто пандемия даврида ҳам даромад олди.

«Аталанта» сўнгги бир неча йил давомида ижарага берилган футболчилар сони бўйича етакчи жамоалар қаторига кирди. Шу билан бирга, уларнинг аксарияти академия тарбияланувчилари ва 21 ёшгача бўлган футболчилардир. Улар бозорда бир неча сабабларга кўра талабгир ҳисобланади: «Аталанта» мактабининг обрўси, камбағал клубларнинг қизиқиши ва ёшларнинг истиқбол учун кетишга тайёрлиги.

Янги қоидалар кучга киргач, «Аталанта»да ижарага берилган футболчилар анча камайди – 35. Италия клуби ҳали чекловларни бузгани йўқ, чунки футболчиларнинг аксарияти мамлакат ичидаги жамоаларга тарқалиб кетган, шунингдек, истисно остига тушганлари ҳам бор.

А Серияда «Интер» ҳам ижара тизимини ташкил қилган, аммо кўлами «Аталанта»никидан камроқ - қишда клубнинг 47 футболчиси ижарада эди, ҳозир эса 29. Шунингдек, «Ювентус», «Сассуоло», «Женоа» ва «Наполи» клубларида ҳам ўнлаб футболчилар ижарага берилган.

Қоидаларни четлаб ўтиш мумкин. «Сити» ва «Лейпциг» учун осон бўлади

21 ёшгача бўлган футболчилар ва ўз тарбияланувчилари учун қоидалар кўпроқ эркинлик беради. Бироқ, барибир, янги қоидаларга мослашиб олишга тўғри келади. Бу эса клубларга қийинчилик туғдириши мумкин.

Қоидаларни четлаб ўтиш мумкин ва бу консорциумларнинг бир қисми бўлган жамоалар учун осон. Масалан, «Манчестер Сити» ёш футболчиларни «Нью-Йорк Сити»га сотиши, кейин эса ўзаро манфаатли шартлар асосида қайта сотиб олиши мумкин, чунки клублар бир тузилмага киради.

City Football Group 12 та клубга эгалик қилади, шунинг учун вариантлар жуда кўп: инглиз клубидан ташқари, «Палермо», «Жирона», «Труа», «Мумбаи Сити», «Нью-Йорк Сити», «Иокогама Ф. Маринос», «Ломмель», «Мельбурн Сити», «Монтевидео Сити Торке», «НАК Бреда» ва «Сичуань Цзюню» ҳам бор.

Худди шу ҳолат «Лейпциг» кирадиган Red Bull тизимидаги жамоаларга ҳам тааллуқли – аввал футболчилар ижара шартномалари бўйича алмаштирилган бўлса, энди улар қисқа муддатли трансферларни расмийлаштириши мумкин.

Янги қоидалар футболнинг умумий иқтисодиётига ва футболчиларнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин, ФИФА шунга умид қилмоқда. Йиллар давомида жамоадан жамоага сарсон-саргардон бўлиш ўрнига, футболчиларнинг истиқболи аниқроқ бўлади: ё унга бир клубда ишонч билдирилади ёки бошқа жойда ривожланиш имкониятини берилиб, сотилади. Шунингдек, ФИФА янги қоидаларнинг жорий этилиши рақобат муҳитини кучайтиришга ёрдам беради, деб ҳисобламоқда.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар