03.08.2022 14:07
2496
«Вазифаларимизнинг бир қисмини уддаладик». Бабаян «Насаф» устидан ғалабани Наманган вилояти ҳокимига бағишлади

«Насаф» – «Навбаҳор» (0:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида «лочинлар» бош мураббийи Самвел Бабаян иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.

- Мазкур ўйиндан олдин таъкидлаганимдек, ушбу учрашув ҳеч кимни беэътибор қолдирмади. Охирги пайтларда «Насаф» - «Навбаҳор» учрашувлари жуда қизиқарли ва жанговар тарзда кечмоқда. Шунинг учун ҳам голларга бой, қизғин тарздаги ўйинлар бўляпти. Бугун ўзимиз учун муҳим бўлган ютуққа эришганимиздан жуда хурсандмиз. Бугунги ғалабани «Навбаҳор»га жон куйдираётган ҳамда қулай шароит, имкониятлар яратиб бераётган вилоят ҳокимига бағишлаймиз. Шавкат Шокиржанович нафақат «Навбаҳор» клубининг ривожига балки, Наманган футболининг ривожига катта куч сарфлаяпти.

Бевосита учрашувга келадиган бўлсак, биринчи даврада Намангандаги очилиш учрашувида ўйинни 55 фоизга назорат қилган бўлсак (бу вазиятда мен тўпни эмас, ўйинни назорат қилишни назарда тутяпман) бугунги учрашувда эса бошидан охиригача ўйинни тўлиқ назоратимиз остида ушлаб турдик. Ўйиндаги интрига эртароқ якунланиши керак эди. Лекин охиригача сақланиб турди. Шунга қарамай, рақибни ҳам эътироф этиб ўтмасам бўлмайди. «Насаф» жуда яхши ва сифатли жамоа. 

Чемпионатнинг қолган қисмига келадиган бўлсак, бу ёғига бизни жуда қизиқарли баҳслар кутиб турибди. Яна 12та ўйин бор. Фикримча, қолган барча учрашувлар мана шундай жанговар, кескин курашларга бой кечади. Ишқибозлар бу йил ажойиб чемпионатга гувоҳ бўлишяпти.

Шу ўринда биз ҳам мавсум аввалидаги мақсадларимиз томон интиламиз. «Навбаҳор»нинг олдинги мавқеи ва анъаналарини тиклаш, шу билан бирга клуб брендини жонлантиришга ҳаракат қиламиз. Ҳозирги кунда вазифаларимизнинг бир қисмини уддаладик. Бу «Навбаҳор» клубининг машҳурлиги. Маркетинг тадқиқотлари шуни кўрсатмоқдаки, «Навбаҳор» ҳозирги кунда энг кўп тилга олинадиган ва мухлислар ўртасида энг кўп қизиқишга сабаб бўлаётган клубдир. Стадионга ташриф бўйича ҳам, ойнаи жаҳон орқали ҳам айнан «Навбаҳор» юқоридаги кўрсаткичлар бўйича етакчи. Асосий вазифани бажардик. Турнир жадвалига келсак, биз яна биринчи ўринга қайтдик ва бу мухлисларимизга ёқяпти. Биз мухлисларимизни хурсанд қилиш учун бор кучимиз билан давом этамиз. Бугунги кунгача олдимизга қўйилган мақсадларнинг маълум қисмини бажариб бўлдик. 

- Нима деб ўйлайсиз, «Насаф»га бугун нима етишмади?

- Нима десам экан? Мен рақибга баҳо бера олмайман. Чунки ўз жамоамни кузатдим. «Насаф» чемпионатда яхши ўйнаб келяпти, барқарор жамоа. Бундай барқарорликка эришиш эса биринчи навбатда кадрлар масаласига боғлиқ. Таркибдаги футболчилар жамоанинг ўзаги ҳисобланади. Бундан ташқари, мураббийга ўзини кўрсатиш учун узоқ йиллар мобайнида имконият беришди. Жамоанинг натижалари ҳам шунга мос, - дея Самвел Бабаяннинг сўзларини келтирган клуб матбуот хизмати.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар