03.08.2022 14:04
3902
Рўзиқул Бердиев «Пахтакор»га қарши 3, «Навбаҳор»га қарши эса 4 ҳимоячи билан ўйнагани сабабини айтди

Суперлига 14-туридан ўрин олган «Насаф» – «Навбаҳор» (0:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида Рўзиқул Бердиев фикрлари билан ўртоқлашди. 

- Ўйинни ёмон бошладик. Дастлабки 10 дақиқа биз учун жуда ёмон кечди ва ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик. Шундан сўнг, ўйин «Навбаҳор»нинг режаси бўйича кечди. Иккинчи бўлимда анча ташаббусга эга бўлдик. Тезликда ҳам, ҳужумда ҳам фаол бўлдик. Аммо голга тортадиган вазиятлар бўлмади. Бунга «Навбаҳор» жамоасининг яхши ҳимоялангани сабаб бўлди.

- Легионер ўйинчиларни нега ўйин бошидан майдонга туширмадингиз?

- Улар ҳали бизнинг жамоани тўлиқ ўрганганлари йўқ. Легионерлар машғулотларда керакли юкламаларни олмоқда. Бундан ташқари, улар жисмоний тарафдан ҳам ҳали ўйинларга тўлиқ тайёр эмаслар. Шу сабабли ҳам легионерларни ўйин бошида захирада қолдирдим.

- Йил бошида «Пахтакор»га қарши кечган баҳсда уч нафар марказий ҳимоячи билан ўйнагандингиз. Бугун эса тўрт нафар ҳимоячи билан ўйнадингиз. Сизнинг наздингизда ҳозирги «Навбаҳор» мавсум аввалидаги «Пахтакор»дан кучлими? Нега таваккал қилиб кўрмадингиз?

- Йўқ, биз икки схемада ҳам ўйнаймиз. Аввалги ўйинларда уч нафар ҳимоячи билан ўйнашимизга Шерзод Насруллаевнинг жароҳати сабаб бўлганди. Биз вазиятдан келиб чиқиб, уч нафар ҳимоячи билан ўйнаганмиз. Умуман жамоамизнинг асосий тактик схемаси 4-3-3 ҳисобланади. Шу сабабли ҳам бугунги ўйинга айнан шундай схема танланди.

- Лекин ўйинни сақлаб қолиш учун учрашувнинг сўнгги 20-25 дақиқасида таваккал қилдингиз. Балки, ўйин аввалида шундай тактика танлаганингизда «Навбаҳор» бу каби кескин ҳужумлар ташкил қила олмаган бўлармиди?

- Йўқ, менимча. Ўйин охирида таваккал қилдик. Лекин вазиятлар яратишда жуда оқсадик. Буни ўзингиз ҳам кўрдингиз. Аммо йигитларга бу ўйин учун раҳмат деб қоламан. Улар охиригача курашишди. Ҳеч бўлмаса дуранг учун курашишди. Лекин камчиликлар бўлди. Буни бартараф этиш учун биргаликда ҳаракат қиламиз. 

- Охирги марта «Насаф» ўйинчиларининг техник хатоларга бунчалик кўп йўл қўйганларини тўғриси эслолмадим. Бу нима билан боғлиқ? Ўйин давомида шогирдларингиз кўплаб техник хатоликларга йўл қўйишди...

- Бу албатта ҳаяжон билан боғлиқ. Айнан ҳаяжон сабабли, йигитларнинг ўйинга бўлган тайёргарликлари ошиб кетгандир. Шунинг учун баҳсни жуда асабий бошладик. Баъзи йигитларда бу нарса ўйиннинг охиригача давом этди. 

- «Навбаҳор» жорий мавсумда ўз олдига олий мақсад қўйган. Нима деб ўйлайсиз, «Навбаҳор» мазкур ўйини билан бу йил ОЧЛ йўлланмасини қўлга кирита оладими?

- ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш учун чемпионат, кубок ўйинлари бор. Бир нарсани аниқ айта оламанки, ушбу мавсум чемпионлик учун ҳам, ОЧЛ йўлланмалари учун ҳам охиригача кураш бўлади. Сабаби, бу йил бир неча жамоаларнинг савияси бир хил даражада. «Навбаҳор» ҳам бу рўйхатда бор, албатта. Аммо айнан бир жамоани алоҳида кўрсатмайман. Бу йил кўпчилик ўртасида кураш кечади, - дея мураббийнинг сўзларини келтирган «Навбаҳор» клуби матбуот хизмати.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар