31.07.2022 12:59
7624
Суперлига 1-давраси якуни: «Пахтакор», «Навбаҳор», «Насаф»да энг қимматбаҳо таркиб, «Динамо» ва «Қўқон-1912»да энг арзон

Transfermarkt портали талқинига кўра, Суперлига 1-давраси якунларига биноан амалдаги чемпион «Пахтакор» энг кучли таркибга эга, «Динамо»нинг таркиби эса энг кучсизи сифатида баҳоланган.

Футболчиларнинг трансфер баҳоларини эълон қилиб борадиган портал «Пахтакор»нинг Суперлига биринчи даврасидаги умумий таркиби баҳосини 9,8 миллион еврога баҳолаган. Жамоа ўйинчиларининг ўртача нархи 392 минг евро деб кўрсатилган. Тошкент клуби ўйинчилар нархи борасида Суперлигада пешқадам.

Бу борада иккинчи ўриндан «Навбаҳор» жой олган. Суперлига пешқадами бўлиб турган жамоа таркибининг умумий баҳоси 8,68 млн еврога тенг. Ўйинчиларнинг ўртача нархи 361 минг евро. Самвел Бабаян мураббийлигидаги Наманган клуби иккинчи давра олдидан қимматбаҳо харидларни амалга оширганини инобатга олсак, «лочинлар» бу борада яна ўсиш имкониятига эга.

Турнир жадвалида «Навбаҳор»дан кейинги 2-ўринни эгаллаб турган «Насаф» таркибининг умумий қиймати бўйича ҳам Наманган клубидан кейинги 3-ўринни эгаллаб турибди. Қарши жамоаси таркиби умумий – 8,61 млн еврога баҳоланган. Ўйинчиларнинг ўртача баҳоси 359 минг еврога тенг.

Рейтингнинг кучли бешлигидан чемпионликни мақсад қилган ОКМК ва «Сўғдиёна» жамоалари ўрин олган. Миржалол Қосимов қўл остида 7,1 млн евролик таркиб, Улуғбек Бақоев бошқарувида эса 6,13 млн евролик таркиб йиғилган.

«Локомотив» ва «Нефтчи» таркиб борасида топ-7ликдан ўрин олган бўлса-да, футболчиларнинг даражаси юқорилиги жамоаларнинг турнир жадвалидаги натижасига акс этмаган - «Локомотив» 9-ўринда, «Нефтчи» эса 13-ўриндан жой олган.

Ўтган мавсум Про лигадан Суперлигага чиққан «Динамо» таркиб жиҳатдан элитанинг энг камтарона жамоаларидан бири экани мавсум бошидаёқ кўринганди. Умумий таркиби энг арзон – 3,6 миллион еврони ташкил этган клуб трансфер нархлари жадвалида бўлгани каби Суперлига турнир жадвалида ҳам бир хил натижа – сўнгги ўринда бормоқда. Суперлигада 12-ўринда бораётган «Қўқон-1912» таркиби эса нарх жиҳатдан 13-ўринда қайд этилган – 4,2 млн евро. Портал иккинчи давра олдидан амалга ошган трансфердан кейин рейтингда ўзгаришлар қилиши мумкин.

Суперлига клублари трансфер баҳоси:

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар