29.07.2022 12:43
9427
Теглар
«Челси» «трансфер ўғриси» сифатида танилганди, энди ўзи ҳам «ўғрилар» қурбони бўлмоқда 

«Челси» ўтган йилларда бошқа жамоаларнинг трансфер мақсадини «илиб кетишга уста» сифатида ном қозонган эди. Энди эса ўзи ҳам бундай «ўғирликлардан» азият чекмоқда.

«Челси» 2022 йил ёзги трансфер кампаниясини муваффақиятсиз ўтказмоқда, «Севилья» ҳимоячиси Жюль Кунде уларнинг қўлидан чиқиб кетган навбатдаги футболчи бўлди.

Goal хабарига кўра, Кунде «Челси» учун устувор мақсад бўлган. Чунки, Антонио Рюдигер ва Андреас Кристенсен кетгач, Тухель ҳимояни у билан кучайтиришни режалаштирганди. Аммо Жюль охир-оқибат «Стэмфорд Бриж» ўрнига «Камп Ноу»га боришни маъқул кўрди.

Ғарбий Лондон клуби рад жавобларига кўникмаган. Аммо трансфер амалга ошишига яқин қолганда иқтидорларни қўлдан чиқариш билан боғлиқ бир неча ҳолатлар бўлган.  Бошқа томондан, «Челси» ҳам бир-икки келишувни «ўғирлашга» эришган.

Goal уларнинг зиддиятли трансфер тарихи тўғрисидаги қисқача маълумотларни тўплади.

Арьен Роббен («ПСВ» клубидан «Челси»га)

2004 йилнинг ёзида 20 ёшли Арьен Роббен «ПСВ» клубидаги фаолиятини ёрқин бошлагач, Европа футболи бозоридаги энг «қайноқ» футболчилардан бирига айланди.

«Манчестер Юнайтед» нидерландияликка биринчи бўлиб таклиф жўнатди ва клуб базасига ташриф буюрганидан кейин шартнома имзолаши керак эди. Аммо «Челси» сўнгги дақиқада рақибдан ўзиб кетди.

«Кўклар» Роббен учун 12 миллион фунт стерлинг таклиф этишди, бу «Манчестер Юнайтед»никидан 2 баробар кўп эди. Натижада, Арьен Жозе Моуриньо жамоасига қўшилди. Қанот футболчиси «Челси»нинг 2004/05 ва 2005/06 мавсумидаги ғалабаларида муҳим рол ўйнади. 2007 йилда «Реал»га кетди.

Жон Оби Микел («Лин»дан «Челси»га)

Аслида «Челси» Норвегиянинг «Лин» клубидан нигериялик яримҳимоячи Жон Оби Микелни олганида, барча даврларнинг энг машҳур трансфер «ўғирлик»ларидан бирини содир қилди.

2005 йилнинг апрель ойида «Манчестер Юнайтед» Микел билан шартнома имзолаганини эълон қилди. У ҳатто матбуот анжуманида ОАВ вакилларига ҳам таништирилди. Аммо «кўклар» аллақачон Микелнинг агенти билан келишувга эришиб қўйган эди.

Натижада, можаро судгача борди. Узоқ давом этган тортишувда «Челси»нинг қўли баланд келди. Орадан 14 ой ўтгач, Микел «кўклар» футболчиси сифатида таништирилди. У лондонликлар билан 2 марта Премьер-Лигада ва Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқди.

Виллиан («Анжи»дан «Челси»га)

«Челси» 2013 йилда «Анжи» яримҳимоячиси Виллианни ўз сафига қўшиб олди ва Премьер-Лигадаги яна бир рақибини ортда қолдирди.

«Анжи» бразилиялик футболчининг трансфери бўйича дастлаб «Тоттенҳэм» билан 30 миллион фунт стерлинг миқдоридаги келишувга эришган ва ҳатто у тиббий кўрикдан ҳам ўтиб қўйган эди. Бироқ Абрамович футболчини Лондоннинг шимолига эмас, балки ғарбий қисмига боришга кўндириш учун шахсан ўзи ҳаракат қилди.

Виллиан «Челси» билан беш йиллик шартнома имзолади ва кейинчалик 2020 йилгача жамоада қолиб, 5 та совринни қўлга киритишда муҳим ҳиссасини қўшди.

Рафинья («Лидс»дан «Барселона»га)

Бу йил ёзда «Челси»нинг трансфер бозорида омади юришмаяпти.

«Кўклар» 2020/21 мавсумини ажойиб ўтказган «Лидс» яримҳимоячиси Рафинья билан шартнома имзолашни мақсад қилишган эди. Goal бразилиялик футболчи учун 55 миллион фунт стерлинг таклиф қилингани ҳақида ёзди.

«Лидс» расмийлари дастлаб трансферга тайёр эдилар. Аммо Рафинья «Барселона» билан шахсан келишиб қўйди ва «Камп Ноу»га боришни истади.

Шундан сўнг, «Челси» эътиборини «Манчестер Сити» ҳужумчиси Раҳим Стерлинг билан шартнома имзолашга қаратди. Рафинья якунда «Барселона»га ўтди.

Маттейс де Лигт («Ювентус»дан «Бавария»га)

Маттейс де Лигт «Ювентус»ни тарк этмоқчи экани маълум бўлгач, «Челси» унга қизиқиш билдирди. 2019 йилда «Аякс»дан келган футболчи туринликлар умидини оқлай олмади.

«Кўклар» Нидерландия миллий жамоаси аъзоси учун катта миқдорда пул тўлашга тайёр эдилар. Аммо охир-оқибат у «Бавария»га ўтишни афзал кўрди.

Германия чемпиони Де Лигт учун 64 миллион фунт стерлинг тўлади. «Челси» эса ҳимоя чизиғини кучайтириш учун бошқа вариант излашга мажбур бўлди.

Жюль Кунде («Севилья»дан – «Барселона»га)

«Челси» Де Лигтни бой бергач, эътиборини Кундега қаратди. Франциялик футболчи аввалги трансфер ойналарида «кўклар» сафига қўшилишга яқин эди. «Челси» эса трансфер умидида «Севилья» билан доимий алоқада бўлиб турди.

Премьер-Лига гиганти Кунде учун 55 миллион фунт стерлинг таклиф қилди. Ҳатто «Интер»га кетган Ромел Лукакунинг уйини ҳам ижарага олиб қўйди. Аммо якунда «Барса» яна уларнинг қалбини оғритди.

Яна бир муҳим мақсаддан айрилгач, Тухель янги мавсум олдидан таркибини тўлдиришга вақт тополмади. Аммо энди у омад келишига умид қилмоқда, чунки трансфер бозорида ҳали вариантлар бор.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар