26.07.2022 15:42
999
«Унинг «Барселона»даги тарихи тугаганига ишонмайман» — Лапорта Мессини ортга қайтарадими?

«Барселона» кейинги ёзда Мессини қайтармоқчи. Клуб афсона олдидаги айбини юмшатишни режа қилган.

Алданиш

Бир йил олдин Лео Мессининг Барселонадаги хайрлашув матбуот анжуманида у билан бирга бутун футбол олами йиғлаганга ўхшарди. Бу бир вақтнинг ўзида ҳам таъсирли, ҳам даҳшатли адолатсизлик ҳисси туфайли оғриқли эди. Ла Лигадаги маош чегараси билан боғлиқ метин қоидалар туфайли Месси қадрдон жамоасида қола олмади. У рамзий маошга ва ҳатто текинга ўйнашга рози бўлса ҳам бунинг иложи йўқ эди.

Албатта қонунларга риоя қилиниши керак. «Барселона»га миллиард евролик қарзни қолдириб кетган собиқ президент Жозеп Бартомеу қоидаларга бепарволик билан тупурганди. Клуб президентлигига қайтган Жоан Лапорта эса Ла Лигадан энг ёрқин юлдузига нисбатан хайрихоҳлик кутди. Унинг нимага умид боғлагани тушунарсиз. Аммо Месси билан хайрлашиш тадбири қандай ташкил этилгани ҳақиқий шармандалик.

Аргентиналик юлдуз Испания Кубогида ғалаба билан якунланган ажойиб мавсумдан сўнг, таътилдан бир ўй билан қайтди – янги шартномани имзолаш. У ерда ёзилган бандларга кўра, Месси фаолиятини якунлагач, «Барселона» элчиси сифатида MLS лигасига йўл олиши, кейин эса клубдаги раҳбарлик лавозимларидан бирини эгаллаши керак эди. Улар ҳатто тақдимот санасини ҳам белгилашди.

Аммо кутилмаганда, тантанали маросимдан бир кун олдин клуб офисига келган Мессининг устига бир челак музли сув қуйилди. Аргентиналикка мулойим тарзда чиқиш эшикларини кўрсатишган бўлса-да, у ҳиссиётларини шундай тасвирлади.

Месси хайрлашар экан, вазиятни қабул қилишга уринаётган ва ҳеч кимни айбламаётган одамдек таассурот қолдирди. Аммо шубҳасиз, унда алам бор эди. Лео ўзини алдангандек ҳис қилди. Лапорта эса расмий хайрлашувдан сўнг, ундан текинга ўйнашга тайёрлиги ҳақидаги сўзларни эшитишга умид қилганини айтди. Месси бундан ранжиди.

«Маошимни 50 фоизга қисқартиришни сўрашди ва мен буни иккиланмасдан қабул қилдим. Биз клубга кўпроқ ёрдам бера олардик. Менинг ва оиламнинг хоҳиши Барселонада қолиш эди. Ҳеч ким мендан текинга ўйнашни сўрамаган, шу туфайли, президент сўзларини ўринсиз деб биламан. Улар мени хафа қилишди, чунки бундай гапларни айтмаслиги керак эди. Бу худди тўпни эгаллаб олиб, масъулиятни ўз зиммасига олмасликка ўхшаяпти. Бу гаплардан сўнг одамлар ўйланиб қолишади ва менга нисбатан шубҳа уйғонади. Мен бунга лойиқ эмасман», деди Месси «ПСЖ» клубига кўчиб ўтганидан сўнг.

Хавининг илтимоси

Май ойида Лапорта интервью бериб, Месси ҳақида кўп гапирди. Бу эса унинг отаси Хорхени ғазаблантирди. Катта Месси «Барселона» президентига қўнғироқ қилиб, Лео ҳақида гапиришни тўхтатишни, ўғлининг дилини оғритмасликни сўраган. Шунингдек, унинг қайтиши имконсиз эканини айтган.

Лекин популизмга мойил бўлган Лапортани кимдир тўхтата олармиди?! Лас-Вегасда ўтказилган Класикодан олдин, кучли трансфер кампаниясидан ва телевидение ҳуқуқларининг бир қисмини сотишдан олинган даромаддан илҳомланган президент ахборот майдонини портлатди.

«Месси биз учун ҳамма нарса эди. У «Барса» тарихидаги энг яхши, энг самарали футболчи бўлган. Уни фақат Йоҳан Кройфф билан таққослаш мумкин. Мессининг «Барселона»даги тарихи тугаганига ишонмайман. Бу боб ҳали ҳам очиқ эканига, ёпилмаганига ишонч ҳосил қилишимиз шарт. Бу бизнинг бурчимиз.

«Мен ундан қарздор эканимни ҳис қиляпманми? Ҳа. Маънавий жиҳатдан, «Барселона» президенти сифатида қўлимдан келган ишни қилдим, деб ўйлайман. Аммо айнан «Барселона» президенти сифатида шахсан ундан қарздорман», деди Лапорта.

Президент собиқ сардор олдидаги маънавий бурчини тан олди, албатта бу янгилик эмас. Бироқ, мавзуни клубга яқин бўлган Sport нашри ривожлантирди. Унда «Барселона» бош мураббийи Хави Лапортадан Мессини келаси ёзда «Камп Ноу»га қайтаришни сўрагани ҳақида хабар берилди. Сана эса тасодифан танланмаган, чунки 2023 йилда аргентиналикнинг «ПСЖ» билан имзолаган шартномаси муддати тугайди. «Барса» президенти эса юлдузлар доимо клубга текинга қайтиши кераклигини айтиб келади.

Мессининг ўзи бунга тайёрми? Хайрлашиш пайтида у албатта қайтишини айтганди. Sport нашрига берган интервьюда унинг оиласи албатта Барселонада яшаши кераклиги ҳақида гапирди. Шунингдек, кўк-анорранглилар спорт директори бўлиш орзуси борлигини маълум қилди. У орқага қайтиш учун керак бўлган кўприкларни ёқиб юбормади. Чунки президент шахсияти ва клуб бир хил нарса эмас.

Сўнгги воқеалардан келиб чиққан ҳолда, Мессининг «ПСЖ» билан имзолаган шартномаси қачон тугашини билмаслиги ҳақидаги сўзлари бошқача янграмоқда. Гап шундаки, уни яна бир мавсумга узайтириш ҳақидаги банд бор. Сўнгги маълумотларга кўра, парижликлар раҳбарияти ушбу вариантни фаоллаштириш истаги борлиги ҳақида футболчини аллақачон огоҳ қилган. Аргентиналик эса ЖЧ-2022 якунлангач, жисмоний ва эмоционал ҳолатига баҳо бериб, сўнгра бир қарорга келишини айтган.

Аммо энди Мессининг «Камп Ноу»га мулозим сифатида эмас, балки футболчи сифатида қайтиш имкониятини баҳолашимиз керакдек кўринади. Ва бу ажойиб бўларди, чунки шоҳ ўз фаолиятини уйида тугатиши керак.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар