2023 йилги Осиё кубоги мусобақасида мезбоннинг ўзгариши якунда олимпия терма жамоамизга келгуси мусобақада қўл келиши мумкин.
Гап шундаки, футбол бўйича навбатдаги Осиё кубоги баҳслари 2023 йилнинг июнь-июль ойларида Хитойда бўлиб ўтиши керак эди. Аммо пандемия билан боғлиқ муаммолар туфайли Хитой ушбу мусобақага мезбонлик қилишдан бош тортгач, Австралия, Индонезия, Жанубий Корея ва Қатар турнирни қабул қилиш таклифи билан чиқишди. Мусобақани ўтказиш бўйича етарли инфратузилмага эга бўлган кореяликлар бемалол кўрсатилган саналарда Осиё кубогига мезбонлик қилиш имкониятига эга, аммо бизга маълум бўлишича, мезбонликка Қатарнинг имкониятлари юқорироқ баҳоланмоқда. Бунга сабаб сифатида, қатарликларнинг Осиё кубоги-2027га ҳам даъвогар экани ва ўша турнирда бошқа номзодлар, хусусан Саудия Арабистонига ён босилиши мумкинлигини инобатга олиб, ЖЧ-2022дан сўнг энг зўр шароит ва инфратузилмага эга бўладиган Қатарга Осиё-2023ни бериш эҳтимоли баланд.
Агар 2023 йилдаги Осиё чемпионати Қатарга бериладиган бўлса, юзага келиши мумкин бўлган муаммо – ушбу мамлакатда ёзда футбол мусобақаларини ташкил қилиш имконсиз экани бўлади. У ҳолда ОФК Осиё чемпионатини худди аввалгилардек январь ойига кўчириш имконияти юқори. Турнирнинг 2023 йилнинг ёзидан 2024 йилнинг январь ойига кўчирилиши эса бошқа бир масалани ҳам ўртага чиқаради: айни шу пайтда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида навбатдаги Осиё чемпионатининг ўтказилиши белгиланган.
Катталар ўртасидаги Осиё кубогининг 2024 йилнинг январь ойига кўчирилиши U23 мусобақасига бошқа муддатга белгилаш эҳтиёжини яратади. Ечим сифатида турнирнинг 2024 йил март ойида бўлиб ўтиши варианти ҳам кўриб чиқилмоқда экан.
У ҳолда, ушбу мусобақага мезбонлик қилиш учун Ўзбекистонда имконият пайдо бўлади. U23 ўртасидаги 2022 йилги Осиё чемпионатини қабул қилган Ўзбекистон кейинги турнир учун ҳам даъвогарлик қилган, аммо январь ойида юртимизда футбол ўйнаш шароити бўлмаслиги туфайли, имконият пасайиб кетганди. Март ойида эса Ўзбекистон футбол мусобақаларини бемалол ўз уйида қабул қилиши мумкин.
Шунда 2023 йилдаги Осиё кубогини Қатарга, U23ни эса Ўзбекистонга бериб, ОФК ўзига яраша «дипломатик» келишувга эришиши ва 2027 йилдаги турнирни Саудия Арабистонига бериш вариантига кенгроқ йўл очиши мумкин.
Медаллар билан биргаликда, Олимпиада йўлланмасини ҳам берадиган U23 ўртасидаги навбатдаги Осиё чемпионати мезбонлиги эса Ўзбекистон олимпия жамоаси учун имкониятни янада оширади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада футбол мусобақалари учун Осиёга 3,5та ўрин ажратилган. Яъни, турнирда финалга чиққан ва 3-ўрин учун баҳсда ғолиб чиққан уч жамоа тўғридан-тўғри Парижга йўлланма олади. 4-жамоа эса Африканинг тўртинчи жамоаси билан плей-офф ўйинлари ўтказади.