25.07.2022 11:59
13519
«Бавария» тезликни оширди. Ҳатто «Сити» шайхлари ҳам бу клуб трансферларига ҳавас қилишади

«Бавария» бу йил ёзда Европада трансферлар учун энг кўп пул сарфлаган клублардан бири бўлиб турибди. Мавсумлар оралиғида немис клуби янги футболчилар учун 120,5 миллион евро харажат қилди, бу «Манчестер Сити», «Барселона», «Челси», «ПСЖ» ва «Реал»никидан кўпроқ.

Bild нашри талқинига кўра, ҳозиргача энг кўп пул сарфлаган клублар учлиги қуйидагича:

1. «Арсенал» – 127,06 млн евро (Габриэл Жезус – 52,2 млн евро, Фабиу Виейра – 35 млн евро, Александр Зинченко – 30 млн евро, Мэтт Тёрнер – 6,36 млн евро, Маркиньос Оливейра – 3,5 млн евро).

2. «Бавария» – 120,5 млн евро (Маттейс де Лигт – 70 млн, Садио Мане – 32 млн, Райан Гравенберх – 18,5 млн евро)

3. «Манчестер Сити» – 108,75 млн евро (Эрлинг Ҳоланд – 60 млн евро, Калвин Филлипс – 48,75 млн евро)

Кейинги ўринларда «Барселона» (103 млн евро), «Челси» (94,2 млн евро), «Боруссия Дортмунд» (86 млн евро), «Ливерпул» (85,8 млн евро), «Реал» (80 млн евро), «ПСЖ» (79,5 млн евро) ва «Манчестер Юнайтед» (72,37 млн евро) бормоқда.

«Бавария» нафақат харажат, балки сифат жиҳатидан ҳам бошқалардан олдинда боряпти. Бундан ташқари, немислар ҳали трансфер бозорида ишни тугатмаган.

Маттейс де Лигт мустаҳкам ҳимоя варианти

Ҳимоячи Маттейс де Лигт – «Бавария»нинг асосий хариди. У немис клуби билан 2027 йилгача шартнома имзолади. Трансфер суммаси 67 млн евро бўлди. Мюнхен клуби бу суммани тўрт йил давомида тўлаб беради. Клублар ўртасидаги келишувда 10 млн евро миқдорида бонуслар ҳам кўзда тутилган.

«Бавария» де Лигтнинг нархини туширишга муваффақ бўлди. Дастлаб «Ювентус» камида 75 млн евро ва бонуслар талаб қилганди. Футболчи немисларга жуда қимматга тушди, аммо ортиқча тўлов миқдори жуда катта бўлди дейишга асос йўқ. Ҳали ҳам катта салоҳиятга эга 22 ёшли ҳимоячи учун мақбул нарх.

«Юве»да Маттейснинг иши юришмади. Нидерландиялик футболчи 2019 йилда Туринга эмас, балки «Аякс»дан «Бавария»га ўтмоқчи бўлганини тан олган эди. Де Лигтнинг орзуси амалга ошди – энди у Мюнхенда. Бундан буёғига футбол майдонида ўз салоҳиятини исботлаши керак. Маттейс ёмон бошламади. «Ди-Cи Юнайтед»га (6:2) қарши ўртоқлик ўйинида гол урди.

Садио Мане – Роберт Левандовскига муносиб ўринбосар

«Бавария» июн ойида «Ливерпул» вингери Садио Мане трансферини тахминан 50 млн еврога расмийлаштирганди. У «Барселона»га ўтиб кетган Роберт Левандовскининг ўрнини эгаллайди. Садио классик «тўққизлик» эмас, лекин бу муаммо бўлмайди. Мюнхенни тарк этган Левандовски вазиятни жуда яхши таҳлил қилди.

«Менимча, «Бавария»да шунча кўп иқтидорли ҳужумкор футболчилар борки, уларга классик «тўққизлик» керак эмас. Улар менга тўғридан тўғри ўринбосар бўлиши шартмас. Жамоа турли услубда, янгича ўйнаши мумкин. Менимча, Нагельсманн жуда кўп ғояларга эга. Унга классик ҳужумчи керак эмас. Бу ғоя «Бавария»га жуда мос келиши мумкин.

Кимлар гол уради? Садио Мане, Серж Гнабри, Кингсли Коман, Лерой Сане, Томас Мюллер, Жамол Мусиала. Ўйинчилар гол уриш учун кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олишади. Уларнинг кўрсаткичлари яхшиланади ва кўпроқ гол уришади», – деди Роберт.

Садио, худди де Лигт каби, «Ди-Cи Юнайтед»га қарши ўйинда «Бавария» учун биринчи голини урди. Шундан сўнг, Африканинг энг яхши футболчиси совринини олди. Сенегаллик ҳужумчининг Юлиан Нагельсманн жамоасига фойдали бўлишига шубҳа йўқ.

«Бавария» президенти Герберт Ҳайнер де Лигт ва Мане трансферидан мамнун.

«Маттейс – биз орзу қилган футболчи. Янги мавсум режасини тузганимизда, у рўйхатнинг энг юқорисида эди. Биз келишувдан жуда мамнунмиз. У келажакда биз қурмоқчи бўлган жамоанинг муҳим бўлагидир. У ҳар доим етакчилик функцияларини ўз зиммасига олган – бу бизга керак.

Айтишларича, Бундеслига доимо халқаро юлдузлар етишмаслигидан азият чекади. «Бавария» ҳар доим ушбу тоифадаги ўйинчиларни сотиб олишга ҳаракат қилган. Садио Мане ва Маттейс де Лигт тимсолида биз иккита биринчи даражали юлдузни қўлга киритдик. Албатта, Бундеслига бундан фақат жозибадор бўлади, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ», – деди Ҳайнер.

Садио «Барселона»га ўтган Левандовскидан уч ёш кичик. Классик «тўққизлик» ҳам эмас, лекин у мунтазам равишда қандай қилиб гол уришни билади. Қолаверса, топ-клублар «тўққизлик» ролини бажарувчи ўйинчилардан тобора кўпроқ воз кечиб, вингерларга таянишмоқда. «Бавария»да эса улар кўп.

Райан Гравенберх – арзон сотиб олинган энг умидли футболчилардан бири

 «Бавария» июн ойи ўрталарида «Аякс»дан Райан Гравенберхни сотиб олганини эълон қилганди. 20 ёшли яримҳимоячи билан 2027 йилга қадар шартнома имзоланган. Трансфер 18,5 млн еврога баҳоланмоқда (бонуслар билан бу сумма 25 млн еврогача етиши мумкин). Шунингдек, «Аякс» футболчининг кейинги трансфери қийматининг 7 фоизини олиши мумкин.

«Райаннинг бу ерда эканидан мамнунмиз. Гравенберх – Европанинг энг зўр истеъдодларидан бири, ҳамма уни қўлга киритишни хоҳларди», – деди «Бавария» спорт директори Ҳасан Салиҳамижич.

Гравенберхга «Реал», «Манчестер Юнайтед» ва «ПСЖ» жиддий қизиқиш билдирганди, аммо у «Бавария»ни танлади. Бунинг сабабини отаси айтди.

«Бавария» раҳбарияти клубини «Аякс»га ўхшашини, аммо каттароқ миқёсда эканини айтишди. Агар «ПСЖ», «Манчестер Сити» ёки «Реал»га қарасангиз, улар 15 футболчи сотиб олади, аммо уларда аллақачон 40 футболчидан иборат таркиб бор. «Бавария» кўпи билан уч, тўрт ёки бешта мақсадли трансферни амалга оширади. Улар бу футболчиларнинг келажагига сармоя киритишади. Бу Райаннинг танловида муҳим рол ўйнади», – деди катта Райан Гравенберх.

«Бавария» дарҳақиқат «ПСЖ» ёки «Манчестер Сити» каби кўплаб ўйинчилар сотиб олмайди. Демак, немисларнинг сифатли харидларига шайхлар ҳам ҳавас қилиши мумкин.

«Бавария» анъаналарга эга клуб. Бизда инвесторларни жалб қилиш имконияти йўқ. Агар Премьер-лига ва Бундеслига таққосланса, телевизион шартномалар бўйича катта фарқни кўриш мумкин. Улар инвесторларни жалб қилиш имкониятига эга, аммо Германияда бунинг иложи йўқ. Бизга ўхшаган клублар учун рақобат муҳити жуда мураккаб. Лекин биз курашяпмиз ва Европанинг энг яхши клублари қаторига кира оламиз», – деди «Бавария» бош директори Оливер Кан.

Дарҳақиқат, немислар учун Испания, Англия клублари ёки «ПСЖ» билан рақобат қилиш қийин. Аммо «Бавария» буни муваффақиятли амалга оширмоқда. Клуб мақсадли ва сифатли трансферларни амалга оширмоқда. Мюнхенликлар тўхтаб қолмоқчи эмас.

«Бавария» янги трансферлар учун таркибни тозаламоқда

«Бавария» бир неча футболчилари билан хайрлашмоқчи. Мюнхен клуби яримҳимоячи Марсел Забитцер, ҳужумчи Жошуа Зиркзее, ҳимоячилар Крис Ричардс, Бенжамин Павар ва Буна Саррни сотишдан 75-85 млн евро тўплашни режалаштирмоқда.

«Бавария» энг кўп фойдани Павар трансферидан ишлаб олмоқчи – 35 млн евро. L’Equipe хабарига кўра, 26 ёшли футболчига «Манчестер Юнайтед», «Челси», «Атлетико» ва «Ювентус» қизиқиш билдирмоқда. Ҳозирча улардан ҳеч бири жиддий таклиф бермаган. Аммо томонларнинг шошиладиган жойи йўқ. «Бавария» трансфер ойнаси тугагунча кутишга тайёр.

Паварнинг ўзи «Бавария»да қолиши кераклигига шубҳа қилмоқда. Коронавирус пандемияси унинг фикрига таъсир қилди, чунки чекловлар туфайли доимо оиласидан узоқда бўлди. Бу унинг психологик ҳолати ва ўйин даражасига таъсир қилди. Бундан ташқари, франциялик футболчи марказий ҳимоячи сифатида мунтазам ўйин амалиётига эга бўладиган клубда ўйнашни истайди. «Бавария»да у деярли доим ҳимоянинг ўнг қанотида ўйнади.

Sky Sport журналисти Флориан Плеттенберг хабарига кўра, 22 ёшли Крис Ричардс «Кристал Пэлас»га бонуслар билан бирга 15-20 млн еврога сотилади. Ўтган мавсумда «Ҳоффенҳайм»да ижарада ўйнаган ва ўзини кўрсата олмаган футболчи учун яхши нарх. Крис ҳали нисбатан ёш ва ўсиши мумкин, аммо у «Бавария»нинг асосий жамоаси даражасида бўлиши даргумон. Захира ўриндиғига михлаш ва қийматини пасайтиришдан кўра, уни ҳозир сотиш яхшироқдир.

Зиркзее «Андерлехт»да ижара асосида ўйнади. 38 ўйинда 16 та гол урди. Ёмон эмас, лекин Левандовски кетганидан кейин ҳам Мюнхенда 21 ёшли ҳужумчига жой йўқ. Вазият Забитцер ва Сарр учун ҳам худди шундай. «Бавария» ҳар бири учун 10 млн евро олса, хурсанд бўлади.

Таркибнинг тозаланиши немисларга яна бир юқори савиядаги футболчини олиш имконини беради. Криштиану Роналду, албатта, «Бавария»ни қизиқтирадиган соҳада эмас, аммо бозордаги бошқа таниқли ўйинчилар Мюнхенга бориши мумкин.

Ҳозирча немислар нисбатан оддий мақсадларни кўзламоқда. Инсайдер Николо Скира хабарига кўра, клуб «Ренн»нинг 17 ёшли истиқболли ҳужумчиси Матис Тел бўйича музокараларда муваффақиятга эришган. «Бавария» 17 млн евро + 5 млн евро бонус таклиф қилган. «Лейпциг»нинг 25 ёшли яримҳимоячиси Конрад Лаймер борасида ҳам музокаралар олиб борилмоқда. «Бавария» 20 млн евро таклиф қилишга тайёр, «Лейпциг» эса 30 млн евро талаб қилмоқда. Томонлар муроса излашда давом этяпти. Умуман олганда, «Бавария»нинг мақсадли ва сифатли трансфер кампанияси ҳали тугамайди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар