24.07.2022 09:23
6414
«Спорт сиёсатдан холими?» – спорт канали Қатар ва Саудия ўртасидаги «совуқ уруш» қуролига айлангани ҳақида

Саудия Арабистони сиёсий рақиби ва қўшниси Қатарни жиловлаш учун спорт ўйинлари трансляцияларини амалга оширувчи канал сигналини ўғирлашга қаратилган қароқчиликни қўллаб-қувватлади. Ҳатто ФИФА ҳам Қатарга ёрдам бера олмади. Қарама-қаршилик бир неча йил давом этди.

Саудия Арабистони ва Қатар ўртасидаги «совуқ уруш»

2017 йил 5 июн куни БАА, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Яман, Ливия ва Миср давлатлари Қатар билан ҳар қандай алоқаларни узиб, ушбу мамлакат фуқароларининг ўз ҳудудига киришини тақиқлаганди.

Ўшанда Қатар терроризмни қўллаб-қувватлашда айбланди.

2015 йил декабрида Ироқ жанубидаги Нажаф чўлида суриялик жангарилар Қатар қироллик хонадони аъзоларини ўғирлаб кетган эди. Кейинчалик Қатар гаровга олинган 26 кишини қутқариш учун 1 миллиард евро тўлашга рози бўлди. Пулларнинг 700 миллиони Ироқ разведкасининг юқори мартабали ходимларига (музокараларда ёрдам бергани учун), яна 300 миллиони суриялик жангариларга тўланди. Айнан мана шу 300 миллион Яқин Шарқдаги бошқа давлатларни ғазаблантирди. Улар бу хатти-ҳаракатларда терроризмни молиялаштириш белгиларини кўришди.

Аммо, аслида, сабаб чуқурроқ бўлган. Блокада Форс кўрфазининг энг қудратли (Қатар билан бирга) давлатлари БАА ва Саудия Арабистони ташаббуси билан бошланган.

Улар Қатар билан узоқ йиллик қарама-қаршиликларга эга: сиёсий (Қатар янги турдаги араб давлатини қурмоқда – инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи), ҳарбий (Қатар Саудиянинг рақиблари – Туркия ва Эронга ҳарбий базаларни жойлаштиришга рухсат берган) ва ҳатто спорт (Қатар Яқин Шарқ мамлакатлари ичида биринчи бўлиб Жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди). Гаровга олинганларнинг тўлови билан боғлиқ вазият узил-кесил жанжаллашиш учун сабаб бўлди.

Блокада нафақат иқтисодиётга, балки спорт соҳасига ҳам таъсир қилади. Саудия Арабистони ва БАА жаҳон чемпионатини Қатардан тортиб олишга чақирди – аммо бу иш бермади (жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини сақлаб қолиш учун Қатар «юмшоқ куч» ишлатди ва Неймарни «ПСЖ» клубига сотиб олди).

Бунга параллел равишда саудияликлар Қатарнинг муҳим медиа активи, Яқин Шарқнинг асосий спорт канали – beIN Sports каналига ҳужум қилишди (топ лигалар футболи, «Формула 1», NBA, Уимблдон, Олимпиада, жаҳон чемпионати, NFL трансляциялари).

Канал расман Францияда рўйхатдан ўтган ва ҳатто «ПСЖ» билан бир бинода жойлашган, аммо асосий акциядори Қатар ҳукумати ҳисобланади. Канал сўнгги йилларда йирик спорт мусобақалари трансляцияларига 1 миллиард евродан кўпроқ маблағ сарфлаган. Пуллар Қатар ҳукумати томонидан тўланган.

2017 йил июн ойида Форс кўрфазининг олти давлати ўз ҳудудида beIN каналини блоклаб қўйди ва декодерларини сотишни тақиқлади. Саудия Арабистони янада кескин чораларни кўриб, beIN каналининг маҳаллий бўлими ускуналарини мусодара қилди.

Саудия Арабистони қатарликлар каналида уларни масхара қилди ва террорчилар билан алоқадорликда айблади

Саудияликлар beIN ўрнига янги спорт каналини ишга туширишни режалаштиришди. Янги ном (PBS Sports) ва логотип ўйлаб топилди. Аммо 2017 йил августи келди ва Саудия Арабистонида beoutQ канали иш бошлади. Аслида бу аввалги beIN канали трансляциялари эди, бироқ 10 сониялик кечикиш ва янги логотип билан.

Саудия Арабистони расмийлари бунга алоқадорлигини инкор этиб, айбни негадир Колумбия ва Кубага юкладилар (ўз навбатда улар бунга алоқаси йўқ экани ҳақида баёнот беришга мажбур бўлишди). Лекин ҳамма нарса beoutQ саудияликларнинг лойиҳаси эканига ишора қиларди.

Биринчидан, канал логотипи PBS Sports ва beIN Sports логотиплари аралашмасидан иборат эди.

Иккинчидан, «заҳарли» ном – бир вақтнинг ўзида ҳам beIN канали, ҳам Қатар масхара қилинмоқда (beoutQ - Қатардан ташқарида бўл, Қатардан кет).

Саудия Арабистонида beoutQ ишга туширилиши билан бир вақтда beIN канали ва Қатар обрўсини қоралаш кампанияси бошланди. Бу кулгили эди: бир томондан, Саудия Арабистони beoutQ каналига алоқадор эканини рад қиларди, иккинчи томондан, beIN блокланганини ҳар томонлама оқларди. Қатар канали барча спорт ҳуқуқларини сотиб олган (ҳақиқат) ва обуначиларга юқори нархларда сотадиган (баҳсли) ёвуз капиталист сифатида тасвирланди.

BeIN каналини блоклаб қўйиш учун баҳона ҳам ўйлаб топишди: улар Қатарни халқаро терроризмни оқлаш ва Саудия Арабистонини обрўсизлантириш учун beIN каналидан фойдаланганликда айблади.

Улар ҳатто веб-сайт (ҳозир мавжуд эмас) ҳам яратишди, у ерда beIN орқали Саудия Арабистони ҳақидаги салбий баёнотлар мисолларини тўплашди. Бир нечта эпизодлар бўлди, энг ҳайратланарлиси бир йил ўтиб содир бўлди: beIN шарҳловчиси ЖЧ-2018 очилиш ўйинида саудияликларга эмас, Россия миллий жамоаси футболчиларига хайрихоҳлик билдиришда айбланди.

Пропаганда учун ҳокимиятга яқин одамлар масъул эди. Улардан бири – шаҳзоданинг собиқ маслаҳатчиси Сауд ал-Қаҳтоний. Washington Post журналисти Жамол Қошиқчи ўлдирилганидан сўнг у гумонланувчилар қаторида бўлган (гўёки унинг кўрсатмаси бўйича мухолифатдаги ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар таъқиб қилинган), аммо унга расман айблов қўйилмаган. 2017 йил август ойида у Киберхавфсизлик вазири бўлиб ишлаган ва (Қатар талқинига кўра) beoutQ каналини ишга туширишда иштирок этиши мумкин эди. Эфир бошланишидан бир ҳафта олдин ал-Қаҳтоний ижтимоий тармоқларда Саудия Арабистонидаги томошабинлар тез орада яна спортни томоша қилиши ҳақида ёзган. Сауд шунингдек, beIN каналини танқид қилувчи ботлар ҳужумини ҳам уюштирган.

«Саудиялик қаҳрамонлар beIN сигналини ўғирлаб, уни beoutQ қилиб кўрсатадилар», деб ёзган эди Абдулазиз Ал-Мурайсил (машҳур Ар-Риёзий газетаси хўжайини) ижтимоий тармоқда. Худди шу жойда у beIN каналини энг кулгили ҳақорат учун танлов эълон қилди. Совринга бепул beoutQ декодери қўйилди.

beoutQ шунингдек, Қатарга қарши ташвиқот билан тўлдирилди: спорт ўйинлари танаффусида улар Қатарни террорчилар билан алоқада бўлганликда айбловчи видеолар, «спорт сиёсатдан холи» ва «йўқолсин монополия» шиорларини тарқатишди.

beoutQ Саудия Арабистони расмийлари билан боғлиқлигини англатувчи билвосита далиллар:

– 2018 йилги Жаҳон чемпионати вақтида Саудия Арабистони ҳукумати beoutQ орқали ўйинларни оммавий томоша қилиш учун 294 та майдон очди (канал барча 64 ўйинни намойиш этди).

– beIN компанияси сигнал Саудия Арабистони пойтахтидан узатилаётганини аниқлади. «Сигнал Ар-Риёддаги Arabsat сунъий йўлдоши провайдери томонидан узатилмоқда», деди beIN бошқарувчи директори Том Кивени. «Уларнинг асосий акциядорлари Саудия Арабистони қироллик оиласи ҳисобланади. Бундай даражадаги қароқчилик жуда қиммат туради ва техник жиҳатдан ташкил этиш мураккаб. Улар ҳаваскор эмас».

Йирик спорт ташкилотлари Саудияга қарши кураш бошлади

2018 йил 2 октябрда Қатар Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) даъво аризаси берди – Саудия Арабистони интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузганликда айбланди. Шу куни beIN Media Group зарарни ундириш учун судда 1 миллиард доллар талаб қилди.

Аммо 2018 йилга келиб, beoutQ энди фақат Қатар муаммоси эмас эди. Канал кенгайтирилди ва унга бошқа мамлакатларда ҳам уланиш мумкин бўлди. Ассортимент ҳам кўпайди, каналда нафақат beIN, балки Англиянинг BBC ва Sky Sports трансляциялари ҳам узатила бошланди.

Бу эса жиддий ҳаракатларга туртки берди. 2018-2019 йилларда бир гуруҳ федерациялар ва лигалар (Ла Лига, Бундеслига, А Серия, УЕФА, ФИФА ва Осиё футбол конфедерацияси) Arabsat компаниясини қароқчиликни тўхтатиш талабига кўмиб ташлашди. Хатлар провайдер томонидан эътиборсиз қолдирилгач, гуруҳ судга бериш ҳаракатларини бошлади. Халқаро ҳуқуқ қоидаларига кўра, гуруҳнинг Саудия Арабистонида ҳам вакили бўлиши керак эди. Саудиянинг тўққизта юридик фирмасига мурожаат қилинди ва барчасидан рад жавоби олинди. Тахминларга кўра, адвокатларга Саудия Арабистони расмийлари томонидан босим ўтказилган.

«Биз муаммога дуч келдик: Саудия Арабистони ҳудудида ўзимиз ишлай олмаймиз ва адлия тизимига кириш эса чекланган. beIN шуни билиши керак: биз уларнинг манфаатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва бу курашда елкама-елка борамиз», — деб тушунтирди Премьер-лиганинг юридик бўлими раҳбари Кевин Пламб.

2019 йилнинг ёзида клублар ва федерациялар ёрдам сўраб мурожаат қилишди: «Саудия Арабистонида бизни ҳимоя қилиш учун адвокат ёллаш иложсиз. Биз beoutQ муаммосини бошқа йўл билан ҳал қиламиз: Саудия Арабистони Маданият вазирлиги ва ҳукуматидан beoutQ каналига қарши чора кўришни сўраймиз».

Саудия Арабистони ҳукумати бунга қандай муносабатда бўлди? Ҳатто эътиборга олмади.

Саудияликлар чуқур мудофаага ўтдилар: мамлакат вакиллари beoutQ билан алоқани рад этишди ва деярли ҳар бир вазиятда beIN канали хатти-ҳаракатлари сиёсий эканини гапиришди. ФИФАни Қатарга нисбатан суриштирув ўтказишни бошлашга чақирувчи петиция ишга туширилди (115 мингта имзо тўпланди).

Туркий Ол Аш-Шайх (Саудия Арабистони спорт вазири ва шаҳзоданинг катта маслаҳатчиси) ижтимоий тармоқларда УЕФА президенти билан учрашишдан бош тортганини, чунки иккиюзламачиларни ёқтирмаслигини ёзди. УЕФА эса Александр Чеферин бу одам ҳақида ҳеч қачон эшитмаганини маълум қилди.

ЖСТ Саудия ҳукуматини айбдор деб топди. Лекин бу ёрдам бермади

2020 йил ёзида Жаҳон савдо ташкилоти beoutQ ишини ўрганишни якунлади. 130 саҳифалик ҳисоботда учта мутахассисдан иборат комиссия барчага аллақачон маълум бўлган нарсаларни тасдиқлади.

Ҳисоботга кўра, Саудия Арабистони расмийлари нафақат қароқчиликка қарши курашишдан бош тортган, балки ОАВ ва юқори мартабали шахслар орқали телеканални реклама қилган. Ҳисоботга Сауд ал-Қаҳтонийнинг beoutQ канали ишга туширилишини реклама қилган твитлари илова этилган – бу билвосита далил. Шунингдек, ЖСТ Саудия Арабистони ҳукуматининг адвокатлик фирмаларига босимини тасдиқлади.

2019 йилда MarkMonitor компанияси ФИФА талабига кўра ўз текширувини ўтказди. Хулосалар бир хил: сигнал Arabsat орқали узатилмоқда, канални Саудия Арабистонидаги нуфузли сиёсатчилар қўллаб-қувватламоқда.

beIN ва УЕФА қароқчилар устидан қозонилган ғалаба ҳақидаги қувончли хабарларни эълон қилди. BeoutQ фаолиятини имкон қадар тезроқ тугатиш зарурлиги ҳақида айтилди.

Саудия Арабистони бунга қандай муносабатда бўлди? Пинагини бузмади.

Курашлардан чарчаган beIN Sports трансляция ҳуқуқи эгалари кармонига зарба бериш билан таҳдид қилди: келажакда тўловларни қисқартириш ва баъзи турнирларни рад этиш орқали. Ёқимсиз таҳдид, чунки beIN миллиардлаб тўлаяпти, beoutQ эса 0.

«Медиаҳуқуқлар пуфаги тез орада ёрилади. Биз эксклюзив ҳуқуқлар эксклюзив бўлмаган дунёда яшаяпмиз. beoutQ ва умуман қароқчилик туфайли биз барча спорт ҳуқуқларини эксклюзив эмас деб ҳисоблаймиз. Демак, энди улар учун пул тўламаймиз», деди beIN Sports бош директори Юсуф Ал-Убайдлий 2019 йил октябр ойида.

2020 йил феврал ойида beIN «Формула 1» ҳуқуқини сотиб олмади. Ёзда эса пандемия ва «қароқчиликнинг даҳшатли оқибатлари» туфайли 100 кишини (мухбирлар, шарҳловчилар ва техник ходимлар) ишдан бўшатди. Аммо федерациялар ва лигалар ҳамон beoutQ ва Саудия Арабистонига таъсир қила олмаётганди.

Ҳалоскор Англия футболи

beoutQ билан боғлиқ қароқчилик тарихи абадий давом этиши мумкин эди, аммо тасодиф туфайли барҳам топди. 2020 йилда Саудия Арабистони ҳукумати (PIF – давлат инвестиция фонди орқали) «Ньюкасл»ни сотиб олишга қарор қилди. Саудия Арабистони дахлсизлик қобиғидан чиқди, футболда янги манфаатларни белгилади, демак, ўзига босим ўтказиш имкониятини яратди.

beIN Sports бош директори Юсуф Ал-Убайдлий агар Премьер-Лига харидни тақиқламаса, 650 миллион фунтга тенг ТВ шартномасини бекор этишига шама қилди. Амалдаги шартнома 2021/22 йилги мавсум охиригача амал қилар эди.

Шунингдек, бош директор Премьер-Лига клубларига мактуб йўллаб, уларни харидни блоклашга чақирди: «Саудия Арабистони ҳукумати деярли уч йил давомида Премьер-Лига тижорий ҳуқуқлари ўғирланишига ва шунга мос равишда даромадингиз пасайишига ҳисса қўшди».

Қоидага кўра, АПЛ ҳар бир келишувдан олдин янги хўжайинлар лига имижига путур етказадими ёки йўқлигини текширади. beIN босими иш берди: Лига битимни текширишни 4 ойга чўзиб юборди ва 2020 йилнинг августида Саудия вакиллари ҳужжатларни қайтариб олишди.

Қатарликлар Премьер-Лигага миннатдорчилик билдириб, декабр ойида 2025 йилгача мўлжалланган янги телевизион шартномани имзоладилар (Reuters тахминан 500 миллион доллар ҳақида ёзди). Бунга қарши овоз берган ягона клуб қайси эканини тахмин қилиш қийин эмас.

Кейин эса «музлар эриди» – «Ньюкасл» иштиёқидаги Саудия Арабистони енгилди. Премьер-Лига билан музокараларга воситачилар эмас (илгари Саудия манфаатини британиялик ишбилармон аёл Аманда Стэйвли ҳимоя қилган, айнан у Премьер-Лигага БАА шайхларини ҳам олиб келган), балки бевосита Саудия Арабистони расмийлари ва шаҳзода вакиллари киришди.

Саудияликлар Премьер-Лиганинг барча талабларига рози бўлишди: бир неча ҳафта ичида улар beIN сигналини узатувчи барча қароқчи каналларни ёпишди. Қатарликларга мамлакатда трансляция қилишга рухсат берилди ва 1 миллиард доллар товон пули таклиф этишди.

Бунинг эвазига АПЛ «Ньюкасл» битимини тасдиқлаш жараёнини тезлаштирди. 2021 йилнинг кузида харид якунланди ва 2022 йил январ ойида Қатар ва Саудия Арабистони ярашиб олишгани ва ўзаро даъволарни қайтариб олиниши ҳақида ЖСТни хабардор қилишди. Ашаддий рақиблар яна қўшни ва шерикларга айланди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар