22.07.2022 15:07
10233
Криштиану Роналду изтиробда, клублар португалияликни бирин-кетин рад этмоқда

«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Криштиану Роналду Чемпионлар Лигасида ўйнаш учун янги клуб изламоқда. Бироқ, топ-клублар унинг хизматига қизиқиш билдирмаяпти. Балки 37 ёшли футболчи энди жаҳон юлдузи эмаслигини тушуниши керакдир?

Россиянинг «Чемпионат» сайти колумнисти Михаил Георгиев ҳужумчининг мавсумлар оралиғидаги «саргузаштлари»ни таҳлил қилди.

Криштиану Роналду «Манчестер Юнайтед»ни тарк этиб, Чемпионлар Лигасида иштирок этувчи клубга ўтмоқчи. Футболчининг агенти Жорже Мендеш мижозининг хизматини Европанинг топ-клубларига фаол равишда таклиф қилмоқда. Жуда фаол тарзда.

Роналду учун «Бавария» ва «Атлетико» вариантлари тасдиқланмади

Баъзи таниқли шахслар клуб Роналдуга муҳтож эмаслиги ҳақида жамоатчилик олдида фикр билдиришдан ўзларини тия олишмади. «Бавария»нинг бир эмас, уч вакили Криштианунинг Мюнхенга ўтиши амалга ошмаслигини таъкидлашга мажбур бўлди. Афтидан, бу борадаги миш-мишларга барҳам бериш учун.

«Мен Криштиану Роналдуни, унинг ютуқлари ва карьерасини жуда ҳурмат қиламан. Аммо яна бир бор айтаман, унинг трансфери бизнинг режаларимизда йўқ ва бўлмаган ҳам», деди «Бавария» спорт директори Ҳасан Салиҳамижич.

«Мен Криштиану Роналдуни «Бавария»га сотиб олиш истагим борлиги ҳақида ўқидим, аммо бу ёлғон», деди бош мураббий Юлиан Нагельсман.

«Мен Криштиану Роналдуни яхши кўраман. У фантастик ўйинчи, лекин ҳар бир клубнинг ўз фалсафаси бор. Мен унинг трансфери ҳозир «Бавария» ва Бундеслига учун тўғри бўлишига ишончим комил эмас. Бундай трансфер ғояларимизга тўлиқ мос келмайди», деди мюнхенликлар бош директори Оливер Кан.

Оливернинг сўзларида расмий услуб сезилиб турибди, аммо маълум миқдорда истеҳзо ва асабийлик ҳам бор. Роналду «Бавария»га керак эмас. Ва бошқа топ-клубларга ҳам. Афтидан, Мендешнинг Криштиану хизматларини таклиф қилиш бўйича уринишлари боши берк кўчага кириб қолган.

«Бавария»дан кейин «Атлетико» достони бошланди, аммо бу ҳам узоқ давом этмади. Мадрид клуби Marca нашрига эҳтимолий трансфер иқтисодий жиҳатдан имконсиз ва фойда келтирмаслигини айтди. Айни дамда «матрасчилар» португалияликнинг юқори маошини ҳам, трансфер нархини ҳам кўтара олмайди. Нашрнинг ёзишича, ҳужумчининг Мадридга (бундан олдин Мюнхенга) ўтиши ҳақидаги миш-мишларни Роналдунинг атрофидагилар, хусусан агенти Жорже Мендеш тарқатмоқда.

«Атлетико» Криштианунинг трансфери ғоясини дарҳол рад этди. Томонлар ўртасида норасмий алоқалар бўлган, аммо бундан ортиғи эмас. «Матрасчилар» бош мураббийи Диего Симеоне Роналдуни ҳурмат қилади, бироқ у португалиялик билан ишлаш имконияти учун жамоани қайта шакллантирмоқчи ва қайта қурмоқчи эмас. Мендешнинг қитмирлиги ҳеч қандай натижа бермади, фақат «Атлетико» мухлисларини ғазаблантирди.

«Криштиану Роналдуга клубимиз футболкасини кийиш тақиқланган. У «Атлетико» мухлисларини ҳеч қачон ҳурмат қилмаган ва устидан кулган футболчи. У кўп йиллар давомида асосий рақибимиз ҳужумчиси бўлган, энг севимли футболчиларимиз билан кўп тўқнаш келган. Криштиану Роналду – «Атлетико» фалсафасига мутлақо зид», деди «Атлетико» мухлислар ҳаракати вакили Жонатан Фернандес The Sun нашрига.

Бошқа топ-клублар ҳам Криштиануга қизиқмаяпти

Diario Sport нашри хабарига кўра, Криштианунинг рафиқаси Жоржина Родригес уни Испанияга қайтишга ундамоқда. Роналду ва Родригес ўртасидаги муносабатлар 2016 йилда, Криштиану «Реал»да ўйнаган пайтда Мадридда бошланган. Икки йилдан сўнг улар Туринга, уч йилдан кейин эса Манчестерга кўчиб ўтишди. Жоржина тез-тез кўчиб ўтишлар болалар учун яхши эмаслигидан хавотирда. Эр-хотин беш фарзандни тарбияламоқда. Футболчи унинг талабига қарши эмас, аммо Чемпионлар Лигасида ўйнаш истагини ҳам унутмаяпти.

«Ўтган ҳафта Роналду билан гаплашдим ва унинг «Манчестер Юнайтед» сафида бошқа ўйин ўтказиши даргумон. Ўйлайманки, у руҳий жиҳатдан аллақачон кейинги қадамни босган. Ўйлайманки, у бутунлай кутилмаган жойга тушиб қолиши мумкин», деб ёзди британиялик журналист Пирс Морган.

Агар Роналду «Реал»даги ўтмишини унутиб, «Атлетико»га ўтишга тайёр бўлса, унинг қай даражада тушкунликка тушганини тасаввур қилиш мумкин.

Криштиану яқинда «Барселона»га ўтишга ҳам рози бўлган эди, аммо у ерда трансфер ҳақидаги ғоядан тезда воз кечишди. «Реал» эса Криштиану жамоага тўғри келмаслигини анчадан бери билдириб келмоқда. Испаниядан Чемпионлар Лигасининг тўртинчи иштирокчиси бўлган фақат «Севилья» қолди, аммо Роналдунинг ўзи ҳали бундай нисбатан кучсиз жамоаларда ўйнашга тайёр эмас.

Криштианунинг Пиренейда бошқа варианти ҳам бор эди – ватани Португалиядаги қадрдон «Спортинг». Аммо ҳужумчи шахсан ижтимоий тармоқдаги изоҳи орқали бу миш-мишларга чек қўйди.

Узоқ вақт давомида «Челси» варианти ҳам бор эди. Бироқ, ESPN хабарига кўра, Лондон клуби вингер Раҳим Стерлинг билан шартнома имзолаганидан сўнг, бундай трансфер имконияти йўққа чиқди.

«ПСЖ» ҳам Криштиануни сотиб олмоқчи эмас. Италияда эса Европа Лигасида иштирок этувчи «Рома»дан ташқари барча вариантлар имконсиз бўлиб чиқди. Криштиану асабийлашиб, катта пул эвазига Саудия Арабистонига кетиши мумкин эди, аммо бу вариант унга яқин йилларда қизиқ эмас.

«Манчестер Юнайтед» мавсумолди йиғинини Роналдусиз ажойиб бошлади. Бу Криштиану учун ёмон белги

Айни пайтда «Манчестер Юнайтед» Эрик тен Ҳаг қўл остида мавсумолди сафарини муваффақиятли ўтказмоқда. Учта ўртоқлик ўйинида «Манчестер Юнайтед» умумий 11:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Рақиблар «Ливерпул» (4:0), «Мельбурн Виктори» (4:1) ва «Кристал Пэлас» (3:1) клублари эди. Барча ўйинларда ҳужумчи Антони Марсиял гол уришга муваффақ бўлди. Учта ўйиннинг иккитасида Маркус Рэшфорд рақиб дарвозасини ишғол этди.

Криштиану таътилдан кейин ҳамон «Манчестер Юнайтед»га қайтмаган. Ҳозир тактикалар тузилмоқда, жамоавий ўйин шакллантирилмоқда. Марсиял, Санчо ва Рэшфорддан иборат ҳужум триоси ажойиб меҳнат қилмоқда. 37 ёшли Роналду эса янги клуб топишга шошилмоқда. Ҳозирча тен Ҳаг вазмин. Мураббий Криштиануни топ-профессионал деб атади ва ўз жамоасида ўйнашга иштиёқи йўқ футболчининг формаси ҳақида қайғурмаяпти. Аммо эртами-кечми Роналдунинг хатти-ҳаракати унинг ҳам жаҳлини чиқариши мумкин.

Охир оқибат, Криштиану кейинги мавсумда «Манчестер Юнайтед» таркибида Европа Лигасида ўйнашга рози бўлиши мумкин. Аммо клубнинг ўзи унинг қайтишига қарши бўлиб, «Рома» ёки бошқа клубга сотиб юборсачи?

Португалиялик юлдузнинг хатти-ҳаракатларини «Манчестер Юнайтед», тен Ҳаг ва жамоадошларига нисбатан тўғри деб айтиш қийин. Криштианунинг руҳий изтироблари эса одамни чарчатмоқда.

Афтидан, Роналду суперюлдуз мақоми аллақачон ўтмишда қолгани билан муросага келиши керак. Унинг олдидаги йўллар: Европа Лигасида бир йил ўйнаб, клубини Чемпионлар Лигасига қайтишига ёрдам беришга ҳаракат қилиш. Ёки «Милан»да 1,5 млн евролик шартномани имзолаган Златан Ибраҳимович каби маошининг қисқаришига рози бўлиш. Энди Роналду бир вақтнинг ўзида иккита стулда ўтира олмайди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар