16.07.2022 19:06
4303
Теглар
Суперлига 1-давра томошабинлар ташрифи: «Навбаҳор» пешқадам, «Насаф», «Пахтакор», «Динамо», «Сўғдиёна» – бешликда

Суперлига 1-давра якунларига кўра, стадионлардаги томошабинлар ташрифи бўйича кутилганидек Наманганинг «Навбаҳор» клуби ишқибозлари яққол пешқадам бўлишди. 

Жорий мавсумги чемпионат биринчи давраси якунига биноан, турнир жадвалида пешқадамлик қилаётган «Навбаҳор» жамоаси сингари Наманган клуби мухлислари ҳам томошабинлар меҳри борасида биринчи ўринда бормоқда. «Лочинлар»нинг 1-даврадаги ҳар бир уй учрашувида ўртача 14 966 нафар мухлис йиғилган.  

Суперлига жорий мавсумидаги рекорд ҳам айнан наманганлик мухлисларга тегишли. «Навбаҳор» «Бунёкдор»га қарши ўйинида (2:1) Наманганда рекорд – 26 231 нафар томошабин тўпланган. Бу натижа яқин орада янгиланишига ишониш қийин. 

Томошабинлар сони бўйича иккинчи ўриндан «Насаф» жой олган. Ўзбекистонлик мухлисларнинг ёқимтой жамоаларидан бирининг Қаршидаги уй ўйинларига ўртача 7 553 нафардан томошабин ташриф буюрган.  

Биринчи даврада Қашқадарёдаги энг кўп томошабин йиғилган баҳс 7 май кунги «Насаф» - «Пахтакор» тўқнашуви бўлди. Нурсиз дуранг (0:0) билан якунланган учрашувни 15 500 мухлис кузатиб борган. Бу Қаршидаги жорий мавсумги рекорд. 

Кейинги 3-4-5-ўринлардаги «Пахтакор», «Динамо» ва «Сўғдиёна» жамоаларининг уй стадионларида тўпланган томошабинлар сони деярли тенг. Амалдаги чемпион жамоа Тошкентда ўртача 4 482 томошабин тўплаган бўлса, турнир жадвалида сўнгги ўринда бораётган «динамочилар»нинг Самарқанддаги ҳар бир баҳсига ўртача 4 155 нафардан ишқибоз йиғилмоқда. Суперлига вице-чемпиони ва ОФК кубогида муваффақиятли иштирок этаётган Улуғбек Бақоев шогирдларининг Жиззахдаги ҳар бир баҳсига эса ўртача 4 143 нафардан томошабин келган. 

Томошабинлар ташрифи бўйича ўнликдан «Металлург», «Қизилқум», ОКМК, «Бунёдкор» ва «Қўқон-1912» жамоалари ҳам жой олган. Шу ўринда, Навоий ва Қўқон шарафини ҳимоя қилувчи клубларининг уй ўйинларини бошқа шаҳарлардаги стадионда ўтказганини қайд этиш жоиз. Мезбонликдаги барча учрашувлар маҳаллий мухлислари қаршисида ўтганида клублар бу борада юқорироқ ўринларда ҳам бўлиши мумкин эди. «Қизилқум» давра якунига келиб навоийлик мухлислари қаршисида тўп сурди. 

Бу борада сўнгги ўринларда «Олимпик», «Нефтчи», «Локомотив» ва «Сурхон» жой олган. Эътиборлиси, ушбу 4 жамоадан 3таси уй ўйинларини Тошкентдаги «Локомотив» стадионида ўтказмоқда. Темур Кападзе мураббийлигидаги дебютант «Олимпик» ҳали энди мухлис тўплаётган бўлса, «Нефтчи» мухлислари ташрифи пастлигини жамоанинг Фарғона шаҳри эмас, 100 километр узоқликдаги Яйпанда тўп сураётгани билан изоҳлаш мумкин. «Сурхон» ҳам шундай вазиятда – клубнинг Термиздаги стадиони ҳали талабга жавоб бермаслиги сабабли клуб 1-даврадаги уй ўйинларини Тошкент, Самарқанд ва Олмалиқда ўтказишга мажбур бўлди. «Локомотив» эса аввалги йилларда ҳам бу борада мақтана олмасди. 

Суперлига-2022 биринчи давра томошабинлар ташрифи:  

 

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар