«Барселона» бош мураббийи Хави Осиёдаги фаолияти давомида Эронда бўлгани учун АҚШга бора олмаяпти.
Mundo Deportivo хабарига кўра, Каталония клуби тез орада мавсум олди йиғинни ўтказиш учун Америка қўшма штатларига жўнаб кетади, аммо жамоа бош мураббийи Хави клуб билан бирга уча олмайди. У АҚШга бориш учун махсус рухсатнома ололмаган. Бунгача «Барса» бу паспорт ва маъмурий муаммолар билан боғлиқ экани ҳақида маълум қилганди.
Манбанинг қайд этишича, Хавига АҚШга кириш учун махсус рухсатнома рад этилгани сабаби испаниялик мутахассиснинг Қатар клубидаги фаолияти давомида уч марта Эронда бўлгани билан боғлиқ.
Энди «Барселона» клуби ҳуқуқшунослари бу масалани ҳал этиши учун Хави душанба кунигача кутишига тўғри келади.
Маълумот учун, Каталония клуби океан ортидаги турне давомида 20 июль куни «Интер Майами», 24 июлда «Реал», 26 июлда «Ювентус», 31 июлда эса «Нью Йорк РБ» клубига қарши ўртоқлик ўйинларида майдонга тушиши режалаштирилган.