Россияда Премьер-Лига Кубоги (РПЛ Кубоги) мусобақасини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Sports.ru хабарига кўра, турнирда кўплаб янгиликлар синаб кўрилади.
Жумладан, ўйиннинг темпи ва жозибасини ошириш мақсадида 30 дақиқалик 3 та тайм (оралиғида 15 дақиқалик 2 та танаффус) жорий қилинади.
Гуруҳ босқичида дуранг натижалар бўлмайди. 90 дақиқада ғолиб аниқланмаса, пенальтилар тепилади. Тўп аутдан оёқ билан ўйинга киритилади (худди футзалдаги каби).
Очко бериш тизими қуйидагича: асосий вақтдаги ғалаба учун 3 очко, пенальтилар сериясидаги ғалаба учун 2 очко, пенальтилар сериясидаги мағлубият учун 1 очко, асосий вақтдаги мағлубият учун 0 очко.
VAR тизими орқали қарор қабул қилинганида ҳакамлар томонидан жонли эфирда тушунтириш берилади.
Ҳозирча мусобақа регламенти бўйича якуний қарор қабул қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, Россия клублари ва миллий жамоалари барча халқаро мусобақалардан четлатилган.