«Челси» кутилмаганда супер жамоа тузиши мумкин. Юлдузларнинг ўзи Лондон клубига интилмоқда

Раҳим Стерлинг сўнгги қиммат трансфер эмас. Агар режалар идеал даражада амалга ошса, кўклар таркиби «Манчестер Сити»никидан қолишмайдиган бўлади.

«Челси» Премьер-Лиганинг ўтган мавсумини «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль»дан мос равишда 19 ва 18 очко ортда қолиб, учинчи ўринда якунлади. Минимал вазифа бажарилса-да, етакчилар билан оралиқ масофа жуда катта бўлиб чиқди.

«Кўклар»нинг янги хўжайини Тодд Боули ўз клубининг чемпионлик учун курашишини истамоқда. Бунинг учун мавсум оралиғида трансферларни тўғри амалга ошириш керак бўлади.

«Челси» том маънода супержамоа туза олади деб ишонишга асос бор. Европа футбол юлдузларининг баъзилари Лондон клуби таркибига ўтишни истаяпти. Агар режалар идеал даражада амалга ошса, кўклар таркиби «Манчестер Сити»никидан қолишмайдиган бўлади.

Раҳим Стерлинг биринчи катта харид, аммо сўнггиси эмас

«Манчестер Сити» вингери Раҳим Стерлинг «Челси»да тиббий кўрикдан ўтди. Англиялик футболчи клуб билан 2027 йилнинг июнига қадар мўлжалланган шартномани келишиб олди. «Челси» футболчи учун 47,5 миллион фунт плюс 2,5 миллион фунт бонус тўлайди. Шу билан бирга, Стерлинг кўкларнинг энг кўп маош олувчи аъзосига айланади ва Премьер-Лигада маошлар бўйича юқори учталикка киради. Англиялик футболчи ҳафтасига 300 минг фунт стерлингдан кўпроқ пул олиши кутилмоқда.

BBC хабарига кўра, Раҳим «кўклар» бош мураббийи Томас Тухелнинг ғоялари ва унга таклиф қилинган ролдан мамнун бўлган. «Шаҳарликлар» унинг қолишини хоҳлаган эдилар, бироқ футболчи жамоада асосий рол ўйнашни истади ва «Сити»ни тарк этди. Стерлинг «Олтин тўп»ни олишни мақсад қилгани айтилмоқда.

«Олтин тўп»га даъво ҳозирча амалга ошмасдек туюлмоқда, аммо бу йилги Карим Бензема мисолида имконсиз нарсанинг ўзи йўқлигини кўриш мумкин. Стерлинг эндигина 27 ёшда. «Сити»ни тарк этиш унга карьерасини янги босқичга олиб чиқишга имкон беради. Тухель, албатта, унга Хосеп Гвардиоладан кўра кўпроқ ишонч билдиради. Ҳар қандай ҳолатда Стерлингнинг трансфери «Челси» улкан режаларининг бир қисми холос.

«Челси» ҳимоясини сифатли кучайтиради

«Манчестер Сити» ҳимоячиси Натан Аке «Челси» билан келишувга эришди. Футболчи 2017 йилда тарк этган жамоасига қайтишга тайёр. «Сити» 40-45 миллион фунт товон пули талаб қилмоқда, бу эса лондонликлар учун муаммо бўлмаслиги керак. The Times хабарига кўра, клублар музокараларнинг илғор босқичида, сўнгги кунларда бу жараён тезлашган.

Аке «Челси»нинг янгиланган ҳимоя чизиғидаги асосий футболчилардан бири бўлади. Андреас Кристенсен ва Антонио Рюдигер мос равишда «Барселона» ва «Реал Мадрид»га кетишди. Катта эҳтимол билан Сезар Аспиликуета ва Маркос Алонсо ҳам яқин орада «Барселона»га ўтиши мумкин.

Ҳимоя - «Челси»нинг энг оғриқли жойи. «Реал» билан Чемпионлар лигасининг чоракфиналида болаларча хатоларга йўл қўйилди (айниқса, Лондондаги 1:3 ҳисобида якунланган ўйинда). Тухель жамоаси футбол майдонида умумий устунликка эришган бўлса-да, хатолар туфайли кейинги босқичга чиқолмади. АПЛ доирасидаги «Арсенал» (2:4) билан уй ўйинини ҳам эслаш мумкин. «Сити» ва «Ливерпуль» ҳимояда анча самаралироқ, «Челси» эса бу чизиқни қайта қуриши керак. Буни клубдагилар тушуниб туришибди.

«Барселона» билан Аспиликуета ва Алонсо борасидаги музокаралар жараёнида товон пули камайтирилиши мумкин. Сабабсиз эмас. «Челси» бир нечта сифатли ҳимоячиларни сотиб олишни, шу жумладан, «Барса»нинг асосий мақсади бўлиб турган Жюль Кундени илиб кетишни режалаштирмоқда.

AS хабарига кўра, «Севилья» ҳимоячиси «Барселона»га ўтиш борасида иккиланиб қолган. Унга Каталония клубидаги ноаниқ иқтисодий вазият ёқмаяпти. Бунда ўзига хос «алмашинув» бўлиши ҳам мумкин. «Челси» каталонияликларга Аспиликуета билан Алонсони беради ва бунинг эвазига Кунде трансферида рақобатчи камаяди.

Маттейс де Лигт «Челси»нинг яна бир мақсади, аммо «Ювентус» ҳимоячиси «Бавария»га ўтишга интилмоқда. Эҳтимол, бу яхшидир. Голландиялик учун тахминан 75 миллион евро ва яна бонусларни тўлаш керак бўлади. Албатта бу жуда қиммат. «Челси» «Бавария»дан Дайо Упамекано ёки Бенжамин Паварни олишга тайёр. Иккала футболчининг нархи де Лигтдан арзонроқ бўлади, назарий жиҳатдан эса улар Маттейсдан ҳам фойдалироқ бўлишга қодир.

Мюнхенликлар Упамекано билан хайрлашмоқчи эмас. Агар де Лигт «Бавария»га ўтса, «Челси» дарҳол Павар учун музокара бошлаши мумкин.

Криштиану Роналду «Челси»га ўтадими?

Ўтган мавсумда «Челси»да биринчи даражали юлдузлар етишмади. Бир йил аввал «Интер»дан 97,5 миллион фунт эвазига олинган Ромелу Лукаку бу мақомга мос келмади. Инглиз нашрлари бу трансферни «кўклар» тарихидаги энг ёмони деб атади.

«Челси»нинг янги хўжайини Тодд Боули клубга келганидан сўнг, Тухель жамоанинг асосий бойлиги эканини билдирди. Мураббийга жуда катта ишонч билдирилмоқда.

Боули «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити»дан ўрнак олмоқчи, шубҳасиз, у ерда Юрген Клопп ва Хосеп Гвардиола трансфер сиёсатига катта таъсир ўтказади. Афтидан, бу ҳолат юлдузлар назарида «Челси»нинг жозибадорлигини тезда ошириб юборган. Камида уч нафар юқори даражадаги ўйинчи Лондонга кўчиб ўтишга тайёр.

The Athletic хабарига кўра, Криштиану Роналду «Челси»га ўтишга жуда қизиқмоқда. Португалияликнинг агенти Жорже Мендеш доимий равишда Боули билан алоқада бўлиб турибди. Тоддга Роналду каби муҳим ўйинчини таклиф қилиш имконияти ёқади, гарчи у фаолиятининг сўнгги босқичида бўлса ҳам. Тўғри, «Манчестер Юнайтед»нинг янги бош мураббийи Эрик тен Ҳаг аллақачон португалияликнинг қолишини айтган. Аммо Кришнинг ўзи голландияликнинг сўзларини тасдиқлашга шошилмаяпти.

Ушбу трансферни амалга оширишда муаммо бўлмайди. Ҳал қилувчи сўзни Тухель айтиши керак. Немис мутахассиси аллақачон Неймарнинг трансферини блоклаб қўйган, чунки уни ўз жамоасига мос эмас деб ҳисоблайди. Роналду бўйича эса ўйламоқда. Тухель Криштианунинг азалий мухлиси. Яқин орада улар суҳбатлашиб, ҳужумчи «Челси»нинг ўйин услубига мос кела оладими деган саволга жавоб беришади. Томас, баъзи экспертларнинг фикрича, Уле-Гуннар Сульшер билан боғлиқ вазият такрорланишидан қўрқади. У Криштиануни жамоага мослаштира олмагани туфайли вужудга келган қониқарсиз натижалар сабабли ишдан олинган эди.

«Лидс» яримҳимоячиси Рафинья «Барселона»ни танлади, «Челси» ҳам у билан қизиққан эди. Энди лондонликлар бор эътиборини Криштиануга қаратиши мумкин. Шунингдек, «Бавария» вингери Серж Гнабри ҳам эътибор марказида бўлиб турибди. Агар Ҳаким Зиёш «Милан»га кетса, унинг трансфери амалга оширилиши мумкин.

Инсайдер Жанлука Ди Марционинг таъкидлашича, Роналду ё «Челси»га ё MLS клубларидан бирига ўтади. «ПСЖ» уни сотиб олмайди, чунки уларда Лионель Месси, Неймар ва Килиан Мбаппе бор. А Серияга қайтиши имконсиз. «Барселона» Рафиньяни олди ва «Бавария» билан Роберт Левандовски борасида ҳам келишиб олмоқчи. Аммо бу осон бўлмайди.

Левандовски трансфери эҳтимоли қанчалик юқори?

Bild журналисти Кристиан Фалк сўзларига кўра, Мюнхенни тарк этишни жуда хоҳлаётган Левандовски «Барселона» ёки «Челси»га ўтишни афзал кўради. Парижликлар курашга қўшилиш ниятида бўлса-да, унга «ПСЖ» қизиқ эмас.

Роберт каталонияликлар вариантини устувор деб ҳисоблайди, аммо барибир «Бавария» ва «Барселона» келишувга эришмаслик эҳтимоли борлигини тан олади. Бундай ҳолда, у «Челси»да бўлишни хоҳлайди.

Якуний қарор «Бавария»да. Мюнхенликлар уни 50-60 млн евро эвазига «Челси»га бериб юбориши мумкин.

«Челси» «Барселона»нинг асосий трансфери муаммосини ҳал қиладими?

«Челси» ёзнинг энг катта трансферларидан бирини ҳал қилиши мумкин. Гап «Барселона» истаган, аммо «Манчестер Юнайтед»га сота олмаган Френки де Йонг ҳақида кетмоқда.

Каталония клубига оид янгиликларга ихтисослашган Diario Sport нашри хабарига кўра, Френки «Манчестер Юнайтед»га ўтишга қарши. Бу вариант бир қатор сабабларга кўра унга мутлақо ёқимсиз кўринмоқда. Улар орасида – Чемпионлар лигасини ўтказиб юбориши, Алекс Фергюсон бош мураббийликдан кетганидан кейин юзага келган кўплаб муаммолар, Манчестердаги ноқулай об-ҳаво кабилар бор.

Де Йонг «Барселона»да қолишга қарши эмас. Аммо яримҳимоячига «кўк-анорранглилар» ва «Манчестер Юнайтед» ўртасидаги музокаралар унинг орқасида бўлиб ўтгани ёқмаяпти, умуман олганда, клуб «Манчестер Сити»дан Бернарду Силвани олиш учун уни сотишга қатъий тайёрлигидан норози. Шу билан бирга, де Йонг «Манчестер Юнайтед»га қараганда «Челси»га ўтишни жуда яхши вариант деб ҳисоблайди. Ўз навбатида, лондонликлар «Барса» яримҳимоячисига қизиқиш билдирмоқда ва «Манчестер Юнайтед» таклифига мос равишда ўз сўзини айтиши мумкин.

Якун

Раҳим Стерлинг, Криштиану Роналду, Натан Аке, Жюль Кунде, Серж Гнабри, Бенжамин Павар (ва/ёки Дайо Упамекано), Роберт Левандовски, Френки де Йонг - «Челси»нинг потенциал харидлари рўйхати. Ҳаммасини бирданига олиш даргумон, лекин беш ёки олтитаси жуда реал. Бу Тухель жамоаси учун «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» билан Премьер-Лига чемпионлиги учун курашда идеал таркиб сифатида қаралиши мумкин.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар