07.07.2022 16:37
13045
Кападзедан ўрнак олинг ёхуд Суперлигадаги трансферлар ҳақида

Суперлигага эътибор берсангиз, бирорта хусусий, ўз-ўзини молиявий жиҳатдан тўла қоплайдиган клубни кўрмайсиз. Барча клублар давлат қарамоғидаги ташкилотлар ёки ҳокимиятлар оталиғидадир. Ҳа, ушбу боқимандаликнинг шакллари турличадир, лекин барибир улар мамлакатнинг бошқа соҳаларидан тўпланган пуллар эвазига кун кечиради.

Ёдингизда бўлса, бир муддат аввал Давлат активларини бошқариш агентлиги 2020 йилда энг кўп зарар кўрган давлат корхоналари қаторига «Пахтакор» клубини ҳам қўшган. «Шерлар» ўша йилда 82,7 млрд сўм зарар кўрган. Ҳа, у даврда жамоада бошқача даражадаги футболчилар ва легионерлар ўйнарди. Жамоа аъзоларининг маошлари қанчалик баланд эканлигини кейинчалик клуб матбуот хизмати томонидан берилган маълумотда ҳам кўргандик. Кейинчалик, клуб тўлиқлигича Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтказилди ва харажатлар буткул қисқарди. Лекин ўша зарар тахминан 2 баравар қисқариб, 40 млрдга тушди ҳам дейлик, бу барибир кам дегани эмас-ку.

Ўзимизнинг ўзбек йигитлари узоқ йиллар меҳнат қилиб, яхши футболчига айланиб, катта маошлар олишса, бундан фақат қувониш мумкин. Лекин, афсуски, бу каби пулларнинг катта қисми ўзимизнинг қора кўзлардан савия жиҳатдан устун бўлмаган легионерларга сарфланади. Албатта, клубларимизга халқаро майдонда ишончли ҳаракат қилишлари учун ёрдам бераётган сифатли легионерлар ҳам йўқ эмас: Черан, Станоевич, Митрович. Лекин қолганлари қилаётган ишни ўзимизнинг қоракўзлар ҳам қила олади, назаримда.

«Пахтакор» мавзусидан узоқлашмаган ҳолда, тошкентликлар ўзлари танлаган янги йўл, академиядан чиққан ёшларга эътибор бериш йўлига зид равишда олиб келган Олексей Ларин ва Камен Хажиевга эътибор беринг. Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи давомида ушбу икки футболчининг «хизматлари» сабаб «шерлар» деярли ғалаба қозонган учрашувларида ҳам мағлубиятга учрадилар. Мавсум бошида «Бунёдкор» футболчиси Авазбек Ўлмасалиев 6 кунга «Пахтакор» футболчисига айланди, бироқ дарҳол «қалдирғочлар»га қайтариб юборилди. Ушбу ҳолатга эса ҳеч қандай изоҳ берилмади. Катта эҳтимол билан, бош мураббийи Славче Войнески ҳимояда бошқа футболчиларни кўришни истаган. Лекин Суперлиганинг ортда қолган учрашувларида Ўлмасалиев «Пахтакор»га келган 2 легионердан яхшироқ ҳаракат қилган бўлса борки, улардан ёмон ўйнамади. Войнескининг куни кеча истеъфога чиқарилгани, Камен Хажиев билан хайрлашгани ҳам сўзимизни исботлаб турибди.

Ҳа, «Бунёдкор»да ҳам ҳозир ишлар жойида эмас, ички муҳитдаги тушунмовчиликлар жамоага майдонда ҳам таъсир қилмоқда. Лекин Карпенко академия тарбияланувчиларидан яхши жамоа ташкил қила олмоқда.

Ёки «Динамо»ни олайлик. Ўтган мавсумда Про-лига мухлисларининг ҳақиқий ёқимтойига айланган жамоа Ҳаким Фузайлов томонидан кичик бюджетга қарамай, Суперлигага олиб чиқилганди. Аммо юқори дивизионга чиқиши билан жамоада таркиб бутунлай ўзгартирилиб, чет элдан мураббий олиб келинди. Жаноб Предраг Роганнинг беқиёс хизматлари билан самарқандликлар ҳозирда турнир жадвалида 7 очко билан 14-ўринда бормоқда. Тўғри, сербиялик мураббий номдор бўлмаган таркиб билан ҳам жанговар, курашувчан жамоа ярата олгандир, аммо омадсизликлар кетма-кетлигидан сўнг уни таклиф қилган раҳбариятнинг ўзи мураббийга чиқиш эшикларини кўрсатди. Йўқ ресурслар билан Суперлигага чиққан футболчилару, мураббийни кетказиб юборган клуб раҳбариятида иккинчи давра учун қўшимча режа ёки бошқача қилиб айтганда пул бормикан? Буни вақт кўрсатади.

Мавсум аввалида испаниялик мураббий ва бир қатор легионерлар билан таркибни тўлдирган «Сурхон» ҳам эски ҳаммом, эски тос билан ўнликда бормоқда. Устига-устак жамоанинг хорижлик футболчилари Хави Хименес ва Мирослав Маркович термизликлар билан хайрлашишга улгуришди. Афсус, улар Термизда ўйнаш бахтига муяссар бўлмадилар. Клуб бош мураббийи билан уюштирган интервьюмиздан кўриниб турибдики, ушбу мутахассис жамоани легионерлар асосига қурмоқчи ва Суперлигада легионерларга чеклов қўйилганидан норози.  Демак, яқин орада «Сурхон»да яна янги легионерларни кўриб қолсак керак. Ҳар ҳолда, ёзги трансферлар яқинлашяпти.

Ёзги трансферлар ойнасида қайсидир давлатдан легионер олиб келмоқчи бўлган мураббийлар эътиборини ўзимизнинг иқтидорлар бозорига айланган «Олимпик»ка қаратган бўлардим. Бу масалада Темур Кападзе фаолиятини фақат олқишлаш мумкин. Ушбу клуб лойиҳаси ҳам давлат томонидан қўллаб-қувватланса-да, ундаги маслаклар қолганларникидан бутунлай фарқ қилади. Ушбу жамоада ўз клубида захира ўриндиғида қолиб кетаётган футболчилар жам бўлган ва Кападзе қўл остида улар ўзларининг кучли тарафларини миллий чемпионатнинг биринчи давраси ҳамда яқинда якунига етган U23 Осиё Кубогида кўрсата олишди. Мисол учун, «Сурхон» йўқотилган ҳужумчининг ўрнини «Олимпик» футболчиси Отабек Жўрақўзиев ёки Алишер Одилов билан тўлдириши мумкин. Русланбек Жиянов, Абдурауф Бўриев, Достонбек Турсунов, Саидазамат Мирсаидов каби футболчилар ҳам Суперлиганинг қайсидир жамоаси таркибини бемалол кучайтира олади. Ахир бу футболчиларнинг ўзи учун ҳам фойдали, бутун умр «Олимпик»да қола олишмайдику, ўз фаолиятларини йўлга қўйишлари керак. Уларнинг ўрнига эса захирада қолиб кетаётган бошқа иқтидорга таркибда жой очилади. Ҳар ҳолда «Олимпик»нинг U-21 жамоаси ушбу ёшдаги футболчилар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида 1-ўринда бормоқда. Демак, у ерда асосий жамоада ўйнашга тайёр талайгина захира футболчилари бор.

Албатта, биз футболимиздан, клубларимиздан эртаданоқ Европа тизимини йўлга қўйишни сўрай олмаймиз. Футбол клубларининг зарар эвазига фаолият олиб бориши Осиё қитъасида фақат Ўзбекистонда кузатиладиган ҳолат эмас. БАА, Хитой, Қатар чемпионатларида ҳам клублар кўплаб легионерларни олиб келади, бироқ уларнинг йўли бошқа. Устига-устак, шунчалик кўп пул сарфлаб ҳам, ушбу давлатларда миллий чемпионатлар катта қизиқишни жалб қила олмади. Биз футболга уларчалик кўп пул сарфламаймиз. Лекин барибир ушбу соҳа давлатимиздаги бошқа соҳалар билан солиштирганда нисбатан катта пул сарфланишига сабаб бўлади. Ушбу пуллар ҳеч бўлмаса тўғри йўналишда ва ақл билан сарфланса, ўша маблағлар футболимиз ривожланишига, кўпроқ иқтидорлар кашф этилишига сабаб бўлса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ўзимизнинг футболчиларни захирага ўтказиб, чет эллик футболчига пул тўлаб, бўш стадионда футбол ўйнатишдан нима наф, ахир?

Абдулбасит Валихонов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар