05.07.2022 16:49
11692
Роналду интригани бошлади. У нимани кўзлаяпти?

Уч кун олдин Криштиану Роналду «Манчестер Юнайтед» раҳбариятига агар қониқарли таклифлар тушадиган бўлса, клубни тарк этиш ниятида эканини маълум қилди.

Бу хабар шунчаки навбатдаги миш-миш сифатида қолиши учун футболчи жорий ҳафта бошидан Каррингтонга келиши ва жамоа машғулотларида қатнашишни бошлаши кифоя эди. Аммо Роналдунинг «оилавий сабаблар» туфайли Португалияда қолаётгани ва иккинчи кундирки, машғулотларга қўшилмаётгани вазият тамомила жиддий эканини кўрсатмоқда.

Июн ойи охирида ҳам Роналду ўзини «Бавария»га таклиф қилиб кўргани, унинг агенти Мендеш «Челси» ва «Барселона» раҳбарлари билан учрашувлар ўтказаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Хўш, Роналду нега кетмоқчи?

Англиянинг машҳур The Athletic нашри ҳам ушбу масала юзасидан шу кунгача чиққан ишончли маълумотлар асосида вазиятни таҳлил қилишга уриниб кўрди. Хўш, Роналду нега кетмоқчи?

Ҳаммаси тушунарли. Шубҳасиз, Роналду «Манчестер Юнайтед»ни яхши кўради, клуб билан боғлиқ ёрқин хотираларга эга. Аммо агар иккинчи йил ҳам жамоада қоладиган бўлса, Чемпионлар Лигасида тўп сура олмайди. Агар у қолса ўз фаолиятида илк бор ЕЧЛда ўйнамаслигига тўғри келади. Криштиану шу пайтгача 5 марта ушбу турнирда ғолиб чиққан ва бу борада Европадаги энг яхши кўрсаткичга эга эди. Аммо «Реал»даги бир қатор собиқ жамоадошлари ҳам бешинчи марта совриндор бўлгач, табиийки, 37 ёшли футболчи яна бир бор ушбу кубокни боши узра кўтаришни, ҳеч бўлмаса, курашишни истайди.

Яқин йилларда ўз фаолиятини якунлайдиган Роналду имкон қадар кўпроқ совринларни ютишни истайди, «Юнайтед» эса, ўтган мавсумда бирор турнирда ғалаба учун жиддий кураш олиб бора олмади. Эрик тен Ҳагнинг Манчестерга келиши футболчида ижобий кайфият ва ишонч уйғотгани шубҳасиз, аммо клуб трансфер бозорида фаол эмаслиги ва бир қатор мақсадлар ҳали ҳам расман ҳал этилмагани унинг фикрини ўзгартириб юборгани айтилмоқда.

«Манчестер Сити» Ҳоланд билан, «Ливерпул» эса Нуньез билан расман шартнома қилиб улгурди. «Тоттенҳэм» бу ёз ўта фаол ва Контенинг барча истаклари бажо келтирилмоқда. Шусиз ҳам рақобатчилардан анча ортда пойгани бошлайдиган «Манчестер Юнайтед» бир қатор топ-футболчиларга муҳтож эканини Роналду айтиб келмоқда. Клуб Френки де Йонг борасида бир ойдан бери силжишга эриша олмаяпти. АПЛдаги рақиблар янада кучаяётган, Чемпионлар Лигаси эса, камида бир йилга кечиккан палла ўзини дунёнинг энг яхши футболчиси деб ҳисоблайдиган Роналду учун жозибадор кўринмаяпти.

Клуб Роналдуни сотишни истайдими?

Йўқ. «Юнайтед»нинг Роналду бўйича қарори – у сотилмайди. Шартнома бўйича яна бир йил ўйнаши керак. Янги мураббий Эрик тен Ҳаг Роналду билан ишлаш ниятида эканини айтган ва ўз навбатида Роналдунинг ўзи ҳам нидерландиялик мураббий ҳақида илиқ фикрлар билдирган.

«Мен Эрикнинг «Аякс»да фантастик натижалар қайд этганини биламан. У тажрибали мутахассис ва унга етарли вақт бериш лозим. Шундагина, ҳаммаси у айтганидек, яхши томонга ўзгаради», – деганди ўз интервьюларидан бирида португалиялик ҳужумчи.

Шунингдек, Роналдуни сотиш фикри клуб учун янгилик эмаслиги ва балки айнан шу ғоя тарафдорлари бўлиши мумкинлигини ҳам таъкидлаш керак. Биринчидан, маълум бўлишича, Ралф Рангник қишдаёқ Роналдуни сотиб, ўрнига ёшроқ ҳужумчи олиш кераклигини бир неча марта сўраган, аммо бу истак эътиборсиз қолдирилган. Иккинчидан, Эрик тен Ҳагнинг келиши, унинг услуби Роналдуга мос келмаслиги мумкинлиги ҳам кўп айтилганди, ҳатто нидерландиялик мутахассис илк интервьюларида Роналду билан ишлашдан хурсандлигини айтганида, кўпчилик ҳайрон ҳам қолганди.

Янги қурилаётган жамоада Роналдунинг борлиги бир томондан, албатта, фойдали, лекин агар ҳаммаси кутилмагандек кетса, ўз эгосини доим юқори қўйиб келган юлдузни бошқариш янада қийинлашиб кетиши мумкинлигини ҳам инобатга олиш лозим. Бундан ташқари, АПЛда энг катта маош оладиган футболчининг кетиши молиявий томондан ҳам клубга фойдали бўлади.

Табиийки, бу йўналишдаги фикрлар ҳам клуб ичкарисида муҳокама қилинган, аммо мухлислар билан сўнгги йиллардаги зиддиятлар, Эрик тен Ҳагнинг хоҳиши туфайли, Роналдуни сотиш ғояси ҳеч қачон клуб томонидан янграмайди. Мабодо якунда Криштиану ўзига бошқа клуб топадиган бўлса-да, бу трансфердан клуб оппоқ бўлиб чиқиб, барча «айб» футболчига тўнкалиши табиий.

Роналдунинг ҳозирги ҳаракатлари Фергюсоннинг «футболчи клубдан катта бўлмаслиги керак» деган анъанасига зид эканини айтаётганлар бор. Аммо вазиятни чуқур билмасдан туриб, бундай катта гаплардан тийилиш керак. Роналду ўз норозилигини қай тариқа маълум қилаётгани ва клуб-футболчи мунозараларини тўлиқ билмаймиз.

Ёдингизда бўлса, 2011 йилда Уэйн Руни ҳам клуб топ-футболчилар олиб келмаётганини айтиб, янги шартномани рад этган ва «Челси»га ўтиб кетишни истаганди. Ўшанда Алекс Фергюсон Уэйнни тушунган ва якунда футболчи билан гаплашиб, жамоада қолишга кўндирган, кейин Робин ван Перси ва Шинжи Кагава каби футболчилар трансфер қилинганди.

Роналдуни сотиб олишни исташадими?

Қисман, ҳа. Тўғри, Роналду ўзининг энг яхши йилларига нисбатан пасайган, аммо жарима майдонида ҳаракат қилишда ҳозир ҳам ўта хавфли ижрочи. Ўтган мавсумда у «Юнайтед»нинг энг яхши тўпурари бўлди, 37 ёшида 38 ўйинда қатнашиб, 24 голга муаллифлик қилди. Умуман, ўтган мавсумда АПЛда фақат Салоҳ ва Сон ундан кўпроқ гол ура олди.

Шу билан бирга, Роналдунинг ҳали ҳам жароҳатлар четлаб ўтаётганини таъкидлаш керак. Transfermarkt маълумотига кўра, футболчи охирги икки мавсумда турли кичик жароҳатлар туфайли атиги 19 кунни ўтказиб юборди, холос. 

Роналдуга қайси клублар қизиқмоқда?

Ўтган ойда «Челси»нинг янги хўжайини Тодд Боули Жорже Мендеш билан учрашганди. Томонлар ўртасидаги мунозараларда Роналдунинг «Челси»га ўтиши мумкинлиги ҳам тилга олинган. Ромелу Лукакуни «Интер»га бир йиллик ижара учун қайтариб юборган «Челси» ушбу имкониятдан фойдаланадими, йўқми, буниси номаълум.

Етакчи ҳужумчиси Роберт Левандовскини сақлаб қолишга уринаётган, аммо якунда «Барселона»га сотишга мажбур бўлиб қолиши мумкин бўлган «Бавария», айнан Левандовскини қўлга кирита олмагач, топ-хужумчига эҳтиёж сезиши мумкин бўлган «Барселона», шунингдек, Италиянинг «Наполи» клублари турли вариантлар сифатида тилга олинмоқда.

Роналдунинг «Юнайтед»га қайтиши олдидан «Манчестер Сити» билан музокара олиб борган Мендеш, айни ўша фокусни Барселона орқали ҳам амалга ошираётган бўлиши мумкин. Яъни футболчи ва унинг агенти «Реал»га қайтишга қарши эмас. Аммо ўз навбатида «Қироллик клуби» Роналдунинг келишидан манфаатдор бўлмаса керак. Зеро, баъзи хабарларга кўра, мадридликлар Кришнинг Винисиус, Родриго ва Бензема каби футболчиларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотир олишган.

Маурисио Почеттинони истеъфога чиқарган «ПСЖ» ҳам янги даъвогар сифатида пайдо бўлиши эҳтимоли бор. Бу трансфер ҳақиқатдан йироқ туюлаётган бўлса-да, тасаввур қилинг, Қатардаги жаҳон чемпионати олдидан Роналду ва Месси жуфтлигини майдонда намойиш қилиш айнан «ПСЖ»нинг чекига тушса? Ҳар қандай ҳолатда Франция чемпионатида барибир ғолиб бўладиган клуб бугунгача Англия, Италия ва Испанияда чемпион бўлиб улгурган Роналду учун айни муддао.

Роналдунинг кетиши «МЮ»да муаммо туғдирадими?

Албатта. The Athletic мухбири Лори Уитвелл айтганидек, Эрик тен Ҳаг ўз жамоасида Роналду бўлишига тайёрланган ва ўз тақдимотида буни марказий омил сифатида олган. Роналду кетадиган бўлса, шундоғам янги трансферларни амалга оширмаётган «Манчестер Юнайтед»да тушунмовчилик юзага келади.

Фото: «МЮ»да Эрик тен Ҳаг қўл остида дастлабки машғулот жараёнидан

Уитвеллнинг айтишича, «ҳужумкор футболчилар тен Хагнинг трансфер рўйхатида кейинги ўринларда бўлган ва агар Роналду кетадиган бўлса, ички имкониятларни қидиришга тўғри келади. Унинг кетиши балки Рэшфорд ва Санчонинг ўсишида ижобий таъсирини кўрсатар, аммо шундай бўлса-да, асосий режалари бўлган Ҳоланд ва Нуньезни қўлдан чиқарган «Юнайтед»нинг яққол ҳужумчисиз қолиши ўзига яраша муаммо туғдириши мумкин».

Бошқа тарафдан қаралса, тен Ҳаг сўнгги мавсумда «Аякс»да Аллер каби яққол ҳужумчи билан ўйнаган бўлса-да, кўпроқ олдинги чизиқда фаол универсаллар билан ҳам муваффақият қозона олади. Бу ролга таркибда Рэшфорд, Санчо, Марсиял ва Эланга бор. Роналдунинг кетиши клубга тахминан 40 миллион евро иқтисод қилишини (бир йиллик маош + трансфер нархи) эътиборга олсак, тен Хаг ўзи орзу қилаётган Антонини ҳам «Аякс»дан олиб келиши мумкин.

(2019 йилда ЕЧЛ яримфиналига чиққан «Аякс»ни эсласак, жамоа катта ўйинларда алдамчи тўққизлик сифатида Тадич билан ҳаракат қилган – тўғри, яққол таянч вакили Стротман бор эди, лекин «МЮ» ҳозир Мартинес учун ҳам курашаётганини эътиборга олсак, у аслида таянч яримҳимоячиси ҳисобланади ва тен Ҳаг марказий ҳимоячига эҳтиёж борлиги учун уни ҳимояга ўтказган).

Баъзида Португалия терма жамоасида, ҳатто «МЮ»да ҳам бу ролда синаб кўрилган Бруно Фернандешни унутмаслик керак. Кристиан Эриксен ва де Йонг марказга келадиган бўлса, Брунони биз ўша Тадичнинг ролида кўришимиз ҳам мумкин.

Олдинги чизиқда Бруно, Антони, Санчо, Рэшфорд, Марсиял, марказда Эриксен, де Йонг, Ван де Бек, Мактоминей, Фред, Мартинес... Деярли тен Ҳаг учун жамоа.

Назаримда, Роналдунинг кетиши нидерландиялик мураббийга ўз жамоасини қуриш жараёнини тезлаштириб, осонлаштириб ҳам берадигандек. Албатта, бунинг учун де Йонг, Эриксен ва Мартинес трансферлари содир бўлиши керак.

Қ.Асланов тайёрлади

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар