02.07.2022 18:06
5082
«Футбол ўйнаш учун бормаган жойим қолмади» – 24 ёшидаёқ фаолиятини якунлашга мажбур бўлган Жавлон Мирабдуллаев билан суҳбат

Ўзбекистон ёшлар жамоаси (У17) сафида Мексикадаги жаҳон чемпионатида порлаган, футболимиз келажаги деб ҳисобланган, аммо соғлигидаги муаммолар сабаб фаолиятини эрта якунлаган, «Бунёдкор» ва «Металлург»нинг собиқ ҳимоячиси Жавлон Мирабдуллаев Tribuna.uz`га интервью берди.

«Пешонага ёзилгани бўлар экан»

 – Футболда қолиш учун бормаган жойимиз қолмади. Насиб қилмаган экан. Муаммо юрагимда эди. Ҳар хил профессорларга кўрсатдик, орада бир муддат тузалгандек бўлдим, кейин яна қайталанди. Кейин эса футбол ўйнай олмаслигимни айтишди. Бунинг нима эканини ҳамма футболчилар тушунса керак, ичимдан нима ўтганини ўзим биламан, холос.

  Инсон ўз касбидан айрилса, оғир ботар экан. Доим қилиб юрган ишимиз, 10 ёшимиздан ўзимни футболга бағишлагандим. Пешонага ёзилгани бўлар экан, ҳаёт давом этавераркан. Яна футбол ёўлини танладим, мураббийлик курсларида ўқидим ва мана ишни бошладим. Ўзим туғилган жой – Бекободда ишлаяпман. Ҳозирда селекция ишларига жавоб беряпман ва ўринбосарлар жамоасида ёрдамчи мураббийман.

Юрак касаллиги

– Германиянинг Мюнхен шаҳрига йилига 3 марталаб бордим. Ўша вақтларда футболдан 1 йил четда қолиб кетдим. Шунга қарамай, бир қатор мураббийлардан чақирув олдим. Ўша паузадан кейин ҳам футбол ўйнадим, немислар фаолиятимни давом эттиришим мумкинлигини айтишганди, аммо касаллик яна қайталанди. Бундай катта танаффуслар билан футбол ўйнаб бўлмайди. Бу тахлит қайталанаверадиган бўлса, ўйнамаганим маъқул деб ўйладим.

  Касаллик ўзимга билинмайди, лекин шифокорлар қон айланиши яхши эмас дейишади. Ортиқча босим мумкин эмас.

Юлдузлик касаллиги

– Йўқ, бунақа нарса бўлмаган. Футбол ўйнаб юрган вақтимда кўп жароҳат олардим. Асосан, оёқларимдан жароҳат олардим, аммо якунда юракдаги муаммо фаолиятимни якунлашимга сабабчи бўлди.

  Ҳа, шундай касалликка учраганлар ҳам бор эди, эшитганмиз. Лекин мен машғулотга келиб, ишимни қилиш ҳақида ўйлардим. Машина олганим билан уни бирор марта минмаганман. Жаҳон чемпионатига боришдан олдин қандай юрган бўлсам, шундай давом этганман. Ўша чемпионатдан кейин асосий жамоага 17 ёшимизданоқ чақирув ола бошлаганмиз.

  Тўғри, орамиздан кўпчилик футбол ўйнаб кета олмади. Лекин бизнинг ёшимиздаги тенгдошларимиз Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров кабиларни кўриб фахрланамиз.

  Ўша жамоадаги йигитларнинг кўпчилиги билан ҳали ҳам муносабатимиз яхши. Яқинда Алексей Евстафеев Тошкентга келибди деб эшитдик ва йиғилмоқчи бўлдик, аммо бора олмадим. Темур Ҳакимов барчамизни чақириб, йиғилмоқчи бўлиб турибди.

  Юлдузлик касали учун битта машинанинг ўзи етарли эмас, назаримда. Осиё Чемпионлар Лигасида, катта жамоаларда ўйнасанг, буни тушуниш мумкин. Ўсмирлар футболида бунинг иложи йўқ деб ўйлайман.

  Фикрларим олдин ҳам шундай бўлган. Футбол шундай нарсаки, сиз унга қандай муносабатда бўлсангиз, шундай жавоб қайтаради.

  Ёши катталаштирилган футболчилар? Мен қайсидир жамоадошимнинг исмини айтиб, уни хафа қилиб қўйишни хоҳламайман, лекин бўлган.

Мексика-2011

– Ўша ёшимизда Мексикадек жойда ўйнаш ҳаммамиз учун орзу эди. Атрофимизда бизга нисбатан муносабат ўзгара бошлади. Бизга қараб кўплаб ота-оналар болаларини футболга бера бошлади. Ўйлайманки, бизнинг ўша ютуғимиз Ўзбекистонда ёшлар футболига катта туртки бўлди.

   Ўша мусобақадан сўнг турли агентлар таклифлар билан чиқа бошлади. Ойликларимиз кўтарилди.

«Боруссия Дортмунд» кўригидан ўта олмагани ва «Фортуна»да қолишни истамагани

– Кимдир билади, кимдир билмайди — Жаҳон чемпионатидан сўнг, Германияга кўрикка бориб келганман. Мундиал улар бизни кўришига сабаб бўлган. Агентларим уларга жаҳон чемпионатида ўйнаган футболчи эканим ҳақида айтган ва улар мени чақирган.

  Нега қолмадим? Кўрикдан ўта олмаганман. Футболимизда савия пастлиги билиниб қолган. Германия қаердаю, Ўзбекистон қаерда. Асосан, жисмоний томонлама кучсизроқ бўлганман. Бундан ташқари, кўрикка Ўзбекистон чемпионатида танаффус бўлаётган, таътилда юрган кезларим борганман. Албатта, бу баҳона бўла олмайди. Аммо ушбу жиҳат ҳам бироз таъсир қилди. Клубдаги барча ёш тоифасидаги жамоаларнинг тайёргарлигини кўрганман, ўзим эса ўринбосарлар таркиби билан машғулот ўтказганман.

  Ўзимга нисбатан ишончсизлик бўлмаган. Чунки Жаҳон чемпионатида шуларга ўхшаган йигитлар билан баҳс олиб боргандим. Лекин аввал бошиданоқ пешонага ёзилгани бўлишига тайёр ҳолатда боргандим.

  Лекин битта вазиятда ўзим хато қилганман. Иккинчи Бундеслига жамоаси «Фортуна Дюсселдорф»га олиб боришган. Машғулотлар пайтида арзимаган жароҳат олгандим, кейин агентимга кетаман деб туриб олганман. Дортмунддаги машғулотлардан сўнг, «Фортуна» менга ёқмаганди. Аммо ўшанда агентим кетмаслигимни, акс ҳолда, кейин афсусланишимни айтганди. Бироқ кўнмаганман. Ўзимча иккинчи Бундеслигада нима қиламан, деб айтгандим. Лекин ўша иккинчи лигаси ҳам унча-мунча жойнинг асосий дивизионидан кучли эди.

Йўқотилган «олтин авлод» футболчилари ҳақида

– Улар ўсмирлар футболидан профессионал футболга ўтиш жараёнида қолиб кетди, деб ўйлайман. Руҳий томондан бунга тайёр бўлиш керак. Майдонда ёши катта футболчилар сўкиши мумкин, ҳар қанақа ҳолат бўлиши мумкин. Ўша тўсиқдан ўта олмайди ва фаолияти пастга қараб кетади: биринчи лига, иккинчи лига… Агар енгиб ўта олса, охиригача ўйнаб кетади. Футболчининг ўзига боғлиқ, менимча.

  «Дедовшина» ҳозир йўқ. Олдин бўлгандир, лекни ҳозир асосий жамоада ёшлар ўйнаб юрибди. Бизнинг давримизда ҳам у қадар катта ўрин тутмасди.

  Албатта, қийинчиликлар бўлган, «Бунёдкор»да ўйнаганман, таркиб жуда кучли эди. Чемпион жамоа эди, менинг позициямдаги ҳаммаси миллий жамоада ўйнайдиган футболчилар бўлган. Бизни доим тўғри тушуниб, Миржалол ака ҳам қўллаб турарди. Асосий жамоада ҳам кўп жароҳат олардим. Мени ижарага бериб юбориб, мослашишимга катта ёрдам беришган ва катта футболга ўтиб олганман. Ўшандан кейин Миржалол аканинг ўзи ва бошқа клуб мураббийлари ҳам чақира бошлаган.

  «Насаф»да ўша вақтда ҳам Рўзиқул ака бош мураббий эди, доим чақирарди. Нега бормаганман? «Металлург»да ижарада ўйнардим, «Бунёдкор» ўзимнинг жамоам эди. Клуб раҳбариятининг ўзи алоқага чиқиб, ўзимизга келавер дейишган. Шундан сўнг, «Насаф»га таклиф учун раҳмат айтиб, рад этганман. «Пахтакор»дан Самвел Бабаяннинг шахсан ўзи алоқага чиққан.

  Ўша жамоа футболчиларига кейинчалик етарлича эътибор бўлмади деб ўйлайман. Мана ҳозир «Олимпик» клубида олимпия жамоасининг катта қисми йиғилиб, Суперлигада ўйнаяпти. Лекин футбол ассоциацияси вакиллари ўша футболчиларнинг жамоалари билан алоқага чиқиб, ўша клубларда ўйнатиш ҳаракатини қилиши керак. Бизнинг авлодда кўп футболчилар жаҳон чемпионатида ўйнаб келган бўлса ҳам, асосий таркибда ўйнай олмади, мураббийлар ёшларга ишонмасди. Шунинг учун, кўпчилиги захирада қолиб, четда қолиб кетишди.

  Футболдан ташқари нарсаларнинг зарари масаласида Темур Ҳакимовнинг ўзи яхши мисол бўла олади. Мен ичкиликдан умуман йироқ бўлганман. Қизлар билан гаплашиш эса ўша ёшимизда ҳаммада бўладиган ҳолат эди, назаримда. Лекин мана ҳозир уларнинг ҳеч бири йўқ. Кўплаб жамоадошларим билан тез-тез кўришиб турамиз. Ҳаммаси ўша даврларни афсус билан эслайди.

  Жамоамизда етакчилар кўп эди. Ўша мусобақада Аббос (Махситалиев) бўлди. Ундан кейин ҳам кўп етакчилар бўлди: Козак, Искандеров, Машарипов. Сергеев биздан бир ёш катта эди, аммо бирга ўйнардик. Бирга ўсганмиз. 17 ёшлилар мундиалидан сўнг, биз уларга қўшилиб кетдик.

Қарорлар

– Маслаҳат берадиган инсонлар кўп. Акам бор, «Металлург» раҳбари Шавкат ака ўшанда ҳам шу ерда ишлардилар, доим тўғри маслаҳатлар бериб туришарди. Ҳаммаси режа бўйича кетаётганди, лекин ўша муаммо барчасига нуқта қўйди. Биттаю-битта хато қарорим – «Фортуна»да қолмаганим бўлган.

Маошлар

– 7 йилча аввал 20 млн атрофида маош олардим. Албатта, кўтарма пуллари ҳам бўлган. Бу «Бунёдкор»дан бошқа жамоалардаги маош. «Бунёдкор»да 14 млн маош олардим, аммо кўтарма пуллар катта бўлган. Ҳозир бунақа нарсалар йўқ бўлиб кетган, ҳаммасини ойлик билан келишилади. Футболчиларнинг маошини ўйинига боғлаб қўйилишига қаршиман, чунки у барибир меҳнат қилади. Қандайдир бонуслар ўйинга қараб берилиши мумкин, аммо ойлик аниқ белгиланиши керак.

  Футболчиликдан кечиб кетиш осон бўлмайди. Мослашиш жуда қийин, ҳеч нарса ёқмайди. Футболчиларни биласиз, эркатойроқ бўлади.

  Энг ёмони футбол ўйнай олмайсиз. Пул ва бошқа нарсалар иккинчи даражали. Футболдан кейин унақа катта пул ололмайсиз. Мен узоққа бора олмадим ва жуда катта маошга ўйнамадим. Лекин, Худога шукр, етарли, қора қозон қайнашига етарли пулим бор.

  Бошқа касбда ишлашимиз қийин, институтда ҳам шу соҳада ўқидим, курсларни ҳам футбол бўйича тугатдим. Футболчининг ҳаёти енгил деб ўйлайман. Қандайдир кабинетда ўтира олмайди, оғир иш қила олмайди. Ҳа, майдонда қиладиган иши ҳам қийин, лекин у бунга ўрганиб кетган. Ўзига ёқадиган иш бўлгани учун билинмайди. Лекин барибир қийин иш. Оддий одам 2 дақиқа катта майдонда югуриб кўрса, билади. Футболчи учун бу доимги иш. Футболчилар эса кўчадаги ҳаётга кўника олмайди. У ерда ҳеч ким сизнинг чўнтагингизга бир-икки сўм тиқиб қўймайди. Клуб базасида тайёр жойи бор, кўчада бунақаси йўқ.

  Мен у даражада катта бизнеслар қилишгача етиб бора олмадим, фаолиятим тез тугади. 24-25 ёшда футболчиликдан кетишга мажбур бўлдим. Кўп нарсалар қилиб олишга эришган футболчилар бор. Лекин мен у даражагача етиб бора олмадим.

  Футболда эришганларимнинг кўпи соғлиқ ортидан кетди. Германияда даволанишимга ҳам, тахминан, 30 минг АҚШ доллари миқдорида пул кетди. «Бунёдкор» чипта олиб берган, қолгани ўзимнинг ёнимдан тўланган. Ўша пайтда шароит шунақа бўлганми ёки бошқа сабаб, клуб даволаниш харажатларини қоплаб бермаган. Ўша пайтдаги клуб раҳбари Бахтиёр Бобоев билан ҳозиргача ҳам алоқаларим яхши. Тўғриси, нима бўлса ҳам, тезроқ футбол ўйнаб кетишни истаганман. Пулни бўлса топиб ололаман деб ўйлардим. Шунинг учун, иккиланмай сарфлагандим.

Футболимиз савияси

–  Саудия Арабистонига қарши ўйинларимиздан ҳайратдаман. Авваллари, уларга қарши ёшлар миқёсида қўрқмай ўйнаб, бемалол ютардик. Лекин охирги 3-4 йилда уларда футбол шу қадар ўсдики, нима сабаблигини ҳам билиб бўлмайди. Балки ҳаммаси пулга бориб тақалар. Араблар эринчоқ халқ, футболи ҳам шундай эди. Мана япон ва корейслар аввалдан тартибли футбол ўйнаган. Саудия Арабистони эса мана шу сўнгги йиллардагина шундай тизимли футболга етиб келди.

  Футболимизда нега олдинга силжиш бўлмаётганига ўзим ҳам ҳайронман. Керак бўлса, ҳар ой мураббий алмаштиряпмиз.

  Суперлига жамоалари асосий таркиб футболчиларининг ярмидан кўпи – легионер. Футболчиларимиз индивидуал жиҳатдан яхши, қайсидир маънода, уларни жамоавий ўйинга бирлаштира олмаётгандирмиз, балки. Бизда менталитет ҳам шундай, қайсидир футболчи майдонда ўйнаса, мен ҳам ундан кучли ўйнайман, деб ўйлаймиз. Ўзимда ҳам шунақа фикр бўлган. Лекин ҳасад қилмаслик керак.

Интизом

– Бизнинг футболчилар ярим тун – 2-3гача ҳам ухламайди. Футболчи тўйиб ухлаши керак. 11-12да ухлаш керак. Эрталаб нонушта қилиш керак. Бизда эса футболчилар нонушта ва тушликни бирга қилади. Куннинг ярмида туриб, овқатланиб, машғулотларга тайёргарлик кўришади. Шуни тўғри деб ўйлашади. Мураббийлар машғулотларга вақтида келса бўлди деб, футболчиларнинг ўзига қўйиб беради. Кўпинча мураббийлар машғулотларгагина келади, бошқа вақтда футболчилар билан иши йўқ.

Бобур Акмалов суҳбатлашди,

Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар