Юлдузлар лигасига айланаётган МЛС. Бэйл, Кьеллини ва Америкага кўчиб ўтган яна 9 юлдуз

АҚШ ва Канаданинг бирлашган олий дивизион лигаси – МЛС (Major League Soccer) юлдузларни Европадан океан ортига чорлашда давом этмоқда. ЖЧ-2018 ғолиби Блез Матюиди ва Гонсало Игуаиннинг «Интер Майами» сафига ўтганидан сўнг Америка лигаси сўнгги ҳафталарда Жоржо Кьеллини ва Гарет Бэйл сингари машҳур номларни «сеҳрли диёр»га таклиф этди. Қуйида Америка ва Канадага кўчиб ўтган юлдузлар ва бизни қандай қизиқарли чемпионат кутиб тургани ҳақида ўқишингиз мумкин. 

Гарет Бэйл, «Лос-Анжелес»

Уэльс миллий жамоаси сардори Америка клуби билан «1+1» шаклида шартнома имзолади. Бэйл «Лос-Анжелес» сафига эркин агент сифатида қўшилди. «Реал»даги фаолияти якунида Ла Лига ва Чемпионлар лигасида ғолиб бўлган Гаретнинг Мадрид клуби билан келишуви якунига етди. АҚШ ғарбидаги клубда уэльслик форвард италиялик Европа чемпиони Жоржо Кьеллини билан бирга жамоанинг янги юзига айланади.

«Лос-Анжелес» сўнгги 6 ўйинда бор йўғи 2 ғалабага эришган бўлса-да, МЛС ғарбий конференциясида пешқадамлик қилмоқда. Қайд этиш жоиз, Америка лигасида мавсум февраль охирида бошланиб, октябрь ойи ўртасигача давом этади. Ҳозиргача клублар жами 15-17тадан ўйин ўтказган.

2020/2021 йилги мавсумда Бэйл «Тоттенҳэм»га бежизга қайтмаганини кўрсата олганди – 34 ўйинда 16та гол. Бироқ якунланган мавсумда Гарет жароҳатлар ва соғлиғидаги муаммолар (тизза жароҳати, коронавирус, белдаги оғриқ, мушаклар шикастланиши) сабабли бор йўғи 7 ўйинда битта гол киритган, холос. Океан ортидаги фаолият Бэйл учун янги чақирув ва ЖЧ-2022га тайёрланиш учун ўзига хос синов бўлади.

Жоржо Кьеллини, «Лос-Анжелес»

Тез орада 38 ёшни қаршилайдиган италиялик ҳимоячи 17 йиллик фаолиятидан сўнг «Ювентус»ни тарк этди. АҚШга кўчиб ўтишидан аввал Кьеллини Италия миллий жамоасидаги сўнгги ўйинини Финалиссимада Аргентинага қарши ўтказиб, мағлубиятга учради (0:3).

Жоржо учун «Лос-Анжелес»дан ташқари, «Интер Майами» ва «Торонто» ҳам курашганди. Кьеллинининг ўзи Италия ЖЧ-2022га чиқса, Туринда қолиб, фаолиятини «Юве»да якунламоқчилиги ҳақида гапирган эди. Бироқ мундиалдан четда қолгач, «кекса синьора»даги фаолиятини 20та соврин, 560та ўйин, 36та гол ва 24 ассист натижаси билан якунлаш фикрига келди. Жоржо илк мавсумдан лос-анжелесликларнинг сардорига айланиши кутилмоқда. 

Алешандре Пато, «Орландо Сити»

32 ёшли бразилиялик ҳужумчи анчадан буён сояда қолаётгандек. Сўнгги йилларда «Вильярреал», «Тяньцзинь Цюаньцзянь», «Сан-Паулу» клублари шарафини ҳимоя қилган Пато 2021 йилнинг февраль ойида «Орландо Сити» аъзосига айланганди.

Аммо янги жамоасидаги дастлабки мавсумни тиззасидаги жароҳат сабабли майдон ташқарисида ўтказиб юборди. Сафга қайтгач, Алешандре 17 ўйинда майдонга тушиб 3та гол ва шунча ассистга муаллифлик қилди. Шарқий конференция вакили «Орландо Сити» ҳозирда учта ўйин кўп ўтказган ҳолда пешқадам «Нью-Йорк Сити»дан икки очкога ортда қолмоқда. 

Дуглас Коста, «Лос-Анжелес Гэлакси»

«Бавария» ва «Ювентус»нинг собиқ ўйинчиси февраль ойидан буён «Лос-Анжелес Гэлакси» сафида ижара асосда тўп сураётган бўлса-да, июлдан жамоанинг тўлақонли аъзосига айланади.

Тинч океани қирғоғидаги жамоа сафида Коста 12 ўйинда майдонга тушиб, 2та голга муаллифлик қилган. Бразилиялик ҳужумкор яримҳимоячи «Лос-Анжелес Гэлакси»нинг етакчиларидан бири бўлиб, клуби билан ўз конференциясида 6-ўринда бормоқда. «Бавария» билан хайрлашган 31 ёшли вингер орада 9 ой «Гремио» сафида фаолият юритган эди. 

Шердан Шақири, «Чикаго Файр»

Шақири – МЛСнинг энг кўп ҳақ олувчи ўйинчиси. «Ливерпуль»даги фаолиятидан сўнг «Лион» сафида 6 ой давомида 16 ўйин ўтказган футболчи Америкага кўчиб ўтишга қарор қилди. Мавсум стартидан аввал у «Чикаго Файр» клуби билан 2024 йилга қадар шартнома имзолади. Чикаголиклар швейцариялик ўйинчи учун Франция клубига 7 миллион евро трансфер пули тўлашди. Аммо натижа шунга яраша эмас – жамоа шарқий конференция аутсайдери бўлиб турибди.

Июнь ойи якунигача вингер 12 ўйинда тўп суриб, ўз ҳисобига 3та гол ва 2та ассист ёзиб қўйишга улгурди. МЛС маълумотларига кўра, Шақирининг йиллик маоши 7,5 млн еврони ташкил этади ва бу маблағ мавсум якунигача 8,3 млн еврогача кўтарилиши белгиланган. Бу билан Шердан МЛСда Златан Ибраҳимовичга тегишли рекорд – йиллик 7,5 миллион евро маошни янгилайди. 

Гонсало Игуаин, «Интер Майами»

Америка футболидаги маошлар рейтингида аргентиналик ҳужумчи 6 млн евро маоши билан лигада 3-футболчи саналаса-да, тўпурарлик бобида ўнликдан ҳам жой олмаган. Игуаин жорий мавсум 12 ўйинда тўп суриб, бор йўғи 2та голга муаллифлик қилди.

Умуман, таркибда номдор ўйинчилари бўлса-да, яхши натижа қайд эта олмаётган «Интер Майами» ўтган мавсумдагидек бу йил ҳам МЛС плей-офф босқичига йўлланма оладиган клубдек кўринмаяпти. Аслида муаммо фақат Игуаинда ҳам эмас, 34 ёшли форвард ўтган мавсум 30 ўйинда гол+пас тизимида 12+6 натижасини кўрсатди, бироқ Дэвид Бекҳэм жамоаси лигани 11-ўринда якунлади.

Блез Матюиди, «Интер Майами»

Жаҳоннинг амалдаги чемпиони бу йил «Интер Майами»да бирор марта ҳам қайдномадан ўрин олмаган бўлса-да, у ҳамон жамоанинг аъзоси саналади. Ўтган мавсум майамиликлар сардори сифатида 32 ўйинда майдонга тушган Блез, жорий мавсумда Фил Невилл мураббийлигида таркибдан ўрин ололмаяпти. Англиялик мураббий Матюиди ўрнига «Сантос»дан Жеан Мотани таклиф этган.


Франциялик ўйинчининг келишуви 2022 йил якунича имзолангани боис, у Майамини тарк этишга шошилмаяпти. Блез яқинда Роналдиньо ва Роберто Карлос жамоалари ўртасидаги собиқ юлдузлар шоу-ўйинида майдонга тушди. Кўриниб турибдики, француз Майамида вақтини чоғ ўтказмоқда. 

Хавьер Эрнандес, «Лос-Анжелес Гэлакси»

Чичарито 2020 йилнинг январидан буён «Лос-Анжелес Гэлакси» шарафини ҳимоя қилмоқда. Америка клуби унинг трансфери учун «Севилья»га 8,5 млн евро тўлади. Мексикалик форвард МЛСда йиллик 6,1 млн евро маош билан энг кўп ҳақ оладиган топ-5 рейтингдан жой олган.

«Лос-Анжелес Гэлакси» турнирнинг плей-офф босқичига чиқа олмаётган бўлса-да, форварднинг натижасини ёмон деб бўлмайди – 2021 йилда 21 ўйинда 17та гол ва 3та ассист қайд этган. Бу йил эса 15 ўйинда 6та гол. 

Лоренцо Инсинье, «Торонто»

Қишда «Торонто» Инсинье билан 4 йиллик шартнома имзоланганини эълон қилди. Лоренцо 30 июнь куни «Наполи» билан келишуви якунига етгач, эркин агент сифатида А Сериядан МЛСга кўчиб ўтади. 31 ёшли вингер фаолиятининг чўққисида океан ортига йўл олиши барчани ҳайрон қолдирди. Неаполь клубидаги сўнгги икки мавсумда италиялик футболчи 85 ўйинда 30та гол ва 21та голли узатмага муаллифлик қилди. Инсинье ўзи тарбия топган ва 13 йил тўп сурган жонажон клуби билан янги шартнома масаласида келишувга эриша олмагач, Канадага йўл олишга қарор қилди.  

«Торонто» МЛС шарқий конференциясида ҳаттоки ўртамиёналар сафида эмас – 16 ўйиндан кейин 18 очко жамғариб 11-ўринда бормоқда. Сўнгги ўриндаги «Чикаго Файр»дан 4 очколик масофада. 

Киран Гиббз, «Интер Майами»

«Арсенал» ва «Вест Бромвич» собиқ ҳимоячиси 2020/2021 йилги мавсумдан кейин АПЛни тарк этди. Ўтган бир йилда Гиббз Майами клуби сафида 17 ўйин ўтказиб, ўз ҳисобига битта гол ёзиб қўйди. Англиялик ўйинчининг амалдаги келишуви 2023 йилга қадар белгиланган. Киран бу мавсум жамоасининг асосий таркибидан четда қолмоқда.

Карлос Вела, «Лос-Анжелес»

Чичаритонинг ҳамюрти 2018 йилдан буён МЛСда тўп сурмоқда. Эътиборлиси, Вела 4 мавсумдан буён «Лос-Анжелес»нинг етакчиси ва сардори саналади. Ўтган 4,5 йил давомида Карлос бир неча марта ойнинг энг яхши ўйинчиси деб топилган, МЛС юлдузлар матчида тўп сурган, мусобақанинг энг қимматбаҳо ўйинчисига айланиб, 2019 йилда энг яхши тўпурар – 34та гол киритишга муваффақ бўлган эрса-да, бироқ у ҳалигача жамоавий муваффақиятга эриша олганича йўқ.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар