28.06.2022 18:29
4783
Байроқсиз ва мадҳиясиз – Ўзбекистоннинг ўз майдонидаги илк ўйинига 30 йил тўлди 

1992 йил 28 июнь куни Ўзбекистон миллий жамоаси ўз майдонидаги биринчи халқаро ўйинни Туркманистонга қарши ўтказди.  

Бундан 30 йил олдин Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида Туркманистонга қарши майдонга тушди. Марказий Осиё Кубоги доирасидаги баҳс миллий жамоамизнинг ўз майдонидаги биринчи халқаро ўйини эди. 

Миллий жамоанинг «туғилиши», Марказий Осиё Кубоги доирасида Душанбе шаҳрида ўтказган илк ўйини ҳақида - «Қалтис вазиятдаги дебют – Ўзбекистон миллий жамоасининг илк ўйинига 30 йил тўлди» номли мақолада ёритган эдик. 

Энди Ўзбекистон миллий жамоасининг ўз майдонидаги биринчи ўйинига эътибор қаратамиз. 

Байроқсиз ва мадҳиясиз... 

Журналист Сергей Гапич ёзган маълумотларга кўра, 1-тур доирасида ўтказилган Алматидаги Қозоғистон – Туркманистон ўйинида қандайдир байрам тадбирларини ташкил қилинишга уриниш бўлган. 

Бироқ, Ўзбекистоннинг Тошкентдаги биринчи ўйини камтарона ўтказилган. У ҳақда ҳеч қаерда реклама берилмаган. Шу куни «Пахтакор» стадионига 1300 томошабин тўпланган. Ўйиндан олдин мадҳиялар янграмаган, байроқлар кўтарилмаган (қайд қилиш жоизки, бу вақтда мадҳиянинг янги талқини ҳали қабул қилинмаган эди). 

Бундан ташқари, майдон четида тўпларни олиб келувчи болалар фақат иккинчи таймда пайдо бўлишган. Ўйиндаги ташкилотчилик даражаси қандайлигини шундан ҳам билиш мумкин. 

Ўзбекистон миллий жамоасининг таркибида дастлабки ўйинга нисбатан жиддий ўзгаришлар бўлган. Игорь Шквирин, Геннадий Денисов ва Миржалол Қосимов Владикавказнинг «Спартак» клубига, Андрей Пятницкий эса Москванинг «Спартак» клубига кетиб қолган. Шунингдек, Малайзияга отланаётган «Нефтчи» футболчилари ҳам йиғинга келмаган. 

Ўйиннинг кечиши 

Ўйин ўртача темпда бошланди. Меҳмонлар мослашишга ҳаракат қилишди, мезбонлар эса шошилишмади. Туркманистон миллий жамоасининг ўйини қовушмади. Унинг таркиби деярли «Копетдаг» клуби футболчиларидан иборат эди. 

Ўзбекистоннинг биринчи голи узоқ куттирмади. 8-дақиқада Азамат Абдураимовнинг жарима майдонига оширган тўпини ҳимоячи Улуғбек Рўзимов боши билан дарвозага йўллади. Хоразмлик футболчи миллий жамоанинг ўз майдонидаги илк голи муаллифи сифатида тарихга кирди. 

Улуғбек Рўзимов (depositphotos.com) 

Биринчи бўлимда мезбонлар камида 2-3 та гол уриши мумкин эди. Аммо дарвозабон Коробко маҳорати ҳисобни йириклашишига йўл қўймади. 

Иккинчи бўлимда жарима майдони ичида қулай вазиятга чиқиб бораётган      Азамат Абдураимов қўполлик билан тўхтатилди. Жабрланувчининг ўзи пенальтини аниқ амалга оширди – 2:0. 

Азамат Абдураимов 

Шундан сўнг меҳмонлар стандарт вазиятлардан фойдаланишга уриниб кўринишди. Бурчак зарбалари амалга оширилганида баланд бўйли Комил Мингазов ва Жумадурди Мередовнинг боши билан йўллаган тўплар хавфли бўлди, аммо аниқлик етишмади. 

87-дақиқада Туркманистон ҳисобни қисқартирди. Казаковнинг жарима зарбасидан йўллаган тўпи жонли деворга тегиб Золотухинга бориб тушди. Футболчи қулай имкониятни бой бермасдан, уни дарвозага йўллади. 

Сўнгги дақиқалар меҳмонлар ҳужуми сотида ўтган бўлса-да, ҳисоб ўзгармади. Ўзбекистон ўз тарихидаги биринчи ўйинда ғалабани ушлаб қолди. 

Ўйиндан кейин Туркманистон мураббийларидан бири Ёқуб Ўрозсахатов кучсиз ўйинни маҳаллий чемпионат даражаси пастлиги, «Копетдаг» клубига деярли рақобат йўқлиги билан изоҳлади. 

Ўзбекистон бош мураббийи Рустам Акромов «Натижадан қониқдим, ўйиндан эса йўқ», деб қисқа изоҳ билан кифояланди. 

Кейинги воқеалар 

Ўзбекистон миллий жамоаси Марказий Осиё Кубоги мусобақасини Қозоғистондан кейин иккинчи ўринда якунлади. Ҳужумчимиз Азамат Абдураимов 6 та гол (шундан 5 таси пенальтидан) билан турнирнинг энг яхши тўпурари ва энг яхши футболчиси бўлди. 

Туркманистон миллий жамоаси турнирда учинчи ўринни эгаллади. 

Ўйин қаҳрамонларидан бири Улуғбек Рўзимов 2017 йилда 49 ёшида вафот этди. 

Марказий Осиё Кубоги 1992

2-тур

28 июнь 1992. Тошкент. «Пахтакор» стадиони. 1300 томошабин

ЎЗБЕКИСТОН - ТУРКМАНИСТОН - 2:1 (1:0)
Голлар:
Улуғбек Рўзимов, 8 (1:0)
Азамат Абдураимов, 75 пен (2:0)
Виталий Золотухин, 85 (2:1) 
Ҳакамлар: Ю.Пекшев, Н.Амриев, В.Брагин (барчаси Тожикистон). 
Ўзбекистон: Анвар Жабборов; Мурод Алиев; Мустафо Белялов; Сайдулло Турсунов; Улуғбек Рўзимов (Александр Кожухов, 71); Илҳом Шарипов; Нўъмон Ҳасанов; Абдуқаҳҳор Маруфалиев (Қодир Ибрагимов, 62); Олег Синелобов; Азамат Абдураимов; Рустам Абдуллаев (Ойбек Усмонхўжаев, 66)
Бош мураббий: Рустам Акромов 
Туркманистон: Александр Коробко; Раҳим Қурбонмамедов; Чориёрқули Сейдиев; Сергей Казаков; Жумадурди Мередов; Гурбангелди Дурдиев; Комил Мингазов (Дмитрий Корж, 73); Омон Мередов; Омондурди Аннадурдиев (Виталий Золотухин, 69); Чориёр Мухадов (Рафиз Гильманов, 86); Берди Нурмуродов (Қурбонмамед Мередов, 46)
Бош мураббий: Байрам Дурдиев

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар