Тен Ҳаг – Клопп тўқнашуви, «Сити» – «Бавария», «Челси» - «Арсенал»га қарши. АПЛ грандлари янги мавсумга қандай тайёргарлик кўради?

Июль ойидан кўҳна қитъа клублари янги мавсумга ҳозирликни бошлайди. Тайёргарлик баҳонасида Европа грандларининг Осиё, Австралия ва Америка турнесида қатнашиши сўнгги икки йилни айтмаса, одат тусига айланган эди. Бу анъана давом этади. Англия Премьер-лигасининг номдор клублари янги мавсумга тайёргарлик доирасида кимлар билан ўйинлар ўтказиши, расмий ўйинларгача қандай етиб келиши барчага қизиқ. Айниқса, Тен Ҳагнинг «МЮ»даги норасмий дебюти қандай чиқиши, «Сити»нинг «Бавария» ва «Барса» билан ўйини, Шомуродов – Сон Ҳён Мин қарама-қаршилиги мухлислар эътиборини тортади.

«Манчестер Юнайтед»: Тен Ҳаг – Клопп тўқнашуви ва «Атлетико»га қарши баҳс

Янги бош мураббий Эрик Тен Ҳаг устозлигидаги «Манчестер Юнайтед» трансфер ойнасида энг фаол клуб бўлиши кутилган эди, аммо «қизил иблислар» фақатгина футболчилар билан хайрлашиш билан чекланмоқда, холос. Жаҳоннинг энг йирик клубларидан бири карантин сабабли сўнгги икки йилдаги турнеларини бекор қилган эди. Бу сафарги мавсум олди турнеда эса «МЮ» Осиё, Океания ва Скандинавияда йиғин доирасида ўртоқлик ўйинларида майдонга тушади.

Тен Ҳагнинг норасмий дебюти Таиландда бўлиб, 12 июлда «Юнайтед» азалий рақиби «Ливерпуль»га қарши саф тортади. Нидерландиялик мураббий ва Юрген Клопп жамоалари ўртасидаги ўйин ўртоқлик мақомида бўлиб, Бангкокда ўтказилса-да, икки жамоа мухлисларининг диққат марказида бўлиши аниқ.

15 июль куни эса «МЮ» жамоаси қарийб 7,5 минг километр парвоз қилиб, Австралияда «Мельбурн Виктори» жамоасига қарши саф тортади. 4 кун ўтиб эса «Кристал Пэлас»га қарши баҳс ҳам яшил қитъада ўтади. 23 июль куни эса Пертда «Астон Вилла»га қарши майдонга тушиб, Австралиядаги турнега якун ясалади. Шундан сўнг манчестерликлар 14 минг километрдан кўпроқ парвоз қилиб, 30 июль куни Норвегияда Мадриднинг «Атлетико» клубига қарши мавсум олди сўнгги ўртоқлик ўйинини ўтказишади. 7 август куни эса АПЛ 1-тури доирасида «Брайтон»га қарши майдонга тушилади. 

«МЮ»нинг мавсумолди ўйинлари:

12 июль: «Ливерпуль»

15 июль. «Мельбурн»

19 июль: «Кристал Пэлас»

23 июль: «Астон Вилла»

30 июль: «Атлетико»

«Ливерпуль»: Осиё ва Океанияга турне

Якунланган мавсумни муваффақиятли ўтказганига қарамай, фақатгина Англия кубоги ва Англия лига кубоги соҳибига айланган, АПЛ ва ЕЧЛда эса иккинчи бўлган «Ливерпуль» мавсум олдидан Таиланд ва Австралияга сафар қилади. Юрген Клопп шогирдлари 12 июль куни Бангкокда «МЮ»га қарши саф тортса, уч кун ўтиб Океанияда «Кристал Пэлас» билан ўйин ўтказади.

«Қизиллар»ни 21 июль куни Германияда «Лейпциг»га қарши, 27 июлда эса Австрияда «Ред Булл Зальцбург» билан ўртоқлик ўйинлари ҳам кутиб турибди.

30 июль куни эса Мерсисайд клуби дастлабки расмий баҳсини Англия Суперкубоги доирасида «Манчестер Сити»га қарши ўтказади. 

«Ливерпуль»нинг мавсумолди ўйинлари:

12 июль: «Манчестер Юнайтед»

15 июль: «Кристал Пэлас»

30 июль: «Манчестер Сити»

21 июль: «Лейпциг»

27 июль: «Ред Булл Зальцбург» 

«Манчестер Сити»: «Бавария» ва «Барса»га қарши ўйин

АПЛнинг амалдаги чемпиони саналмиш «Манчестер Сити» бошқа рақибларидан фарқли ўлароқ, мавсумлар оралиғида кўп ўйин ўтказмайди. Пеп Гвардиола шогирдлари нисбатан кечроқ йиғилиб, АҚШдаги турнеда иштирок этишади. «Шаҳарликлар» океан ортидаги дастлабки ўйинни 21 июль куни Техас штатидаги «NRG-stadium»да Хюстоннинг «Америка» клубига қарши саф тортади. Шу куни ёзги трансфер ойнасининг асосий трансфери бўлиб турган Эрлинг Ҳоланд манчестерликлар сафида норасмий дебютини ўтказиши кутилмоқда.

Икки кун ўтиб, «Сити» Висконсин штатидаги «Lambeau Field» стадионида «Бавария»га қарши ўртоқлик баҳсида майдонга тушади. Садио Манени ўз сафига қўшиб олган Мюнхен клубига қарши баҳс ўртоқлик мақомида бўлса-да, бир ҳафтадан кейин – 30 июлга белгиланган «Ливерпуль»га қарши Англия Суперкубоги олдидан тайёргарлик ўйини вазифасини ўтаб беради.

Дарвоқе, «Сити» АПЛ ўйинларини бошлаганидан сўнг, 25 август куни «Камп Ноу»да «Барселона»га қарши ўртоқлик баҳсида майдонга тушади. Учрашувдан тушган маблағ хайрияга йўналтирилади.

Мавсумолди ўйинлар жадвали:

21 июль: «Америка»

23 июль: «Бавария»

25 август: «Барселона»

«Челси»: АҚШ турнеси ва «Арсенал»га қарши баҳс

Клуб раҳбариятида катта ўзгаришлар кузатилган «Челси» мавсум стартидан аввал янги хўжайинлари ватани – АҚШда тайёргарлик кўради. Америка турнеси 17 июль куни Техасда «Америка» клубига қарши баҳс билан бошланади. 21 июль куни эса Томас Тухель шогирдларини МЛСнинг ўртамиёна жамоаси «Шарлотт» клубига қарши учрашув кутиб турибди.

Икки кун ўтиб эса «Челси» Флорида кубоги доирасида «Арсенал»га қарши саф тортади. Лондон клубларининг океан ортидаги ўзаро ўйини ҳам тайёргарлик, ҳам жамоаларга молиявий жиҳатдан яхшигина даромад келтиради. «Челси» АПЛ дастлабки турини 6 август куни «Эвертон»га қарши учрашув билан бошлайди. Лэмпард жамоасига қарши ўйингача «аристократлар» яна битта ўртоқлик баҳси ўтказишни режалаштирган. 

Мавсумолди ўйинлар жадвали:

17 июль: «Америка»

21 июль: «Шарлотт»

23 июль: «Арсенал».

«Арсенал»: Германия ва Америка турнеси, «Севилья» билан ўйин

Ўтган мавсумни 5-ўринда якунлаб, аламли тарзда Чемпионлар лигасига йўлланма ололмаган «Арсенал» янги мавсум олдидан Германия, АҚШ ва Англияда ўйинлар ўтказади. Микель Артета шогирдлари 8 июль куни Германияда «Нюрнберг»га қарши саф тортса, 17 июлда АҚШнинг Мэриленд штатида «Эвертон»га қарши ўйнайди. 21-30 июль кунлари эса АҚШда «Орландо» ва «Челси» ҳамда Лондонда «Севилья»га қарши учрашувлар ўтказади. 6 август куни эса АПЛ 1-тури доирасида «Кристал Пэлас» билан очилиш ўйини кутиб турибди.

Мавсумолди ўйинлар жадвали:

8 июль: «Ньюрнберг»

17 июль: «Эвертон»

21 июль: «Орландо»

23 июль: «Челси».

30 июль: «Севилья».

«Тоттенҳэм»: Жанубий Корея турнеси ва «Рома»га қарши баҳс

Антонио Конте мураббийлигида АПЛ якунланган мавсумини 4-ўринда тугатган ва Чемпионлар лигаси йўлланмаси соҳибига айланган «Тоттенҳэм» икки йиллик карантин чекловларидан сўнг илк марта турнега чиқади. Лондон клуби жамоанинг энг яхши тўпурари бўлган Сон Ҳён Миннинг ватани – Жанубий Кореяга сафар уюштиради.

Дастлаб, 13 июль куни «Тоттенҳэм» Сеулда К-лига юлдузларига қарши саф тортса, 16 июль куни Сувонда «Севилья» билан ўртоқлик ўйини ўтказади. 23 июлда эса Шотландияда «Рейнжерс»га қарши баҳс кутиб турибди. Сўнгги тайёргарлик ўйини доирасида эса 30 июль куни Исроилда «Рома»га қарши учрашув ўтказилади. Конте – Моуриньо, Сон Ҳён Мин – Шомуродов тўқнашуви мухлислар эътиборини тортиши аниқ. 6 августда эса «тақачилар» АПЛ дастлабки турида «Саутҳемптон»ни қабул қилишади. 

Мавсумолди ўйинлар жадвали:

13 июль: «К-Лига юлдузлари»

16 июль: «Севилья»

23 июль: «Рейнжерс»

30 июль: «Рома».

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар