Про-Лига 13-туридан ўрин олган «Орол» ва «Андижон» клубларининг Нукусдаги ўйини 20 дақиқа кеч бошланди. Жамоалар деярли бир хил либосда майдонга тушди.
Ўйин бошланиши арафасида «Орол» футболчилари елкасида қизил хошияли оқ футболка ва қизил шортида, «Андижон» эса олдида қизил-қора хошиялари бор оқ футболка ва оқ шортида майдонга кириб келишди.
Футбол қоидаларига кўра, жамоалар адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган либосда майдонга тушиши мумкин эмас. Бу томошабинлар, ТВ трансляцияси, ўйин расмийлари учун ноқулайлик туғдиради. Бу ҳолат ўйин комиссари томонидан назорат қилиниши, у 1 кун олдин жамоалар либосининг бир-бирига ўхшаш бўлмаслигини текшириши ва муаммони бартараф қилиши лозим эди.
Бу ўйинда комиссар бўлиб ишлаган Онгар Жалимов майдонга тушиб келаётган жамоалар либосидаги ўхшашликни кўриб, футболчиларни тўхтатиб турди. Ўйин расмийлари телефонда қаерларгадир қўнғироқ қила бошладилар. Оқибатда ўйин 20 дақиқа кечикиб бошланди, шунда ҳам жамоалар либосини ўзгартиришмади.
Нукусда юз берган кулгили ҳолат Про-Лига ўйинлари ташкил қилинишининг сифати бўйича саволларни келтириб чиқармоқда. Бир неча йиллар олдин ўйинларга комиссар тайинланмас, оқибатда ташкилотчилик билан боғлиқ шундай муаммолар юзага келар эди. Айнан шундай камчиликларни бартараф қилиш учун ҳар бир ўйинга комиссар тайинлана бошланган эди. Бироқ, бу чора-тадбирлар етарли эмасдек кўринмоқда. Балки энди комиссарни ҳам назорат қиладиган лавозим ўйлаб топиш ва жорий қилиш керакдир?
Про-Лига, 13-тур
24 июнь, Нукус
ОРОЛ - АНДИЖОН 1:6
Голлар: Муҳаммадкарим Тоиров, 15 (0:1), Шаҳбоз Эркинов, 28 (0:2), Шаҳбоз Эркинов, 61 пен (0:3), Арислан Юсупбаев, 70 (1:3), Горан Милочко, 73 (1:4), Маликшоҳ Расулов, 82 (1:5), Шерзод Эсанов, 90+4 (1:6)
Ҳакамлар: Рустам Чориев, Элнур Дониёров, Артём Калинин
Назоратчи: Рустам Бобомуродов
Комиссар: Онгар Жалимов
Нурмуҳаммад Саид