24.06.2022 18:42
6326
«Сўғдиёна» «Насаф» натижасини такрорлай оладими? ОФК кубогининг энг қиммат таркибга эга жамоаси турнирни бошламоқда

Бугун, 24 июнь куни ОФК кубоги «E» гуруҳида ҳам янги мавсум баҳслари старт олади. Марказий Осиё клублари жой олган квартет ўйинлари Тожикистон пойтахти Душанбеда ўтказилади. Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон жамоалари жой олган гуруҳда юртимиз шарафини Жиззахнинг «Сўғдиёна» клуби ҳимоя қилади.

«Сўғдиёна» ОФК кубогига қандай йўл олди?

Улуғбек Бақоев мураббийлигидаги жиззахликлар Суперлига 2021 йилги мавсуми якунларига кўра, 2-ўринни эгаллаб халқаро майдонда тўп суриш имкониятига эга бўлишди. Аммо «Сўғдиёна»нинг халқаро майдондаги иштироки Ўзбекистон кубоги соҳиби «Насаф»га боғлиқ эди. Қарши жамоаси март ойида ОЧЛ саралаш плей-офф баҳсида БААда «Банияс» устидан зафар қучиб (0:2), гуруҳ босқичига йўлланма олгач, Жиззах клуби ўз тарихида илк марта ОФК кубоги йўлланмасини қўлга киритди.

Қўшнилар квартети

Жиззахликлар дебют мавсумда E гуруҳида «Олтин Аср» (Туркманистон), ЦСКА (Тожикистон) ва «Нефтчи»га (Қирғизистон) қарши ўйнайди. 24-30 июнь кунлари Душанбеда ўтадиган баҳсларга барча жамоалар етиб борган. Жиззах клуби мусобақадаги илк ўйинини бугун, 24 июнь куни Қирғизистоннинг «Нефтчи» жамоасига қарши ўтказади. 27 июнда ЦСКА, 30 июнь куни эса «Олтин Аср»га қарши баҳс кутиб турибди. Гуруҳ ғолиблари минтақавий яримфинал плей-офф ўйинига йўлланма олади. 

«Сўғдиёна» «Насаф» натижасини такрорлай оладими?

«Сўғдиёна» Улуғбек Бақоев бошқарувида Суперлиганинг энг барқарор жамоаларидан бирига айланди. Жиззахликлар айни дамда Суперлигада пешқадамлик қилишмоқда ва турнирга ҳам Ўзбекистон чемпионати карвонбошчиси сифатида йўл олишди. Ўтган мавсум «Насаф» ҳам гуруҳ босқичида Душанбеда ўтказган ва гуруҳ ғолиби сифатида турнирнинг финалига қадар етиб борган эди. Финалдаги мағлубиятга қарамай, воҳа клуби турнирдаги иштироки учун жами 1,5 миллион АҚШ долларига эга чиққанди. Суперлиганинг энг яхши жамоаси бўлиб турган Улуғбек Бақоев бу мусобақада Рўзиқул Бердиевнинг натижасини такрорлаш имкониятига эга. Бунинг учун улар дастлаб гуруҳ ғолиблигини қўлга киритишлари лозим. 

«Дебютант бўлсак-да, гуруҳ ғолиби сифатида кейинги босқичга йўл олиш учун курашамиз»

Душанбедаги баҳс олдидан жиззахликлар бош мураббийи Улуғбек Бақоев ва яримҳимоячи Жасур Ҳасанов матбуот анжуманида иштирок этишди.

«Биз ОФК кубогининг дебютанти бўлсак-да, гуруҳ ғолиби сифатида кейинги босқичга йўл олиш учун курашамиз. Гуруҳимиз қизиқарли кўриниш олган – биздан ташқари, ЦСКА ва «Нефтчи» ҳам гуруҳ босқичида илк марта қатнашмоқда. Ўзбекистон Суперлигасида пешқадамлик қилаяпмиз, жамоамиз турнирга яхши тайёргарлик кўрди. Рақибни менсимаслик ҳолати йўқ, ҳар бир ўйинга алоҳида ҳозирлик кўрамиз. «Нефтчи»ни яхши ўрганганмиз. Бизни фақат ғалаба қаноатлантиради», - деди Улуғбек Бақоев.

«Илиқ кутиб олишгани учун Тожикистонга раҳмат деймиз. ОФК кубогига жуда жиддий тайёрланаяпмиз. Аминманки, турнирда осон ўйиннинг ўзи бўлмайди. Бизни гуруҳнинг асосий фаворити сифатида баҳолашаётганликларидан хабарим бор, кейинги босқичга чиқишга ҳаракат қиламиз» - деди жиззахликлар сардори Жасур Ҳасанов.

«Сўғдиёна» - ОФК кубоги-2022нинг энг қиммат жамоаси

ОФК кубоги жорий мавсумининг энг қиммат таркибга эга жамоалари орасида Ўзбекистон клуби пешқадамлик қилмоқда.

Transfermarkt порталига кўра, ушбу мусобақанинг гуруҳ босқичида иштирок этаётган 38 жамоа орасида айнан «Сўғдиёна» - энг қиммат таркибга эга клуб саналади. Жиззахликлар таркибидаги ҳар бир ўйинчининг ўртача трансфер баҳоси 245 минг еврони, 25 ўйинчидан иборат таркибнинг умумий нархи эса 6,13 миллион еврони ташкил этади. Кейинги ўринлардан «Кувайт СК» (5,2 млн евро, футболчининг ўртача баҳоси 197 минг евро), «Моҳун Баган» (5,1), «Бали Юнайтед» (5,1) ва «Ли Ман» (3,9 млн евро) сингари клублар жой олган.

Анонс. ОФК кубоги. 1-тур

24 июнь (жума)

СЎҒДИЁНА – НЕФТЧИ (Қирғизистон)

Душанбе, Марказий стадиони.

Ўйин бошланиш вақти: 19:00

ТВ-трансляция: «УзРепорт».

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар