23.06.2022 17:51
5894
Теглар
VAR
VARсиз ўйинлар машмашаси

Олимпия жамоамиз барчани футболга қайтарган Осиё кубогидан сўнг, Ўзбекистон Суперлигасига ҳам қизиқиш бироз кўтарилгандек. Аммо нуфузли мусобақадан кейин ўтказилган дастлабки турдаёқ ҳакамликдаги нуқсонлар бу қадар яққол бўй кўрсатиши кутилмаган ҳолат бўлди. Биз буёқда VAR ўғирлаб қўяётган футбол жозибаси ҳақида фикр юритаётган вақтимизда параллел оламда бизда видеотакрорларсиз адолатли ҳакамликни ташкил этиб бўлмаслигини исботловчи бир қатор воқеалар юз берди.

Келинг, биз шунчаки уларни кетма-кетликда эслаб ўтиш орқали вазиятни таҳлил қилиб кўрамиз.

Даставвал, 16 июнь санасида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси матбуот хизмати 12-турнинг барча учрашувларида VAR тизимидан фойдаланилиши ҳақида хабар берди. Шу куни тушдан сўнг, ЎзПФЛ расмий сайтида янги ташкил қилинган Футбол ҳакамлари марказига ташкилот бош директори ўринбосари Лазиз Қўчқоров раҳбар этиб тайинлангани ҳақида расман хабар берилди.

17 июнь, тур учрашувлари бошланишига бир неча соат вақт қолганида ЎзПФЛ расмий саҳифалари 12-турдан ўрин олган «Навбаҳор» — «Металлург» ва «Нефтчи» — «Насаф» учрашувларида VAR тизимидан фойдаланилмаслиги ҳақида хабар берди. Бунга сабаб эса кўчма телевизион станция (КТС) билан боғлиқ муаммо эканлиги хабар қилинди. Айни ушбу учрашувлар бўлиб ўтиши режалаштирилган саналарда Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи бунга сабаб бўлгани катта эҳтимол.

Хўп, КТС билан боғлиқ муаммо сабаб тур ўйинларида VAR тизими ишламай қолиши биринчи маротаба содир бўлмаяпти. Лекин нима учун айнан Тошкентдаги ўйинларда VAR тизими ишлаши керак? Албатта, Суперлигадаги ҳар бир жамоа ва унинг амбицияларини ҳурмат қиламиз, аммо Тошкентда ўйин ўтказаётган жамоалардан фақат ОКМК чемпионлик учун курашда иштирок этмоқда. «Бунёдкор» ва «Қўқон-1912» эса жадвалда катта ўзгаришларга сабаб бўлмайдиган учрашувлардан бири эди. VAR фойдаланилмаган икки беллашув «Навбаҳор» — «Металлург» ва «Нефтчи» — «Насаф» учрашувида эса иккита чемпионликка реал даъвогарлар ўйнарди ва бир кун фарқ билан ўтган водийдаги ушбу икки учрашувга техникани етказиб олиб бориш маршрут жиҳатидан ҳам у қадар қийин эмасди.

Эътиборлиси, кетма-кет икки турдан бери «Навбаҳор» иштирокидаги ўйинда VAR ишламаяпти. «Метуллург»га қарши ўйиннинг 78-дақиқасида бекободликлар футболчиси тепган тўп «Навбаҳор» яримҳимоячиси Йован Жокичнинг қўлига тегиб, йўналишини ўзгартирган, аммо бош ҳакам Илгиз Танташев ушбу вазиятда пенальти белгиламади ва наманганликлар эҳтимолий мағлубиятдан қутулиб қолишди.

Рустам Ашурматовнинг 90+5-дақиқада қўпол хатосини рақибга нисбатан ўта қўполлик билан тузатишга урингани ва бу вазиятда бош ҳакам сариқ карточка билан чеклангани янада ажабланарли.

Бир кун ўтиб, Яйпандаги «Ўзбекистон» стадионида бўлиб ўтган «Нефтчи» — «Насаф» беллашуви эса VAR бўйича саволларни янада ошириб юборди. Белгиланган иккала пенальти бўйича ҳам эътирозлар йўқ, аммо қаршиликлар томонидан тепилган пенальти вақтида зарба берилиши олдидан ҳар иккала жамоанинг нақд 9 нафар футболчиси жарима майдончаси ичига кириб кетган. Ваҳоланки, Лутфуллин бу пайтда ўша футболчиларга чизиқни кесиб ўтмаслик ҳақида кўрсатма бераётганди. Устига-устак, 11 метрлик тўпни Марко Станоевич голга айлантира олмади, аммо қайтган тўпни жарима майдончасига илгарироқ кириб олган футболчилардан бири — Акмал Мозговой дарвозага жойлаб қўйди. Бош ҳакам эса тўп тепилмасидан кўз ўнгидан югуриб ўтиб кетган футболчиларнинг бирортасини илғамаган ва голни инобатга олди.

«Championat.asia» сайтининг маълум қилишича, Рустам Лутфуллин 9-турдан сўнг Суперлига учрашувларидан четлатилган. Буни қарангки, у ўша турда айнан «Навбаҳор» ва «Нефтчи» жамоалари ўйинида VAR ҳаками вазифасини бажарган.

Ушбу учрашувдан сўнг, шарҳловчи Бобур Акмалов ўз «Telegram» саҳифасига расм жойлади ва унда Дамир Дараев исмли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси «Нефтчи» — «Насаф» учрашувининг биринчи тайми 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланиши ва тотализаторлар билан шуғулланувчилар ушбу учрашувнинг биринчи тайми 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланишига пул тикиши мумкинлиги ҳақида пост қолдиргани акс этган.

Шу ўринда эслатиб ўтишимиз керакки, Ўзбекистон ҳудудида тотализатор фаолияти билан шуғулланиш, иштирок этиш ва уни реклама қилиш қонунан тақиқланган.

Умид қиламизки, масъул идоралар ушбу учрашувдаги ҳолат юзасидан керакли суриштирув ишларини олиб боришади. Янги ташкил этилган футбол ҳакамлари маркази ва Профессионал футбол лигаси Суперлига учрашувларида VAR тизимидан фойдаланиш масаласидаги муаммоларни имкон қадар тез фурсатда ҳал қилишлари зарур.

Абдулбасит Валихонов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар