23.06.2022 23:17
5014
Теглар
«ОФК кубогида осон ўйин бўлмайди. Дебютант бўлсак-да, кейинги босқичга чиқиш учун курашамиз». Бақоев ва Ҳасанов Қирғизистон клубига қарши ўйин олдидан

ОФК кубоги 1-тури доирасида «Сўғдиёна» жамоаси 24 июнь куни Қирғизистоннинг «Нефтчи» клубига қарши саф тортади. Душанбедаги баҳс олдидан жиззахликлар бош мураббийи Улуғбек Бақоев ва яримҳимоячи Жасур Ҳасанов матбуот анжуманида иштирок этишди.

«Биз ОФК кубогининг дебютанти бўлсак-да, гуруҳ ғолиби сифатида кейинги босқичга йўл олиш учун курашамиз. Гуруҳимиз қизиқарли кўриниш олган – биздан ташқари, ЦСКА ва «Нефтчи» ҳам гуруҳ босқичида илк марта қатнашмоқда. 

Ўзбекистон Суперлигасида пешқадамлик қилаяпмиз, жамоамиз турнирга яхши тайёргарлик кўрди. Рақибни менсимаслик ҳолати йўқ, ҳар бир ўйинга алоҳида ҳозирлик кўрамиз. Эртанги рақиб «Нефтчи»ни яхши ўрганганмиз. Бизни фақат ғалаба қаноатлантиради», - дейди Улуғбек Бақоев.

«Илиқ кутиб олишгани учун Тожикистонга раҳмат деймиз. ОФК кубогига жуда жиддий тайёрланаяпмиз. Аминманки, турнирда осон ўйиннинг ўзи бўлмайди. Бизни гуруҳнинг асосий фаворити сифатида баҳолашаётганликларидан хабарим бор, кейинги босқичга чиқишга ҳаракат қиламиз» - дейди жиззахликлар сардори Жасур Ҳасанов.

Tribuna.uz Душанбедаги матбуот анжуманини етказган Тожикистон футбол федерацияси матбуот котиби Фаридун Салиевга миннатдорчилик билдиради.

 Маълумот учун, ОФК кубоги 1-тури доирасидаги «Сўғдиёна» ва «Нефтчи» (Қирғизистон) ўйини 24 июнь, жума куни соат 19:00да бошланади. Ўйин Тожикистон пойтахтидаги «Марказий» стадионда ўтказилади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар