18.06.2022 12:31
5262
Темур Кападзе: «Финал учун оптимал таркибимиз ҳали маълум эмас»

U-23 Осиё Кубоги финали — Ўзбекистон — Саудия Арабистони баҳси олдидан олимпия жамоамиз бош мураббийи Темур Кападзе ҳал қилувчи ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди. 

«Ассалому алайкум, финалда эканлигимиздан хурсандмиз. Эртага бизни ҳал қилувчи беллашув кутиб турибди. Финалга яхши тайёргарлик кўрдик. Бу босқичгача барча ўйинларда етарлича қийинчиликни енгиб ўтдик.

Бизга таъсир қилиши мумкин бўлган ташқи омиллар кўп. Лекин буларни ўйлашга вақт йўқ. Эртага қандай шароитда футбол ўйнашга тўғри келмасин, майдонча чиқишимиз керак. Биз ўзимизни ҳар тарафлама тайёрлаяпмиз. Финалда руҳий ва жисмоний тайёргарлик бўйича ҳам жанг бўлади. Саудия Арабистони ҳам биз билан бир хил шароитда ўйин ўтказади. 

Саудия Арабистони доим кучли. Уларни ўрганиб чиқдик. Аввал ҳам қарама-қарши келганмиз. Саралашда бизга қарши тўқнаш келган жамоа ўзгарган. Устига-устак рақибларнинг ёши бизнинг йигитларникидан катта. Биз ҳар бир жамоани ҳурмат қиламиз. Финалдаги рақибимиз ҳали гол ўтказмаганлиги бизга қўшимча мотивация беради. 

Финалгача бўлган ҳар бир учрашув катта фойда берди. Араб жамоаси бўладими ёки бошқами — барибир катта тажриба берди. Рақибнинг кучини ҳис қилиб турибмиз. Лекин ўзимизнинг кучли томонларимиздан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. 

Финал учун оптимал таркибни бугунги машғулотлардан кейин билиб оламиз. Захирадаги футболчиларимиз ҳам ўйинни яхши кучайтира олишади.

Миллий жамоа ёки олимпия жамоаси кўп ҳам расмий ўйинларда қатнаша олмайди. Албатта, бу каби мусобақаларнинг футболчиларимизга фойдаси катта. Улар турли футбол мактаблари билан танишиб чиқишга муваффақ бўла олишяпти. Биз Ўзбекистонда бу каби мусобақани биринчи маротаба ўтказяпмиз. Демакки, нафақат футболчи ёки мураббийлар, футбол атрофидаги кўплаб мутахассисларимиз катта тажриба йиғишяпти», — деди Кападзе. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги финал эртага, 19 июнь, Тошкент вақти билан 18:00да, «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар