17.06.2022 13:53
7062
Қалтис вазиятдаги дебют – Ўзбекистон миллий жамоасининг илк ўйинига 30 йил тўлди 

1992 йил 17 июнь куни мустақил Ўзбекистоннинг бош жамоаси қалтис сиёсий вазиятда қолган Тожикистон пойтахтида ўз тарихидаги биринчи ўйинни ўтказди. 

Фото. Ўзбекистон миллий жамоаси 1994 йилги Осиё ўйинларида 

Бундан 30 йил олдин Ўзбекистон миллий жамоаси Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида мезбонларга қарши майдонга тушди. Марказий Осиё Кубоги доирасидаги баҳс миллий жамоамиз тарихидаги илк халқаро ўйин эди. Оғир сиёсий-иқтисодий вазият туфайли фуқаролар уруши остонасида турган Тожикистонда бундай даражадаги беллашувнинг ўтказилиши катта таваккалчилик, ақлбовар қилмас иш бўлган. «Қалтис вазиятдаги дебют» ўйини ўзбекистонликлар устунлигида ўтди, аммо муваффақиятли якунланишига 5 дақиқа етмади. 

Миллий жамоанинг «туғилиши» 

1991 йил 1 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинди. Шу йили декабрь ойида собиқ СССР таркибига кирувчи республикалар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини (МДҲ) тузиш ҳақида келишувни имзоладилар. Унга аъзо мамлакатларнинг футбол федерациялари 1992 йилда клублар ўртасида МДҲ чемпионатини ташкил этиш ғоясини илгари суришди. Турнирда Ўзбекистондан «Пахтакор», «Нефтчи» ва «Навбаҳор» клублари ҳам иштирок этиши режалаштирилаётган эди. Бироқ, бу ғоя турли сабабларга кўра ҳаётга татбиқ этилмай қолди. 

1992 йил 31 январь куни Ўзбекистон футбол федерацияси (ЎФФ) ижроқўмида Ўзбекистон миллий ва олимпия жамоаларини ташкил этиш, уларга мураббийларни тайинлаш ҳақида қарор қабул қилинди. Демак ушбу санани миллий жамоамиз туғилган сана деб бемалол айтиш мумкин. 

Марказий Осиё Кубоги ғояси 

МДҲ чемпионати режаси барбод бўлгач, Марказий Осиё давлатлари федерацияларида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон клублари иштирокида чемпионат ўтказиш ғояси туғилади. Аммо оғир иқтисодий вазият туфайли унинг ўтказилиши имонсиз деб топилган. Шундан сўнг, ЎФФ миллий ва олимпия жамоалари иштирокидаги турнир ғоясини илгари сурган, уни барча федерациялар қўллаб-қувватлаган. 

Журналист Сергей Гапич сўзларига кўра, федерациялар вакиллари Қозоғистоннинг Шимкент шаҳрида мусобақа тақвимини тасдиқлаш учун тўпланишган. Бироқ, авиачипталар нархининг кескин кўтарилиши, молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар туфайли айрим федерацияларнинг бундай форматда иштирок эта олмаслиги аён бўлган. Шундан сўнг, фақат миллий жамоалар иштирокида, гуруҳ босқичидан иборат, уй-сафар ўйинлари тизимида турнир ўтказишга келишиб олишган. 

1 июнь куни Марказий Осиё Кубоги старт олди ва дастлабки ўйинда Қозоғистон миллий жамоаси ўз майдонида Туркманистонни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. 

Миллий жамоанинг илк ўйини 

17 июнь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Ўзбекистон миллий жамоаси мустақил байроғимиз остидаги биринчи ўйинни ўтказиш учун мезбонларга қарши майдонга тушди. 

Шу куни «Помир» стадионига 3 минг мухлис жамланди. Оғир сиёсий-иқтисодий вазият бўлишига қарамай, ҳар иккала жамоа энг яхши футболчиларини ўйинга жалб қила олди. Тожикистон таркибида Россиянинг «Зенит» клубидан Андрей Мананников, «Локомотив» клубидан Ҳаким Фузайлов, Василий Постнов, Юрий Батуренко, Муҳсин Муҳаммадиев, «Спартак» клубидан Рашид Раҳимов майдонга тушди. Ўзбекистон таркибида «Нефтчи» клубидан Александр Тихонов, Владикавказнинг «Спартак» клубидан Геннадий Денисов, Миржалол Қосимов, Андрей Пятницкий ва Игорь Шквирин ўйнади, «Пахтакор»дан Илҳом Шарипов ўйинга тушди. 

Биринчи бўлим тенг курашлар остида ўтди. Танаффусдан кейин эса меҳмонлар яхшироқ ўйин намойиш этишди. 

62-дақиқада Игорь Шквирин Ўзбекистон миллий жамоасининг илк голини уриб, тарихга кирди. 

Ҳисобдаги фарқ 10 дақиқа сақланиб турди. Ўзбекистон миллий жамоаси дарвозасидан 20 метр узоқликда жарима зарбаси белгиланди. Муҳсин Муҳаммадиевнинг кучли ва аниқ зарбаси олдида дарвозабон Анвар Жабборов ожиз эди – 1:1. 

Орадан 2 дақиқа ўтгач, Ўзбекистон миллий жамоаси яна ҳисобда олдинга чиқиб олди. Игорь Шквирин жарима майдони ичида қўпол тарзда йиқитилди. Белгиланган пенальтини Рустам Абдуллаев аниқ амалга оширди. 

21 ёшли ҳужумчи пенальти белгиланиши билан боғлиқ вазиятни шундай эслайди: «Шквирин ва Тихонов (тажрибали футболчилар) пенальтини ким тепиши ҳақида ўйланиб туришганида «мен тепақолай» дедим. Шунда менга қараб «Пусть молодой пробьёт» (Майли, йигитча тепақолсин) дейишди. Қандайдир ҳаяжон бўлмаган, гол урганман». 

Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинда ғалабани ушлаб қололмади. 86-дақиқада Раҳимовнинг кучли зарбасидан кейин Жабборов тўпни қайтара олди, аммо Муҳаммадиев чаққонлик қилиб, уни дарвозага йўллади – 2:2. 

Ўйиндан кейин Ўзбекистон миллий жамоасининг 8 футболчисига энг юқори – 5 баҳо, 5 футболчисига 4 баҳо қўйилган. Тожикистон таркибида эса фақат 2 та гол муаллифи Муҳаммадиев энг юқори баҳога эга бўлган. 2 футболчига 4 баҳо, қолганларига 3 баҳо қўйилган. 

«Натижадан қониқдим. Бироқ, ҳамма нарсани уддаламадик. Баъзи вазиятларда футболчиларимиз суст ўйнашди. Майдон марказида қўпол хатолар кузатилди. Умуман олганда футболчиларга эътирозим йўқ», деди Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Рустам Акрамов ўйиндан кейин.

Кейинги воқеалар 

Ўзбекистон миллий жамоаси Марказий Осиё Кубоги мусобақасини Қозоғистондан кейин иккинчи ўринда якунлади. Ҳужумчимиз Азамат Абдураимов 6 та гол (шундан 5 таси пенальтидан) билан турнирнинг энг яхши тўпурари ва энг яхши футболчиси бўлди. 

Тожикистон миллий жамоаси мамлакатда бошланиб кетган фуқаролар уруш сабабли мусобақада охиригача иштирок эта олмади. 

1992 йил 28 июнь куни Ўзбекистон миллий жамоаси ўз майдонидаги биринчи ўйинни ўтказди. Бу ҳақдаги маълумотларни кейинги мақоламизга қолдирамиз. 

Марказий Осиё Кубоги 1992

1-тур

17 июнь 1992 йил, Душанбе, «Помир» стадиони, 3000 томошабин

ТОЖИКИСТОН - ЎЗБЕКИСТОН - 2:2 (0:0)

Голлар:

0:1 - Игорь Шквирин, 62

1:1 - Муҳсин Муҳаммадиев, 72

1:2 - Рустам Абдуллаев - пенальти, 74

2:2 - Муҳсин Муҳаммадиев, 86. 

Ҳакамлар: А.Кулаков, А.Мазманьян, К.Ўрдабоев (барчаси Қозоғистон) 

Тожикистон: Андрей Мананников, Ҳаким Фузайлов (Арсен Аваков, 67), Анатолий Воловоденко, Игорь Витютнев (Шуҳрат Мамажонов, 51), Рашид Раҳимов, Василий Постнов, Умид Алидодов (Ўроз Назаров, 77), Юрий Батуренко, Сергей Мандреко (Анвар Асадуллаев, 65), Вазген Манасян (Алиёр Ашурмамадов, 55); Муҳсин Муҳаммадиев.

Бош мураббий: Шариф Назаров 

Ўзбекистон: Анвар Жабборов, Александр Тихонов, Виктор Макаров, Мустафо Белялов, Геннадий Денисов, Илҳом Шарипов (Абдусамад Дўрмонов, 39), Равшан Бозоров, Қодир Ибрагимов (Сергей Завальнюк, 46) (Рустам Дўрмонов, 80), Миржалол Қосимов (Андрей Пятницкий, 46), Игорь Шквирин, Рустам Абдуллаев

Бош мураббий: Рустам Акрамов 

Нурмуҳаммад Саид тайёрлади

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар