15.06.2022 23:55
16304
Теглар
Темур Кападзе: «Ироққа қарши ўйиндаги воқеалардан сўнг, финални «Пахтакор»га кўчириш ҳақида ўйлаб ҳам бўлмайди»

U-23 Осиё Кубоги яримфиналидан ўрин олган Ўзбекистон ва Япония қарама-қаршилигидан сўнг, олимпия жамоамиз бош мураббийи Темур Кападзе ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди. 

«Аввало, ассалому алайкум. Биринчи навбатда, ҳаммани ғалаба билан табриклайман. Бу — бутун ўзбек халқининг ғалабаси. Қисқа вақт ичида Японияга қарши тайёргарлик кўришга ҳаракат қилдик. Уларни билардик, жуда ҳужумкор кучли жамоа. Лекин футболчиларим ўзларининг кучли жиҳатларини кўрсата олишди.

Келинг, ўз сирларимизни очмаймиз. Қўлимиздан келганича тайёргарлик кўрдик ва ғалабага эришдик. 

Кеча ҳам мухлислар бўладими ёки йўқ — маълум эмасди. Ҳа, мухлислар билан осонроқ бўлиши мумкин эди. Аммо барча ғолатларга тайёр эдик. Билар эдикки, телевизор олдида, бутун Ўзбекистонда бизни қўллаб туришибди. Шуни ҳис қилган ҳолда, ўз ишимизни майдонда бажардик. 

Бундай учрашувларда битта-иккита вазиятлар ҳал қилади. Японияни мусобақа давомида кўрдик, атиги 2та гол қўйиб юборишди. Лекин улар ҳам қаердадир хато қилишини билардик. Ҳа, Жасурнинг ажойиб голи ҳисобни очиб берди. Аммо унгача ҳам, ундан кейин ҳам вазиятларимиз бўлди. Қувонарли тарафи, рақибларда умуман имконият бўлмади. 

Нафақат яримфинал, балки финални ҳам «Пахтакор» стадионида ўтказишни сўрагандим. Чунки «Бунёдкор»да ҳаво исиганидан сўнг, майса димиқиб қолади. «Пахтакор»да эса ҳаво бор, майдон жуда аъло ҳолатда. Футболчиларнинг нафас олиши оғир кечди, уларнинг ўзлари ҳам майдон жуда оғир эканлигини айтишди. Лекин ОФКнинг қарори шундай, бунга кўникишга мажбурмиз. Ироққа қарши ўйиндаги воқеалардан сўнг, финални «Пахтакор»га кўчириш ҳақида ўйламасак ҳам бўлади. 

Финалда эканлигимиздан хурсандмиз. Ҳа, бу — катта натижа. Лекин чемпионликни мақсад қилганмиз. Саудия Арабистони билан кўп тўқнаш келдик. Уларни яхши биламиз, жуда кучли жамоа. Олимпия жамоамиз ушбу титулни бир марта ютган. биз яна бир бор юртимизга ушбу совринни совға қилмоқчимиз. 

Ироққа қарши беллашувдан сўнг, футболчиларимга жамоага зарар келтирадиган ишлар қилмасликни уқтирдик. Ўз хатоларимиз устида ишлаймиз. Саудия Арабистони билан саралаш ва «Dubai Cup» баҳсларида тўқнаш келгандик. Бу финалдаги рақиб ҳақида етарли маълумотга эга бўлишимизга ёрдам берди. 

Турнирнинг аввалиданоқ мухлислар бизга босим ўтказиш учун эмас, бизни қўллаб-қувватлаш учун стадионга келаётганини тушунтирдим. Мухлислар, аксинча, рақибларга босим, демакдир. Мухлислар киритилмаганининг ягона яхши жиҳати сифатида кўрсатмаларимни футболчилар тўлиқ эшита олганликларини айтишим мумкин. Бутун 90 дақиқа мобайнида улар билан бирга бўлдим. Лекин йигитлар барчасини яхши бажараётган пайтда уларнинг ўзига ўйинни ташлашга қарор қилдик. 

Достон Турсуновда ҳаммаси яхши деб ўйлайман. Яна кўриб чиқамиз. Оғир учрашувларни ўтказиб келдик. Олдимизда финал — энг муҳим беллашув. Карточкалар масаласида ҳам бироз муаммоларимиз бор, барчасини ҳал қилишга ҳаракат қиламиз», — деди Кападзе. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон финалда Саудия Арабистонига қарши баҳс олиб боради. Учрашув 19 июнь, «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади.

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар