15.06.2022 12:59
4749
«Таслим бўлиш йўқ. Мақсадимиз – чемпионлик». Олимпиячилар Японияга қарши ўйин ва мухлислар бўлмаслиги ҳақида

Бугун, 15 июнь куни Ўзбекистон олимпия жамоаси Осиё кубоги U23 яримфинали доирасида Японияга қарши саф тортади. Ушбу баҳсда маҳаллий мухлислар стадионга киритилмайди. Кеча, 14 июнь куни Ўзбекистон олимпия жамоаси яримфинал олдидан сўнгги машғулотларни ўтказди. Олимпия жамоамиз ҳимоячиси Достонбек Турсунов ва ҳужумчи Улуғбек Ҳошимов ўйинолди фикрлари билан ўртоқлашди. 

«Авваламбор, ассалому алайкум, табрик учун раҳмат. Ироққа қарши оғир ўйиндан сўнг, яхши тикланиш ишларини олиб бора олдик. Ҳамманинг кайфияти яхши, биз жангга тайёрмиз, деб ўйлайман. 

Ҳар бир рақибнинг ожиз ва кучли тарафлари бор. Японияни яхши ўрганиб чиқдик. Эртанги баҳсда улардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. 

Тикланишимиз учун ҳамма шароитлар яхши бўлди. Керакли барча ишларни қилдик. Менимча, улгурдик. 

Мухлислар бўлмаслиги? Биз ҳар қандай ҳолатга тайёрмиз. Томошабинлар бўлса, бизга янада кўпроқ куч бағишлайди. Ироққа қарши беллашувда ҳам кўрдингиз, мухлислар 11-футболчи бўлиб беришди ва ғалабага эришдик. Улар биз билан бўлишса, жуда яхши бўларди. Аксинча бўлса ҳам, фақат ғалаба учун ўйнаймиз», — деди олимпия жамоамиз ҳимоячиси. 

Шунингдек, асосий ҳужумчиларимиздан бири Улуғбек Ҳошимов ҳам ўзининг фикрлари билан бўлишди. 

«Ассалому алайкум. Тайёргарлик зўр бўлди деб бемалол айта оламан. Шунча йўл босиб ўтиб, яримфиналга ҳам етиб келдик. Мақсадимиз — чемпионлик. Худо хоҳласа, бунга эришамиз. Кўрдингиз, жуда қийин ўйин ўтказдик. Лекин биз ўз ниятимиз томон яхши кураша олдик. Ҳаммамизнинг, ота-оналаримизнинг ўзига хос орзу-умидлари бор. Шу яхши ниятларнинг ярмини босиб ўтдик, буёғига ҳам бўшашишга ҳаққимиз йўқ. 

Дарвозабонимизга 12-дақиқадаёқ қизил карточка берилди. Бу бизга сал бўлса ҳам руҳий томондан оғир бўлди. Бироқ ўзимизни қўлга олиб, ҳар битта зонада тўғри ҳаракат қилиб, натижага эришдик, деб ўйлайман. 

Японияни барчамиз олдиндан биламиз. Улар Осиё давлатлари орқасида доим ўз номи билан машҳур бўлиб келган. Тартибли ўйнаш ва бошқа кўплаб жиҳатларда яхши ташкил қилинган жамоа. Лекин биз ҳам ўзимизга яраша обрў-эътиборга эгамиз. Мана энди яримфиналда ўз кучимизни тўлиқ кўрсатишимиз керак. Таслим бўлиш йўқ. 

Мухлислар бўлмаслигини эшитиб, сал бўлса ҳам ўйланиб қолдик. Мухлисларнинг стадионга келиши бизга катта руҳий устунлик бераётганди. Қанча ғалабага эришган бўлсак, унда мухлисларнинг катта ҳиссаси бор. ОФК шу қарорга келса, бизнинг бошқа иложимиз йўқ. Ўз мақсадимиз йўлида ишлашда давом этамиз», — деди Ҳошимов. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ёшларининг Японияга қарши ўйини бугун, 15 июнь, Тошкент вақти билан 21:00да «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади. ОФК қарорига кўра, бу учрашувга маҳаллий мухлислар киритилмайди. Фақат 500 нафарга яқин япониялик томошабинлар киритилиши мумкин.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар