15.06.2022 00:50
11911
Теглар
Расман: Ўзбекистон – Япония ўйинига ўзбекистонлик мухлислар киритилмайди. ОФК ЎФА ва Неъматовга жазо чораларини эълон қилди

Осиё кубоги U-23 чоракфинали доирасидаги Ўзбекистон – Ироқ (2:2, пен – 3:2) учрашувида юз берган воқеалар бўйича ОФК қарори ва жазо-чораларини эълон қилди.

ОФК расмий сайти хабарига кўра, ОФК тартиб-интизом қўмитаси Ўзбекистон олимпия жамоаси иштирокидаги битта ўйин маҳаллий томошабинларсиз ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилган. Унга кўра, Осиё кубоги U23 яримфинали доирасидаги Ўзбекистон – Япония баҳсига ўзбекистонлик томошабинлар киритилмайди. Япониялик 500 нафар мухлис эса стадионга кириши мумкин бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон – Ироқ учрашувида стадионда хавфсизлик етарлича таъминланмагани ва ОФК талаблари бажарилмагани сабабли ЎФА 50 минг АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилади.

Абдувоҳид Неъматов эса 3 ўйинга дисквалификация қилиниб, 500 доллар жарима тўлайди.

Эслатиб ўтамиз, Осиё кубоги U23 яримфинали доирасидаги Ўзбекистон – Япония учрашуви, 15 июнь куни соат 21:00да «Бунёдкор» стадионида ўтказилади.

Аввалроқ, Ўзбекистон – Ироқ олимпия жамоалари ўртасидаги учрашувда саудия арабистонилик бош ҳакам мезбон жамоа дарвозабони Абдувоҳид Неъматовни майдондан четлатиб, VAR орқали пенальти белгилагач, стадиондаги томошабинлар томонидан майдон томон турли буюмлар улоқтирилиши, оқибатда ўйин бир неча дақиқага тўхтаб қолгани юзасидан ОФК Ўзбекистон футбол ассоциациясига танбеҳ бериб, тушунтириш хати сўрагани ҳақида хабар берган эдик.

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар