13.06.2022 21:27
11666
Ўзбекистон U-23 Японияга қарши яримфиналга тайёргарликни бошлади

Ўзбекистон олимпия жамоаси машғулотларга қайтди. 

Бугун, 13 июнь санасидан Темур Кападзе шогирдлари бўлажак яримфинал олдидан машғулотларга киришди. Бош мураббий машғулотлар олдидан қуйидаги фикрларни билдириб ўтди. 

«Жуда ҳам қийин ва муҳим ғалабани қўлга киритдик. Лекин бу аллақачон тарихда қолди. Худога шукр, барчамиз биргаликда амалладик. Бутун Ўзбекистон бирлашиб, битта кучга айланди. Йигитлар ҳам бундан кучга тўлиб, даҳшатли даражада ҳаракат қилишди. Охиригача босим қилдик. 

Яримфиналдаги рақибимиз — Япония. Кеча Жанубий Кореяга қарши ўйинни ҳам кўриб олдик. Улар доимгидек кучли жамоа. Ҳа, жароҳат, карточкалар билан боғлиқ муаммолар бор. Лекин йўқотишларга қарамай, барибир ғалаба учун қўлдан келганча ҳаракат қиламиз. Ироққа қарши ўйинда анча куч йўқотдик. Ҳар тарафлама қийин учрашув ўтказдик. Бугун ва эртага максимал тайёргарлик кўриб, Японияни енгган ҳолда, финалга чиқишга ҳаракат қиламиз. 

Йўқотишлар турнирда ҳар доим бўлади. Жамоа 11 кишидан иборат эмас, 21та футболчи бор. Ҳар бири асосий таркибга муносиб бўлиши керак. Ҳар бирининг ўз ўрни, ўзига хос кучи бор. Ҳа, рақибда бир қатор кучли футболчилар бор. Бироқ йигитларга уларга қарши курашиш учун керакли кўрсатмаларни берамиз. Майдонда футболчилар қўлларидан келганича ҳаракат қилишади, ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлади. 

Худога шукр, мухлисларимиз бизга катта мотивация бериб турибди. Ватан жамоаси ўйнаганда ҳаммамиз бирлашишимиз керак. Бирлашганда катта кучга айланяпмиз. Ҳали ОФКнинг якуний қарори чиқмади. Лекин, албатта, мухлисларимиз йўқ бўлиши биз учун ёмон ҳолат. Бироқ улар трибунада бўлмаса ҳам, майдонга чиқиб, ўз ишимизни қиламиз, деб ўйлайман», — деди Кападзе. 

Шунингдек, чоракфиналда Ироққа қарши ўйиннинг иккинчи таймида майдонга тушиб, жамоамизнинг ғалабасига катта ҳисса қўшган футболчилардан бири Аббосбек Файзуллаев ҳам қисқа интервью бериб ўтди. 

«Авваламбор, ассалому алайкум. Бутун ўзбек халқини, мухлисларни ушбу муҳим ғалаба билан табриклайман. Яримфиналга чиқдик. Жуда қийин ўйин бўлди. 120 дақиқа бир киши кам бўлиб ўйнаш жуда оғир. Мухлислар, жамоадошлар ва мураббийлар штабига катта миннатдорчилик билдираман. Охиригача курашиб, ўз мақсадимизга эришдик. 

Бир киши кам бўлиб қолиш доим оғир. Жанговар руҳда майдонга тушганимиз ва мухлислар қўллаб тургани сабабли бизга куч қўшилди. Уларнинг руҳияти бизга ёрдам бериб, умуман чарчамадик. 

Япониянинг ҳамма жамоалари кучли бўлади. Катта бўладими, кичкинами — фарқи йўқ. Жамоавий ўйин яхши шаклланган. Кечаги учрашувни кўрдик. Мана бугундан машғулотларда айнан уларга қарши тайёрланамиз», — деди Файзуллаев. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Японияга қарши ўйини 15 июнь, Тошкент вақти билан 21:00да старт олади.

Мухбир — Абдулбасит Валихонов
Тасвирчи ва монтаж устаси — Азимжон Воҳидов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар