12.06.2022 00:03
18744
Теглар
Четлатиш, автогол ва пенальтилар. Ўзбекистон пенальтилар сериясида Ироқни мағлуб этиб, Осиё кубоги U-23 яримфиналга йўлланма олди

Осиё кубоги U-23 чоракфинали доирасидаги Ўзбекистон олимпия жамоаси ва Ироқ ўртасидаги учрашув якунига етди.

Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида 32 700 нафар томошабин қаршисида ўтган шиддатли ва муросасиз баҳс кутилмаган сценарий остида бошланди. 

12-дақиқадаёқ дарвозабон Абдувоҳид Неъматов ўз жарима майдони ичида оддий вазиятда ироқлик футболчини тирсаги билан уриб, йиқитгач вазиятга VAR аралашди. 

Оқибатда саудия арабистонилик бош ҳакам дарвозабонни четлатиб, пенальти белгилади. Рамазон Жума 11 метрлик нуқтада адашмади – 0:1.

Темур Кападзе шогирдлари 10 киши бўлиб қолганига қарамай, 45+5-дақиқага келиб пенальтидан ҳисобни тенглаштиришди. Ҳожимат Эркиновга нисбатан ишлатилган қўполликдан сўнг белгиланган 11 метрлик жарима зарбасини Жасур Жалолиддинов голга айлантирди – 1:1.

Иккинчи бўлимнинг 50-дақиқасида вакилларимиз стадионни ларзага келтиришди. Қарши ҳужумда Норчаев ва Эркинов комбинациясидан кейин рақиб ўйинчиси автогол муаллифи бўлди – 2:1.

Бироқ олимпиячиларимизнинг қувончи узоққа чўзилмади. 68-дақиқада Аммар Ғолиб чап қанотдан ҳужумга ўтиб, Владимир Назаров дарвозасини ишғол этди – 2:2. 

Бу эса якунда жамоаларнинг қўшимча бўлимларни ўтказишига олиб келди. Аммо қўшимча икки 15 дақиқалик таймларда ҳам ғолиб аниқланмагач, жамоалар пенальтилар сериясига таклиф этилди.

Лотореяда эса омад Ўзбекистонга кулиб боқди. Дарвозабон Владимир Назаров ироқлик футболчиларнинг битта зарбасини қайтарган бўлса, икки зарбани йўллашда эса рақиблар хатога йўл қўйишди ва якунда Ўзбекистон яримфиналга йўлланма олди – 3:2

Шу тариқа, Ўзбекистон финал йўлланмаси учун курашда Жанубий Корея ва Япония жуфтлиги ғолибига қарши ўйнайди. Баҳс 15 июнь куни «Бунёдкор» стадионида ўтади.

11 июнь (шанба)
Осиё кубоги U-23. Чоракфинал 
Ўзбекистон – Ироқ – 2:2 (1:1)
Пенальтилар серияси:
3:2
Тошкент, «Пахтакор» стадиони, 32 700 томошабин.
Голлар: Жасур Жалолиддинов 45+5 пенальтидан, Ҳуссайн Аммар 50 автогол – Рамазон Жума 19 пенальтидан, Аммар Ғолиб 68.
Ўзбекистон: 1.Абдувоҳид Неъматов (12.Владимир Назаров, 14), 3.Достон Турсунов, 5.Муҳаммадқодир Ҳамролиев, 7.Ҳожимат Эркинов (22.Алишер Одилов, 112), 9.Улуғбек Ҳошимов (20.Русланбек Жиянов, 62), 10.Жасур Жалолиддинов (14. Аббосбек Файзуллаев, 79), 13.Элдор Бегимов (2.Саидазамат Мирсаидов, 62), 17.Диёр Холматов, 18.Алибек Давронов, 19.Ҳусайн Норчаев (11.Отабек Жўрақўзиев, 112), 23.Абдурауф Бўриев.
Ироқ: 22.Ҳассан Ҳуссайн, 3.Аҳмад Ҳассан, 4.Ҳуссайн Аммар, 8.Момал Огали, 9.Рамазон Жума, 13.Али Мажид Ал-Рубайи, 14.Ғози Солиҳ, 15.Муҳаммад Гураибави, 16.Мунтаҳар Абдуламир, 19.Ҳасан Матрук, 20.Александер Араоха (11.Мунтаҳар Муҳаммад, 46).
Четлатиш: Абдувоҳид Неъматов, 12.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар