U23 Осиё Кубогининг гуруҳ босқич учрашувлари якунига етди.
Кеча, 9 июнь санасида 3-турнинг сўнгги ўйинлар ўтказилди. Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида Япония Тожикистон билан баҳс олиб борди.
Беллашув тўлиқлигича кунчиқар юрт вакиллари устунлигида ўтди. 11-дақиқада Курью Матсуки ҳисобни очди. 45-дақиқада Матсукининг ўзи пенальтидан фойдалана олмади ва тайм 1:0 ҳисоби билан якунланди.
56-дақиқада Кейн Сато ҳисобдаги фарқни иккитага етказди. Япония тўплар нисбатидаги устунлик билан гуруҳда Саудияни қувиб ўтиш мақсадида олдинга ташланди. Аммо 65-дақиқада Шунсуке Митонинг майдондан четлатилиши уларнинг режаларига катта таъсир кўрсатди. Аммо бир киши кам бўлса-да, японияликлар кўпроқ ҳужум ташкил қилишда давом этишди.
90+4-дақиқада иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушган Таика Накашима рақиб дарвозасига учинчи тўпни йўллаб, учрашувга нуқта қўйди.
Шу тариқа, гуруҳни 7 очко билан якунлаган японлар тўплар нисбати эвазига Саудия Арабистонидан ортда қолиб, 2-ўрин билан чоракфиналга чиқди. Ушбу босқичда уларга Жанубий Корея рақиблик қилади.
Тожикистон олимпия жамоаси эса турнирни бирорта гол ура олмай якунлади.
Қуйида ушбу баҳсдан фотогалереяни томоша қилишингиз мумкин.
Фоторепортаж муаллифи — Абдулбасит Валихонов